Роналду «Юве»дан кетди. Унинг кейинги манзили ҳам ойдинлашмоқда

Кейинги йил ёзида эркин агентга айланиши мумкин бўлган Криштиану Роналду «Ювентус» раҳбариятига клубдан кетиш истагини билдирган. Уни Ҳарри Кейнни ололмаган «Манчестер Сити»да кутишмоқда.

Европада трансферлар ойнасининг сўнгги ҳафтаси ҳам қизғин кечмоқда. Криштиану Роналдунинг Туринни тарк этиши ва янги клубга ўтиши ҳал бўлган.

Фабрицио Романонинг ёзишича, португалиялик футболчи бугун 40 дақиқа клуб базасида бўлди ва жамоадошлари билан хайрлашди. Унинг ягона истаги — яқин соатларда жамоасини алмаштириш. 

Кетиш ҳақидаги хабарларнинг бошланиши
Ўтган ҳафтада, А Сериянинг биринчи турида ушбу ҳужумчи захира ўриндиғида қолдирилди, у иккинчи бўлимда майдонга тушди ва «Удинезе» дарвозасини ишғол ҳам қилди, аммо офсайд туфайли бу гол бекор қилинди.

Аввалига «Ювентус» раҳбариятидагилар футболчининг захирада қолдирилиши унинг кетиши билан боғлиқлиги ҳақидаги хабарларни қатъиян рад этишди.

«Йўқ жойдан сенсация ясаш керак эмас. Биз Криштиану билан келишган ҳолда шундай қарорга келгандик. Мавсум стартида унинг формаси юқори даражада эмас. Мураббий айни вақтдаги энг кучли таркибни ўйнатишни исташи табиий. Масалан, Жоржо Кьеллини ҳам бугун захирада қолди. Барчаси жойида. Мен тасдиқлайманки, Роналду қолади — бу юз фоизга аниқ», — деди «Ювентус» вице-президенти Павел Недвед DAZN нашрига берган интервьюсида.

«Роналду биз учун бонус, у кўплаб голларни кафолатлайди. Биз жамоа бўлиб ҳаракатланишимиз ва футболчилардан максимум фойдаланишимиз керак. Криштиану ҳамиша яхши шуғулланади. Мен ўйиндан олдин у билан гаплашдим ва унга захирада қолдириш қароримни тушунтирдим. Унга ўйнашга тайёр туришини айтдим — Роналду иккинчи бўлимда майдонга чиқди ва ажойиб ўйин кўрсатди. У бу мавсумда клубда қолишига ишончим комил», деди ўйиндан кейинги матбуот анжуманида клуб бош мураббийи Массимилиано Аллегри.

Лекин Аллегри билан португалиялик юлдузнинг муносабатлари яхши эмас, қолаверса, клуб раҳбарияти ушбу мутахассисни қайтариш учун унинг ислоҳотлар ўтказиш бўйича талабига рози бўлган, бу ўзгаришлар учун Роналдунинг трансферидан тушадиган маблағ ҳам асқатиши мумкин эди.

Ўша куниёқ Corriere dello Sport Роналдунинг агенти Жорже Мендеш ўз мижозининг хизматларини «Манчестер Сити»га таклиф этгани ҳақида хабар берди. Кейинроқ L’Equipe 36 ёшли футболчи Хосеп Гвардиола бошқарувидаги жамоага ўтиш имкониятларини кўриб чиқаётганини маълум қилди. У «шаҳарликлар»нинг бир неча футболчиси билан гаплашиб (Португалия термаси аъзолари Бернарду Сильва, Рубен Диаш ва Жоау Канселу айнан шу ерда), клубдаги вазиятни муҳокама қилган.

Журналист Жанлука Ди Марцио бу трансфер амалга ошиши қийинлиги, «Манчестер Сити» кейинги ёзда эркин агент сифатида олиш мумкин бўлган футболчи трансфери учун пул тўламоқчи эмаслиги ҳақида ёзди. «Шаҳарликлар» яқинда Жек Грилишни Англия учун рекорд нархга сотиб олган ва Ҳарри Кейннинг трансферидан ҳали умид узишмаганди. Қолаверса, Роналдуни Гвардиоланинг схемасида тасаввур қилиш ҳам қийин эди.

Бошқа журналист Симоне Ровера эса Криштиану айнан «Манчестер Сити»га ўтишни истаётгани ҳақида ёзди. Бу манба футболчи бу трансферни нафақат «шаҳарликлар» футболчилари билан, балки «Ювентус» футболчилари билан ҳам муҳокама қилганини билдирди.

Мендеш ва «Юве» ўртасидаги учрашувгача бўлган вазият
Чоршанба куни Криштианунинг агенти Жорже Мендеш хусусий самолётида Туринга учди. У дастлаб мижози билан, кейин клуб вакиллари билан учрашди - бу учрашувда Недведдан ташқари бош директор Маурицио Арривабене ва спорт йўналиши раҳбари Федерико Керубини ҳам бўлган. 

• Криштиануга асосий даъвогар – «Манчестер Сити». Гвардиола Ҳарри Кейнни қўлга киритиш орзуси билан хайрлашишга мажбур бўлди ва унинг ихтиёрида биргина форвард – Габи Жезус қолди. Шу туфайли Пеп ва шайхлар захира режасини ишга тушириб, бошқа форвард излай бошлашди – худди шу вақтда бозорда Криштиану варианти пайдо бўлди. Фақат бир жиҳати бор, Роналду Кейн типидаги марказий форвард эмас, аммо, суперюлдуз экспериментларга рози бўлиши мумкин.

• La Gazzetta dello Sport Криштиану аввалбошдан «Ман Сити» вариантини мўлжал қилганини айтди, аммо трансфер тўлови масаласини ҳам ҳал қилиш керак. «Ювентус» Роналду учун 25 млн евро сўраган, «Сити» эса юлдузли футболчини пул тўламасдан қўлга киритишни истамоқда (ҳозирча, қандай схема орқали экани номаълум). Шундай даврлар келдики, Роналду учун 25 млн евро тўлашга ҳам оғринишмоқда.

• Роналду ва «Сити» ўртасидаги дастлабки музокаралар силлиқ кечган. Sky Sports Italia инглизлар клуби португалиялик футболчига 2023 йилга қадар амалда бўлувчи шартнома ва йилига 15 млн евро миқдоридаги маош таклиф қилишган – бу Роналду «Юве»да олганидан икки баробар кам. As маълумотига кўра, Роналду розилик билдирган. 

• Роналдуни «Сити» футболчиларидан бирига алмаштириш варианти ҳам кўриб чиқилган, аммо бу ерда мураккаблик бор. Вариантлардан бири – Габи Жезус бўлган, туринликлар уни олишни исташган, аммо Пеп бразилиялик ҳужумчини Криштиану бўйича трансферга қўшишни истамаган.

Бу вақтда «Сити»да бошқа жараён ҳам кетмоқда: клуб Раҳим Стерлингни «Барселона»га сотиш ҳақида ўйламоқда. La Gazzetta dello Sport маълумотига кўра, катта эҳтимол билан, бу келишув доирасида Коутиньо ва (ёки) Дембеле ҳам Англияга ўтиши мумкин, шундай ҳолатда инглизларда Роналдунинг трансферини пул тўлаб амалга ошириш имконияти юзага келади. Аммо бу инсайд у қадар мантиқий кўринмаяпти. Италия матбуоти инглиз клубининг ишлари ҳақида ёзганида, бу маълумотнинг учдан бири ҳам ҳақиқат бўлиб чиқмаслиги мумкин. 

• «Манчестер Сити» – Криштиану учун ягона вариант бўлмаган. Бу вақтда «ПСЖ» варианти ҳам кенг муҳокама қилинди, Мессини эркин агент сифатида қўшиб олган парижликлар уни Роналду билан бир жамоада ўйнатишга қодирлигини айтишди, Роналдунинг трансфери ҳақидаги миш-мишларни «ПСЖ» хўжайинининг укаси Тамим ибн Ҳамад Ас-Соний ҳам болалатди – у Месси ва Криш парижликлар формасида акс этган суратни саҳифасига жойлади ва «Бўлиши мумкинми?» дея илова қилди.

Кечга яқин италиялик журналист Ромео Агрести («Юве»даги вазиятни ёритиб боришга ихтисослашган) Жорже Мендеш Парижга учгани ҳақида хабар берди. Аммо Париж клуби президенти бу хабарларга раддия бериб, бу вариант кўриб чиқилмаётганини маълум қилди.

Назарий жиҳатдан «Реал»га қайтиш варианти ҳам бор эди, аммо Marca ва As Флорентино Переснинг мақсади – Килиан Мбаппе эканини қатъий қилиб ёзишди.

Мендешнинг «Юве» билан учрашувидан кейинги вазият
Агент Туринда 18 соатдан ортиқроқ вақт ўтказди. Пайшанба куни тушга яқин у барча учрашувларни якунлади ва шаҳарни тарк этди, энди унинг зиммасида мижозининг «Юве»дан кетиш бўйича сўровини бажариш вазифаси бор эди.

• «Юве» футболчини 25 млн еврога қўйиб юборишга розилик билдирган, аммо фақат бир шарт билан: пайшанба куни кечқурунгача харидор топиш керак. Туринликларга янги ҳужумчи топиш учун вақт керак бўларди. Яъни Мендешнинг вазифаси 25 млн евро топиш. 

• Афтидан, у буни уддалаган – «Сити» бу суммани тўлашга тайёр. Тўғри, трансфер ва Роналдунинг маошини ҳал қилиш керак, бунинг учун эса манчестерликлар кўп маош олувчи юлдузларидан бирортаси билан хайрлашиши керак – кўп эҳтимол билан бу ўтган мавсум захира ўриндиғида қолиб кетган Стерлинг бўлади.

• Роналду қатъий қарор қилган: у пайшанба кунги машғулотларда иштирок этди, аммо барчадан эрта кетди, кечқурун кийим алмаштириш хонасидаги шкафини бўшатиб қўйди. Жума куни эса клуб базасида жамоадошлари билан хайрлашди.

• «Ювентус» Роналдунинг ўрнига, катта эҳтимол билан Мойзе Кинни «Эвертон»дан қайтаради.

• «Ювентус» бош мураббийи Массимилиано Аллегри бугунги матбуот анжуманида Роналду билан кеча гаплашгани, у бундан кейин клубда ўйнамоқчи эмаслиги, уч йиллик фаолиятидан кейин клубни тарк этишини айтгани ҳақида маълум қилди.

Яқин соатлар ичида барчаси ҳал бўлиши мумкин.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар