06.09.2021 15:16
4218
«Биринчи мақсад – гуруҳдан чиқиш». Дилшод Раҳматов ЖЧдаги рақиблар, Аргентина билан ўйин ва таркиб ҳақида

Футзал бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоси Дилшод Раҳматов FIFA.com сайти мухбирига интервью берди. Суҳбат давомида ўзбекистонлик футзалчи 12 сентябрь куни старт оладиган жаҳон чемпионати, пандемия ва бир қатор қизиқарли саволларга жавоб қайтарди.

- FIFA.com билан суҳбатлашишга рози бўлганингиз учун раҳмат. Футзал бўйича 2021 йилги жаҳон чемпионатига йўлланма олганингиз билан табриклаймиз. Жаҳон чемпионатига қайтиш ҳақида қандай фикрдасиз?
- Ассалом алайкум, барчага. Аввало, жаҳон чемпионати иштирокчиларига омад тилайман. Пандемия пайтида бу мусобақани ўтказилиши ҳам яхши албатта.
Саволга келадиган бўлсак, Ўзбекистон номидан 2-маротаба мундиалга келмоқдаман. Бу фаолиятимнинг чўққиси. Болалигимдан ЖЧда ўйнашни орзу қилардим. Илк марта 2016 йилда бу турнирда жамоам билан қатнашган бўлсам, буниси иккинчи маротаба бўлмоқда. Албатта, ватаним шарафини ҳимоя қилиш имкони берилганидан хурсандман.

- COVID-19 даврида жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш борасида қандай қийинчиликлар ва муаммоларга дуч келдингиз?
- Менимча, бошқа миллий жамоаларга қараганда кўпроқ меҳнат қилдик. Бизнинг асосий машғулотларимиз Баҳодир Аҳмедов бошчилигида Тошкентда ўтказилди. Пандемия асосан мусобақаларга таъсир ўтказди. Ўртоқлик учрашувларимиз қолдирилди. Кувайт ва Тайланддаги турнир кечиктирилди. Аммо жуда ҳам катта таъсир қилди, деб айтолмайман. Чунки биз амалдаги жаҳон чемпионлари — Аргентина билан, шунингдек Африка чемпиони Марокаш, бундан ташқари Осиё чемпиони Эрон билан ҳам икки марта ўртоқлик ўйинини ўтказдик. Менимча, бу тажрибалар бизга ЖЧ пайти асқотади.

- Ортга назар ташласак, сиз 2016 йилги футзал бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилдингиз ва 4та гол уриб, жамоангизнинг футзал бўйича жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишда ҳисса қўшдингиз. Айниқса, чоракфиналда Ироқ 3:0 ҳисобида мағлуб этилди. Бу юриш сиз ва жамоангиз учун қанчалик муҳим эди?
- 2016 йил фаолиятимдаги энг яхши йил бўлган. Бунгача Ўзбекистон ва Хитой чемпиони бўлганман, бироқ катта мусобақа — ЖЧда иштирок этиш бу катта натижа эди. Ҳал қилувчи ўйинда зал тўла одам эди, бундан ташқари бизни ТВ орқали бутун Ўзбекистон кўриб турганди. ЖЧ йўлланмасини шундай қўллаб-қувватлаш орқали қўлга киритганмиз. Бу жуда эсда қоларли бўлган.

Ироққа қарши баҳс ҳалигача эсимда. Жамоам 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган ўйинда 2та гол киритишга муваффақ бўлганман. Албатта, бу нарсалар ёқимли. Ўша дамларни ҳеч қачон унута олмасам керак.

Ўша ўйинлар биз учун жуда муҳим эди. Чунки биз унгача ҳали ЖЧда иштирок этмагандик. Футзал бўйича мундиал 1989 йилда ташкил этилган бўлса-да, ўша пайтлардан буён мундиалга чиқиш насиб қилмаган эди. 2012 йилги Осиё чемпионатида ҳам финалда азалий рақибимиз Эронга ютқазиб қўйганмиз. Хуллас, бизда катта босим бор эди. Чунки биз тарихда биринчи марта ЖЧга чиқишимиз мумкин эди. Бундай ғалабаларни эсдан чиқариб бўлмайди.

- Ўзбекистон футзал бўйича биринчи жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичидан чиқа олмаганди, лекин мезбон Колумбия билан 3:3 ҳисобида дуранг ўйнаган. Айтинг-чи, аввалги жаҳон чемпионати тажрибалари ҳақида нималарни эслайсиз? Сиз учун энг эсда қоларли лаҳза қайси эди?
- Колумбияда ўтказилган жаҳон чемпионатини кечагидек эслайман. Айтганимдек, бу тарихий воқеа эди. ЖЧда оддий жамоани ўзи бўлмас экан. Масалан, биз биринчи ўйинда сал кучсиздек кўринган рақибимиз — Панама термасига 3:1 ҳисобида ютқазиб қўйганмиз. Ўшанда биринчи ўйин бўлганлиги учун бизга тажриба етишмаган. Кейинги ўйинда мезбон Колумбия билан 3:3 ҳисобини қайд этганмиз. 3-ўйинда эса Португалияга 5:1 ҳисобида мағлуб бўлганмиз. Ўша ўйинда рақибларимиз сафидаги Рикардиньо барча нарсани ҳал қилганди, десам тўғри бўлади. Бизда тажриба етишмаган бўлса-да, рақибларимизга муносиб қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилганмиз.

- Жаҳон чемпионатида яна бир бор ўйнаш имконига эга бўлмоқдасиз. Шу ўринда нималарни ҳис қилмоқдасиз, ўз олдингизга қандай мақсадларни қўйдингиз? Ўзбекистон бу сафар кейинги босқичига чиқиб, янги ютуқларга эриша оладими?
- Айтганимдек, бундай йирик мусобақаларда иштирок этиш ҳар бир футболчи учун катта бахт. Ўтган сафарги таркибдан Рустам Умаров ва мен қолдим. Ҳар бир ўйинга жиддий қараб, боримни бераман. ЖЧда бор куч ва шижоатимизни сарфлаймиз.

- Ўзбекистон «B» гуруҳида Гватемала, Миср ва Россия билан жой олган. Гуруҳдаги рақибларингиз ҳақида қандай фикрдасиз ва бу гуруҳдан чиқиш имкониятингиз қандай?
- ЖЧда кучсиз жамоа бўлмайди. Учала рақибимиз уч хил жамоа. Гватамела биз учун янги жамоа, аввал улар билан ўйнаб кўрмаганмиз. Шундай бўлса-да, мураббийлар бизга уларнинг ўйинларини видеолар орқали кўрсатишди. Россияга келсак, улар билан аввал ўйнаганмиз, бизда керакли хулосалар бор. Миср билан эса Тайландда бўлган мусобақада тўқнаш келганмиз. Ўшанда уларни мағлуб қила олган бўлсак-да, барибир жаҳон чемпионатида вазият умуман бошқача бўлади.
Биринчи мақсадимиз – гуруҳдан чиқиш. Шу сабаб биз натижа учун максимал ҳаракат қиламиз.

- Ўзбекистонда футзал қандай ҳолатда? Мамлакатингизда бу спортнинг келажагини қандай тасаввур қилмоқдасиз?
- Бизда футзал ҳолати яхши, бироқ бундан ҳам яхши бўлиши мумкин. Масалан, аввалги мундиалдаги таркибимиздан фарқли равишда бу сафар сафимиз асосан ёшлардан ташкил топган. Бу дегани — бизда ёшлар етишиб чиқмоқда, ўсиш бўлмоқда. Бошқа давлатлар билан солиштирганда бизнинг футзал анча яхши ривожланмоқда.

- Пандемия ҳаётингиз ва ишингизга қанчалик таъсир кўрсатди? Жаҳон чемпионатига қандай тайёргарлик кўрмоқчисиз?
- Ўзбекистонда пандемия асосан ўтган йили қаттиқ бўлди, уйдан чиқмадик. Барча машғулотларни уйдан қилишга тўғри келди. Доимий равишда машғулотлар қилиб юрган одамларга уйда қолиб кетиш жиддий таъсир қилар экан. Лекин руҳан чўкиб қолмаслик учун барча керакли чораларни амалга оширдик. Худога шукур, вазият ҳозир яхши. ЖЧга чиққан кунимизданоқ ҳаракатни бошлаб юборганмиз. Ўтган сафарги мусобақада қилган хатоларни такрорламасликка интиламиз. Бор кучимизни шунга сарфлаймиз.

Бу мусобақага, айтганимдек, жиддий қарамоқдамиз. Аргентина, Венесуэла билан ўртоқлик ўйинлари, Таиланддаги мусобақа, шунингдек Испанияга қарши иккита ўртоқлик ўйинлари орқали ўйинимизни кучайтириб бормоқдамиз. Мақсадимиз жиддий.

- Ҳозирги мураббий Баҳодир Аҳмедов қўл остидаги таркиб ҳақида қандай фикрдасиз? Унинг бошқарувида жамоа қандай ўсишга эришди?
- Баҳодир ака Хосе Мария Мендес (аввалги мураббий) олдида кўп тажрибага эга бўлган. Унда тажриба ҳам етарли. Натижалар ҳам ҳаммасини айтиб турибди. Масалан, у 2014 йилдан бери миллий жамоада бўлса, ўша йилда Осиё чемпионатида 3-ўринни олдик, 2016 йилда 2-ўринни олдик. 2017 йили Ашхободда 2-ўринни қўлга киритдик.

10 йил аввалги ҳолат билан ҳозиргининг фарқи бор. Баҳодир ака ўзидаги шижоатни бизга етказа оляпти. Мураббий ва футзалчилар орасида яхши муносабат сақланган. Бу эса олдимизда турган мусобақада керакли натижага эриша олишимизга ўз таъсирини ўтказади деб ўйлайман, - дея Дилшод Раҳматовнинг сўзларини келтирган ЎФА матбуот хизмати.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар