21.08.2021 17:41
7438
Интиҳонинг ибтидоси. Лукакунинг қайтиши ҳақида

Англияда ушбу мавсумда мен учун энг қизиқ бўлган мавзулардан бири – Ромелу Лукаку. Бир пайтлар уни камтарроқ нархга сотиб юборган «Челси» салкам рекорд нархга – 97 миллион фунтга қайтариб олди. Хўш?

Табиийки, Ромелу жуда иқтидорли футболчи, айни пайтда жаҳонда энг яхши беш «тўққизлик»дан бири. Табиийки, АПЛда шаклланган футболчи учун яна у ерда ўйнаш муаммо туғдирмайди, маълум миқдорда голларини уради, унинг майдонда йўқолиб қолишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Лекин у «Челси»ни айнан тўқсон етти миллион фунтлик даражада кучайтира оладими?

Ҳамма гап Томас Тухелнинг ўйин услубида, билмадим, мен ҳеч қачон Лукакуни айнан «тухелбоп» футболчи демаган бўлардим. Конте учун ҳа, италиялик мураббийнинг ўйин услуби ҳам, схемаси ҳам айнан Лукаку деган футболчининг устунлиги-ю камчиликлари устига қурилгандек. Бекорга «Челси»да ҳам, кейин «Интер»да ҳам Конте айнан Лукакудан бошқасини истамаслигини айтиб келмаган. Бироз пала-партиш, лекин тезкор, ўтиш фазаларига урғу бериладиган, очиқ зоналар пайдо қилиш бутун жамоанинг мақсади бўладиган Конте футболида бельгиялик ҳужумчи «сувга тушган балиқдек бўлиб қолиши» сир эмас энди. Аммо Тухел бироз академик, статист мураббий, унинг учун футбол Контедан фарқли равишда кураш эмас, ўйин. Урғу ҳам худди бошқа замонавий немис мураббийлари (Клоппдан бошқа) сингари, тўпни, ўйинни, зоналарни режали, кўрсатмаларга риоя қилган ҳолда назорат қилишга берилади. «Сен бу ерда турасан, сен мана бу ерни тўлдирасан, фалонта узатишдан кейин, тўп сенга етиб келади, шу пайтда мана бу ишни қиласан» – бу шароитда Лукакуни тасаввур қила оласизми? Мен, йўқ.

Албатта, Тухелдан ақлли эмасмиз, тўғрими, биз ўйлаган тўғри ёки нотўғри нарсалар унинг ҳам хаёлидан кечиши шубҳасиз. Ахир у ҳолда нега мураббий Лукаку учун мана шунча миллион фунт сарфлашга рози бўлади? Ахир бундай трансферлар юз фоизлик ишонч билан амалга оширилмайдими? Менимча, йўқ.

Келинг, бироз тасаввур қиламиз. Мана, «Челси» февралда мураббий алмашгандан сўнг, Англияда энг яхши футболни намойиш қилди, Чемпионлар Лигасини ютди, яъни Европада ҳам энг яхши жамоа бўлди. Табиий равишда, янги мавсумда лондонликлар барча турнирларда асосий фаворитлардан бири бўлиши керак. Энди савол туғилади, мана шундай топ ўлчамларга ўтсак, жамоанинг трансфер ёрдамида ҳал қилиши лозим бўлган асосий муаммоси нима эди?

Дарвозабон ҳал, ҳимояда беш нафар марказий ҳимоячидан ташқари, ҳар икки қанотда тенг кучли иккитадан ҳимоячи бор, марказ ҳам, ҳужумкор вингерлар ҳам етарли. «Челси»га етишмаган ягона мурват мунтазам голлар уриши керак бўлган, яъни айнан голларга жавоб берадиган ҳужумчининг йўқлиги эди. Ҳавертц ҳам, Зиёш ёки Пулишич ҳам одатда анча сермаҳсул футболчи бўлишса-да, ҳеч қачон бунга жавобгар бўлишмаган, бошқача сўз билан айтганда, ҳеч ким уларнинг нечта ўйиндан бери гол урмаётганини ҳисобламаган ҳеч қачон. Абраҳам, барибир, бу босимда ўйнай олмади, Вернерга ҳам нимадир бўлди – ҳужумчи шарт.

Айнан топ ҳужумчи, чунки Морено, Йович ёки Жеко каби опциялар юлдузли ва бироз худбин яримҳимоячилар гуруҳида «таржетмен» бўла олишмаса керак. Афсуски, бугунги кунда футболда, айниқса трансфер бозоридаги соф ҳужумчилар бармоқ билан саноқли – Бензема, Левандовски, Ҳоланд, Лукаку, Кейн...

Номзодларни мана шундай саралаб олганимизда, мантиқни тушунишимиз осонроқ кечади. «Челси» аввал Ҳоландни сотиб олмоқчи бўлди. У ва Кейн деярли савдода бўлса-да, музокаралар жуда қийин ва кўпроқ пул кетиши аниқ эди. Левандовски ва Бенземани қизиқтириш янада қийинроқ, клублар билан келишган тақдирда ҳам, уларни Лондонга кўчиб ўтишга кўндириш яна бир масала. Бир қараганда, Лукакудан бошқа вариант қолмаяпти – ўз вақтида «Челси»да улғайган, Италияда ютадиганини ютиб бўлган футболчи ва худди шу кайфиятда юлдузларини сотишга бел боғлаган клуб. Пулини тўла ва ол!

«Челси»да трансферлар ўзига хос тарзда ҳал қилинади, у ерда катта спорт бўлимидан ташқари, Абрамович бор, Грановская бор, балким бир йил ўтмай ҳам кетиб қолиши мумкин бўлган мураббийга ишониб, бозордаги топ-ҳужумчини сотиб олиш имкониятини кечиктириб ўтиришмайди. Бир йил ўтиб Лукакуни сотиб олиш мумкин бўладими, йўқми, номаълум. Нега олмаслик керак?

Энди Тухел бўлиб кўрамиз. Биласизми, агар Вернер яна бир йилда «Лейпциг»да юрганида, мана шу ёзда Тухел ўзига голеадор ҳужумчи сифатида айнан унинг трансферини талаб қилган бўларди, бунга аминман. Зеро, ўйин услуби, позицияси, кўп жиҳатдан у айнан Тухелга мос келади, ҳамда Бундеслигада у мунтазам гол уриб турарди. Ўша характеристка билан Вернер «Челси»га етишмаётган мурватдек туюларди, менимча. Лекин Тимо аллақачон Лондонда ва энди ундан кўп гол кутишмаяпти ҳам.

«Челси» спорт бўлими олдимизга кирди ва:

«Жаноб, жамоага тўпурар етишмаяпти, агар бу масала ҳам ҳал қилинса, барчаси тўлиқ ўрнига тушади. Шунинг учун Лукакуни сотиб олишга нима дейсиз, бизга бегона эмас, келишиш ҳам осон, пул ҳам бор, ҳаммаси жуда тез ва осон ҳал бўлади».

Албатта, эртага, «айтувдимку, Лукаку услубимга унчалик мос тушмайди» деб мабодо қачондир оқлаш учун Тухел қанақадир жавоб ҳам бергандир, лекин умумий олганда, нега энди мураббий ўз жамоаси учун қўшимча опциядан воз кечиши керак? Пул ундан кетмаяпти, Лукакунинг жамоага фойдаси тегса тегадики, зарарсиз, етарлича голлар ҳам уради, керак бўлганда босим қилиш, ўйинни анча соддалаштириб ҳам натижага эришиш имконияти ҳам бўлади. Ким бунга эътироз қилиши мумкин, тўғрими?

Ҳамма ҳам Гвардиола эмас. Гвардиола бўла олмайди, аниқроғи. Шу ўринда яна бир парадокс ҳолат, қаранг, «Манчестер Сити» Кейн учун 150 миллион евро пулдан воз кечишга тайёр, лекин агар бу трансфер амалга ошмаса, клуб бошқа вариант изламайди. Тасаввур қиляпсизми, аслида тўлдириш шарт бўлмаган позиция учун 150 миллион евро сарфланмоқда гўё. Нега масалан, агар Кейн келмаса, ўрнига бундайроқ ҳужумчини сотиб олиш керак эмас?

Гап шундаки, Пеп маълум бир «скилл» (қобилият) учун футболчи сотиб олмайди. Унинг жамоасида фақат бош билан яхши ўйнайдиган, фақат ҳимоялана оладиган, фақат яхши прессинг қиладиган тор функцияли футболчилар бўлмаган, бўлмайди. Айниқса, «Бавария» ва «Сити»да. Унинг шогирдлари барчасини маълум даражадан юқори сифатда амалга ошириши шарт. Шунинг учун ҳам, унга ё топ ҳужумчи керак ёки ҳеч ким. Кейн келмаса, Грилиш, Стерлинг ёки Де Брюйнени ҳужумда ўйнатиб юрадики, шунчаки, «тўққизлик» сотиб олмайди.

Тухел ҳам ғоявий томондан ўхшаб кетади, лекин унинг «Челси»даги ўрни, умуман, «Челси»даги бошқарув тизими бироз фарқли, унда Лукакудан воз кечадиган даражада мустаҳкам позиция ҳали йўқ. Эртага, худди ўтган йилги каби тўпурар футболчи етишмай қолганда, жавобгар бўлишни истамайди.

Демак, сенинг жамоангни ранг-баранг қилиши мумкин бўлган топ ҳужумчини олиб беришса, бунинг учун сен ҳеч қандай босим ҳис қилмасанг, аксинча, уни рад қилиш сенга қўшимча босим ва муаммолар туғдириши мумкин бўлган ҳолатдасан, албатта, рад этиш қийин.

Лукаку зўр ҳужумчи, «Челси»ни кучайтиради, бир нечта голлари билан чемпионлик пойгасида жамоа имкониятини оширади, бир қатор ўйинларда балким бир ўзи натижа ҳам олиб беради, қўшиламан, аммо у билан «Челси» структуравий даражада бир бош баланд бўлиб қолмайди. «Челси»нинг мавжуд жамоавий «скилли» Лукаку билан бир бир поғона юқориламайди, шунчаки, Лукаку қўшимча куч бўлиши мумкин, холос.

Унинг Манчестерни тарк этгани ҳам қайсидир маънода, шу йўналишдаги мулоҳазалардан келиб чиққанди. Сульшер ўзи орзу қилган услубда ягона «таржетмен»ни кўрмайди, у учун энг идеал жамоада 3-4 ҳужумчи ўрин алмашган ҳолда рақиб дарвозасига хавф солади. Шунинг учун у доим мана шу услуб учун мос бўлган Рэшфорд, Марсиял, Гринвудга ортиқча ишонади, Санчони йиллаб кутади. Шунинг учун у Лукакудан осонгина воз кечган, шунинг учун у икки йил олдин Ҳоландни асосий мақсадга айлантирмаган.

Сульшер ўз идеал футболини қачондир Гринвуднинг улғайиши ёки Марсиялнинг формага қайтиши билан боғлаганидек, ҳақиқий Тухел жамоаси Ҳавертцнинг адаптацияси, Маунтнинг ўсиши, Вернернинг ниҳоят ўзига ишона бошлаши билан кучайиб бориши керак аслида, Лукакунинг трансфери билан эмас. Агар фикримизни давом эттирсак, структуравий жиҳатдан Ромелу халақит бериши ҳам мумкиндек...

Бу нима дегани?

Тухел Лондонда яна неча йил ишлашидан қатъи назар, унинг келажакдаги «Челси»си ҳозиргидан кучли бўладими ёки йўқми, билмадим-у, тўлиқ Тухелнинг «Челси»си тарихда қолди.

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар