27.08.2021 19:06
28776
Роналду Туриндан учиб кетди. У Манчестерга қайтмоқда

Португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналду «Ювентус»ни тарк этди. Ижтимоий тармоқда у хусусий самолётда Туриндаги аэропортдан учиб кетгани акс этган видео тарқалди.

Футболчи ўз агенти Жорже Мендеш билан ўз келажагини муҳокама қилмоқда. Шу вақтгача унинг кейинги жамоаси «Манчестер Сити» бўлиши ҳақида айтилаётганди. Энди Манчестернинг иккинчи жамоаси Роналдуни қайтариш пайига тушган. Яқин соатлар ичида унинг кейинги жамоаси номи маълум бўлади. 

Аллегри тасдиқлади

«Ювентус» бош мураббийи Массимилиано Аллегри Роналдунинг клубни тарк этиш ҳақидаги қарори юзасидан муносабат билдирди.

«Кеча Криштиану Роналду менга ортиқ «Ювентус»да ўйнамоқчи эмаслигини айтди. Шу туфайли у эртанги ўйинга чақирилмади. Ундан хафа эмасман. У кетишни истади, бу унинг танлови. У ўзига янги клуб изламоқда, «Юве»даги уч йиллик фаолияти учун унга миннатдорчилик билдиришимиз керак. Ҳаёт шундай», деган Аллегри.

Португалиялик футболчи «Ювентус»га 2018 йилда «Реал»дан келганди. У клуб сафида икки бор А Серияда ғолиб чиқди, икки марта Италия Суперкубогини қўлга киритди, шунингдек, Италия Кубоги соҳибига айланди.

Гвардиола ҳали ҳеч нарса ҳал бўлмаганини айтди

«Манчестер Сити» устози Пеп Гвардиола Роналду унинг клубига келиши ҳақидаги хабарлар юзасидан изоҳ берди.

«Криштиану қаерда ўйнашни ўзи ҳал қиладиган кам сонли футболчилардан, буни на мен ва на «Манчестер Сити» ҳал қилади.

Роналду ва Месси ақл бовар қилмас футболчилар. Улар сўнгги 20-30 йилликнинг энг зўр футболчилари», деди у.

Бунгача Роналду «Ман Сити»га келиши, инглизлар клуби унга 2 йиллик шартнома таклиф этиши, «Ювентус» ушбу трансфердан 25-30 млн евро ишлаб олиши ҳақида хабарлар берилганди.

Оле собиқ жамоадошини ҳамкорликка чорлади

«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Оле-Гуннар Сульшер Криштиану Роналдунинг келажаги борасидаги вазиятга аралашди.

«Биз ҳамиша яқин мулоқотда бўлиб келганмиз. Бруну Фернандеш ҳам у билан гаплашиб туради. Роналду биз унга яқин эканимизни ҳис қилади. Агар у «Ювентус»дан кетаётган бўлса, билсинки, биз шу ердамиз.

Криштиану - клубимиз афсонаси. Фикримча, у «Манчестер Юнайтед»да ўйнаган тарихдаги энг зўр футболчи. Омадим келиб у билан бирга тўп сурганман. Мен уни шуғуллантирганман ҳам. Кўрамиз, нима бўларкин», деди норвегиялик мутахассис.

Сулшер 1996-2007 йилларда «МЮ»да тўп сурган, 2003-2009 йилларда шу клуб аъзоси бўлган Роналду билан бирга тўрт мавсум ўйнаганди.

«МЮ» курашда

Кўп ўтмай ОАВда португалиялик юлдуз собиқ жамоасига қайтиши ҳақида хабар тарқалди.

Журналист Фабрицио Романо агент Жорже Мендеш бир неча кундан бери мижозининг «Манчестер Сити»га ўтиши бўйича музокара олиб боргани, аммо трансфер бўйича келишувга эришилмагани ҳақида ёзди.

«Шаҳарликлар» шу вақтгача «Ювентус»га расмий таклиф юборишмади, аввалроқ клуб ва футболчи ўзаро шартнома тузилгани ҳақида тарқалган хабарлар тасдиқланмади.

Маълум қилинишича, пайшанба куни кечқурун Мендеш «Манчестер Юнайтед» билан ҳам музокарага киришган. 

«Сити» курашдан чиқди, «МЮ» улоқни илиб кетди

Бу вақтда Роналду «Манчестер Сити»га ўтмаслиги маълум бўлиб улгурди.

Инсайдер Фабрицио Романо ва бошқа манбалар «шаҳарликлар» ушбу 36 ёшли футболчининг трансфери бўйича музокаралардан чиққани ҳақида хабар тарқатишди.

Романонинг ёзишича, Роналду унга «МЮ»га қайтмоқчилигини айтган. «Қизил иблислар» собиқ футболчисига икки йиллик шартнома таклиф этаётгани маълум қилинган.

Журналист Марк Огденнинг ёзишича, бугун тонгда собиқ жамоадошлари билан олиб борилган ёзишмалар ҳам Роналдунинг қарорига таъсир кўрсатган.

MEN нашрининг ёзишича, «МЮ»нинг афсонавий устози Сир Алекс Фергюсон ҳам вазиятга аралашиб, шогирдини яна шу клуб учун ўйнашга кўндирган. Манбанинг қўшимча қилишича, Роналду «МЮ»да ҳафтасига 270 минг фунт миқдорида маош олади, агентларнинг гонорарлари миқдори бўйича ҳам келишувга эришилган.

Ниҳоят энг ишончли инсайдерлардан бири Жанлука Ди Марцио ҳам Роналду тез орада «МЮ»га қайтишини билдирди.

Mirror манбаси хабарига кўра, «МЮ» Роналду учун «Ювентус»га 30 миллион евро таклиф қилган, аммо туринликлар трансфер доирасида Поль Погбани олишни истамоқда. Италиялик журналист Руди Галеттининг ёзишича, туринликлар франциялик футболчини қайтариш учун Роналдуга қўшиб 30 миллион евро тўлашга ҳам тайёр.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар