Президент Улуғбек Рашидов ва Баҳодир Жалолов иштирокидаги финалларни қандай кузатганини сўзлаб берди

Давлат раҳбари Улуғбек Рашидов ва Баҳодир Жалолов иштирокидаги финал жангларини бевосита кузатгани, Акбар Жўраевнинг олтин олгани ҳақида эса йиғилиш вақтида хабар топгани тўғрисида гапириб берди.

13 август куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида XXXII ёзги олимпиада ўйинлари иштирокчи ва ғолиблари, уларнинг ота-оналари ҳамда мураббийларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда давлат раҳбари олимпия ўйинларида ғолиб бўлган спортчиларнинг иштирокини қандай кузатгани ҳақида гапириб берди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

“Тўғриси, Улуғбекнинг (Улуғбек Рашидовнинг – таҳр.) жангида охирги раундни кўролмадим ҳам. Ютқазиб қўйишидан хавотирландим. Баҳодирнинг жангида ҳам шундай бўлди. Биринчи раунддан кейин Баҳодир ютқазаётганди, тўғриси, кейинги раундларни кўролмадим. Лекин унга ишондим.

Финал жангидан бир кун олдин Баҳодирга телефон қилмоқчи бўлдим. Телефон қилиб, унга айтмоқчи эдимки: “Баҳодир, сенинг зарбангни қабул қилган спортчи ҳеч қачон эсдан чиқармайди, унутолмайди”. Худога шукр, барибир Баҳодир ютди”, – деди президент.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Токио олимпиадасида олтин медалга сазовор бўлган яна бир ўзбекистонлик спортчи Акбар Жўраев ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

“Спортда ҳали камчилик, нуқсонларимиз жуда кўп. Мен уларни тўғрилаш бўйича топшириқлар бердим.

Акбар Жўраев олтин медаль олганда йиғилиш ўтказаётгандим, кўрдиларинг. Менга олтин олганимиз ҳақида кичик маълумот олиб келишди. Жуда хурсанд бўлиб кетдим, йиғилиш ҳам тўхтаб қолди.

Мен спортда йўл қўйилган камчиликлар учун вазирлар, ҳокимлар ва бошқа мутасаддиларни тергаб, чоралар кўрмоқчи эдим. Уларнинг бахти бор экан. Сен шунга сабабчи бўлдинг. Бўлмаса, ҳамма ишдан кетарди”, – дея Акбар Жўраевга олимпиададаги натижаси учун миннатдорчилик билдирди Шавкат Мирзиёев.

Маълумот учун, олимпиада ўйинларида иштирок этган спортчилар – Улуғбек Рашидов (таэквондо), Акбар Жўраев (оғир атлетика) ва Баҳодир Жалолов (бокс) ғолиб чиқиб, Ўзбекистон делегациясига 3та олтин медални тақдим этишди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар