15.08.2021 08:52
1252
Ўзбекистон футзал миллий жамоаси: жаҳон чемпионатига тайёргарлик, мураббий ва ўйинчиларнинг фикрлари

12 сентябрдан 3 октябргача Литвада футзал бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон миллий жамоаси ҳам иштирок этади.

Жамоа Тошкентдаги йиғинни якунлаб, хорижий йиғинга учиб кетди. Сўнгги тайёргарлик Испания ва Португалияда бўлиб ўтади. У ерда мезбонлар, Аргентина, Коста-Рика ва Ангола билан ўртоқлик баҳслари ўтказилади.

Tribuna.uz миллий жамоанинг Тошкентдаги сўнгги машғулотига борди ва мураббий ҳамда ўйинчиларнинг мундиал олдидан фикрлари билан қизиқди.

Бош мураббий Баҳодир Аҳмедов тайёргарликдан қониқаётганини айтди: «Тайёргарлик жуда яхши кетмоқда. Таиланддаги халқаро турнир (3-ўрин эгалланди) фойдали бўлди. Жамоанинг заиф томонларини билиб олдик.

Таиланддаги турнирда ЖЧдаги рақибимиз Мисрни (4:0) мағлуб этганимизга ишониб қолмаслигимиз керак. Ўша ўйинда аслида кўплаб хатоларга йўл қўйдик. Мундиалда умуман бошқача ўйин бўлади.

Испания ва Португалияда кучли жамоалар билан ўртоқлик баҳслари ўтказамиз. Юқори даражали жамоалар билан ўйнаётганимиз хурсанд қилади. Бунинг учун ЎФАга раҳмат».

Мураббий Нодир Элибоев гуруҳдаги рақиблар ҳақида фикр билдирди: «Биринчи ўйин қийин бўлади. Ўтган ЖЧда Панама (1:3) жисмоний устунлик эвазига бизни мағлуб этганди. Гватемала ҳам шундай рақиблардан. Лекин ўз ўйинимизни намойиш эта олсак, ғалаба қозона оламиз. Россия — нафақат гуруҳ, балки мусобақа фаворити. Миср билан бу сафар умуман бошқача ўйин бўлади. Агар ўртоқлик баҳсида Ўзбекистон ютқазганида ҳам, шу гапни айтган бўлардим.

Испаниялик мураббийлар келгач, жисмоний жиҳатдан ўсишга эриша олдик. Уларни шу сабабли таклиф қилгандик. Мақсадимиз — турнирга «пик» формада етиб бориш.

Мендес уйнинг пойдеворини қуриб кетган. Биз эса давом эттиряпмиз. Унинг услубини сақлаб қолганмиз, лекин ўзгаришлар ҳам бор. Бусиз иложи йўқ. Чунки бутун дунёда футзал ўзгаряпти».

Дарвозабонлар мураббийи Карлос Корона шогирдларининг тайёргарлигига тўхталиб ўтди: «Бизда 3 нафар дарвозабон бор. Бу бизга хилма-хиллик беради. Бундан жуда ҳам хурсандман. Рустам — жуда яхши дарвозабон, тажрибаси катта. Халқаро мусобақалар ва сўнгги жаҳон чемпионатида ўйнаган. Аббос Элмуродовда ҳам Рустамда мавжуд ҳамма нарса бор: тажриба, ўйинни назорат қилиш, оғир вазиятларда асабийлашиб кетмайди. Яхши сакрайди, оёқ билан яхши ўйнай олади. У — ҳужумда ҳам ўйнай оладиган дарвозабон.

ЖЧда Рустам асосий дарвозабон бўладими ёки йўқ — бу бош мураббийнинг муаммоси. Лекин Баҳодир дарвозабонларнинг якуний ҳолати қандайлиги борасида мени эшитади. Менинг ишим — учала дарвозабонни ҳам энг яхши ҳолатда тайёрлаш».

Рустам Умаров испаниялик дарвозабонлар мураббийи ва ҳозирча фаолиятини якунлаш тўғрисида ўйламаётгани ҳақида гапирди: «Испаниялик мураббий билан 4 йил аввал ҳам ишлаганмиз. Яхши танишмиз. Сифатли машғулотлар ўтказади. Ундан кўп нарсаларни ўрганганман. Унинг қайтиши фойдамизга хизмат қилмоқда.

Ҳозирча фаолиятимни якунламоқчи эмасман. Жисмоний жиҳатдан кучим етгунча, ўйнашда давом этаман».

Етакчи ўйинчилардан бири Дилшод Раҳматов жамоа ўтган ЖЧдагидан яхшироқ натижа қайд этиб, камида гуруҳдан чиқишни мақсад қилганини таъкидлади: «Бу сафар гуруҳдан чиқиб, натижани яхшилаш ниятидамиз. Тажрибали ўйинчилар ёшларга руҳий жиҳатдан ёрдамлашиб турибмиз. Бир-биримизнинг камчиликларимизни тўлдириб боряпмиз.

2016 йилги йигитларнинг ҳам, ҳозирги жамоанинг ҳам ўзига хос устунликлари бор. Футзал анча ривожланди.

Легионерларимиз камлиги пандемия билан боғлиқ. Кўп йигитларга қизиқиш бор, лекин карантин туфайли кўп давлатларда футзал тез-тез тўхтатилиб турибди. Мундиалда ўзини кўрсатиш орқали легионерга айланиш мумкин. Бунга ўзбек футзалчиларининг кучи етади».

Ўзбекистоннинг ўтган мавсумдаги энг яхши футзалчиси Акбар Усмоновнинг фикрича, миллий жамоа аъзолари босқичма-босқич тарзда ўсишга эришишди: «Чемпионат яқинлашгани сари формага кириб боряпмиз. Бунда испаниялик мураббийларнинг ҳам хизматлари катта.

Аввало, миллий жамоа шаъни учун ҳаракат қиламиз. Шу билан бирга ЖЧдаги дебютимда индивидуал томондан ютуқларга эришиб, легионерга айланишни ҳам мақсад қилганман».

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси ўз тарихида иккинчи марта жаҳон чемпионатида қатнашади. Дебют 2016 йили Колумбиядаги мундиалга тўғри келган ва жамоа гуруҳда 3 ўйинда (Панама 1:3, Колумбия 3:3, Португалия 1:5) 1 очко тўплаган.

Аъзамжон Иззатиллаев, Tribuna.uz мухбири.

Тасвирчи ва монтаж устаси — Маҳмуд Солиев.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар