26.08.2021 14:51
7108
Иброҳимхалил Йўлдошев — «Нижний Новгород»га ўтиши, «Женоа»дан бўлган таклиф, янги жамоасидаги позицияси ҳақида

«Пахтакор»дан «Нижний Новгород»га ўтган ўзбекистонлик ҳимоячи Иброҳимхалил Йўлдошев янги жамоасига интервью берди. 

— Иброҳимҳалил, сизни Нижний Новгородда кўриб турганимиздан хурсандмиз! Ўзбекистон чемпионатида қандай муваффақиятларга эришгансиз?

— «Пахтакор» академиясини тугатганман. Жамоа билан 2019 йилда Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритдим. 2020 йилги мавсумда «Бунёдкор»да ижарада ўйнаб, сўнг яна «Пахтакор»га қайтдим.

— Қачондан мамлакат миллий жамоасига таклиф қилишди?

— 2020 йилдан. Ўртоқлик ва расмий ўйинларда ҳам қатнашдим. Яқинда Ўзбекистон миллий жамоасини словениялик машҳур мураббий Сречко Катанец қабул қилиб олди. У мени 5 сентябрда Стокҳольмда бўлиб ўтадиган Швеция - Ўзбекистон ўртоқлик ўйинига чақирди.

— Қай тариқа «Нижний Новгород»га қўшилдингиз?

— Менда кўплаб таклифлар бор эди. Ҳамюртим Элдор Шомуродов ўйнаган Италиянинг «Женоа» клубига ўтишга яқин эдим. Айнан Шома ўз кучимни РПЛда синаб кўришни маслаҳат берди. Prosports Management агентлари билан маслаҳатлашув ва «Нижний Новгород» бош мураббийи Александр Кержаков билан суҳбатдан кейин ўзим учун юз фоизлик қарор қабул қилдим: Нижнийда ўйнайман!

— Янги жамоа билан машғулотларни бошлашга улгурдингизми?

— Ҳа, машғулотлар ёқди. Йигитларнинг барчаси ажойиб, улар мени яхши қабул қилишди.

— Қайси позицияда ҳаракат қиласиз?

— Чап қанот ҳимоячисиман. Лекин «Нижний Новгород» мени бутун қанотни ёпадиган латерал сифатида таклиф қилди.

— «Нижний»да қайси рақамни олдингиз?

— Ёшлигимдан 6-рақам остида тўп тепаман. «Нижний Новгород»да ҳам буни ўзгартирмадим. Рақамим омад олиб келсин!

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар