13.08.2021 19:02
5346
«Барса» Мессисиз, «Реал» Рамоссиз. Испания чемпионати қандай бошланмоқда?

Жума куни Испания чемпионатининг янги мавсуми старт олади.

Примеро — УЕФА рейтингида фақат Англия премьер лигасидан кейинги иккинчи ўринда турувчи энг кучли лигалардан биридир. 2003/04 йилги мавсумда «Валенсия» ғолиб чиққанидан кейинги даврда Испания чемпионатида фақат «Барселона», «Реал» ва «Атлетико» жамоалари ғолиб бўлишган. Янги мавсумни лига ўзгаришлар билан бошлайди: «Реал» бош мураббийлигига Зинедин Зидан ўрнига Карло Анчелотти келган («Эвертон»нинг собиқ бош мураббийи), «Валенсия»га эса «Хетафе»дан Хосе Бордалас келган. Бундан ташқари, примерани лига тарихидаги энг яхши тўпурар — Лионель Месси тарк этган. Қуйида ла лиганинг 2021-2022 мавсуми бўйича қўлланма.

Футбол бўйича Испания чемпионати қачон бошланади?
2021/22 йилги мавсум 2021 йил 13 август куни бошланиб, 2022 йил 22 майда якунланади. Декабрда рождество ва янги йил муносабати билан таътил берилади. Бу мавсумдаги сўнгги ўйин 19 декабрга тўғри келади.

Бир ярим йил ичида ниҳоят стадионларга кўпроқ одам киришига рухсат берилади. Аммо коронавирус билан боғлиқ ижтимоий масофа сақлаш қоидалари ареналарни бутунлай тўлдиришга имкон бермайди. Испания соғлиқни сақлаш вазири Каролина Дариас августда Примеро ўйинлари вақтида стадионлар максимум 40 фоизга тўлдирилиши мумкинлигини билдирган.

Регламент ва чемпионат формати
Лиганинг 20 жамоаси ўзаро битта уйда ва битта сафарда ўйин ўтказади — ҳар бир жамоа мавсум давомида жами 38 ўйинда майдонга тушади. Чемпион 38 тур якунида жамғарилган очколар сонига қараб аниқланади. Агар икки ёки ундан ортиқ жамоа бир хил сонда очко жамғарса, ўринлар қуйидаги кўрсаткичларни инобатга олган ҳолда тақсимланади:
— ўзаро ўйинлардаги очколар сони;
— ўзаро ўйинларда урилган ва ўтказиб юборилган голлардаги фарқ;
— ўзаро ўйинларда урилган голлар сони;
— барча ўйинлардаги голлар бўйича фарқ;
— барча ўйинлардаги урилган голлар сони;
— фэйр-плей рейтинги;

Шунингдек, ўртага лигада қолиш, еврокубокларга йўлланма олиш ва чемпионлик масаласи тикилган бўлса, қўшимча ўйин ўтказилиши мумкин.

Мавсум якунларига кўра энг яхши тўрт клуб Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига йўл олади. Бешинчи ўринни эгаллаган жамоа, шунингдек, Испания Кубоги ғолиби УЕФА Европа Лигаси гуруҳ босқичига ўтади. Олтинчи ўринни эгаллаган жамоа УЕФА Конференциялар лигаси плей-оффига чиқади. Агар Испания Кубоги финалида 1-6-ўринлардан бирини эгаллаган жамоа ғолиб бўлса, еврокубок йўлланмаси чемпионатнинг еттинчи жамоасига насиб этади.

Энг кам очко жамғарган жамоаларнинг учтаси қуйи дивизионга — сегундага тушиб кетади. Кейинги мавсумда бу жамоаларнинг ўрнини қуйи лиганинг биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган жамалари, шунингдек, сегундада 3-6-ўринлар вакиллари ўртасидаги мини-турнирда учинчи йўлланмани ютиб олган жамоа эгаллайди.

Испания чемпионати (2021/22 йилги мавсум)
Жамоалар
Ла лиганинг янги мавсумида ҳам 20 жамоа иштирок этади, шундан 17 клуб - ўтган мавсумда ҳам иштирок этганлар, уларнинг сафига ўтган мавсумда Сегундадан юқори лигага йўлланма олган «Эспаньол», «Мальорка» ва «Райо Вальекано» қўшилади.

«Мальорка» ва «Эспаньол» бир мавсумлик танаффусдан кейин яна элитага қайтди. «Райо Вальекано» эса қуйи дивизионда икки мавсум ўтказди. Қуйида ўтган мавсумда ҳам юқори дивизионда иштирок этган 17 жамоа келтирилади:

«Барселона»;
«Реал»;
«Атлетико»;
«Валенсия»;
«Вильярреал»;
«Севилья»;
«Бетис»;
«Реал Сосьедад»;
«Осасуна»;
«Хетафе»;
«Сельта»;
«Атлетик»;
«Алавес»;
«Кадис»;
«Эльче»;
«Гранада»;
«Леванте».

Ла лигани ўтган мавсумда уч жамоа тарк этди. «Эйбар» — 16 май куни «Валенсия»га мағлуб  бўлгач (1:4). Мавсумнинг иккинчи омадсизи «Вальядолид» бўлди — сўнгги турда, 22 май куни «Атлетико»нинг чемпионлик ўйинида мағлуб бўлгач (1:2). 18-ўринни эса «Уэска» эгаллади — бу жамоа сўнгги турда «Валенсия» билан дуранг ўйнади (0:0).

Трансферлар

5 август куни «Барселона» Лионель Месси кетишини эълон қилди. Бунгача профессионал фаолиятини тўлиқ каталонияликлар сафида ўтказган аргентиналик футболчи 10 август куни «ПСЖ» футболчисига айланди.

Французлар клубига «Реал»нинг сўнгги ўн йилликдаги етакчиларидан бири — ҳимоячи Серхио Рамос ҳам йўл олган. Унинг Мадрид клубидаги ўрнини бошқа бир эркин агент — «Бавария»дан келган австриялик футболчи Давид Алаба эгаллаши керак. «Реал» яна бир асосий марказий ҳимоячиси, француз Рафаэл Варанни «МЮ»га сотди — 50 миллион евро ва бонуслар.

«Барселона» эса аргентиналик форвард Серхио Агуэрони эркин агент сифатида қўшиб олганди. Бу футболчи клубга Месси билан бирга ўйнаш учун келганди, у машғулотлар чоғида жароҳат олди ва бир неча ойга сафдан чиқди, эндиликда у «Барса»ни тарк этиши ҳақида хабарлар чиқмоқда.

Ўтган мавсум чемпиони «Атлетико»нинг асосий трансфери — яримҳимоячи Родриго де Паулнинг «Удинезе»дан 35 миллион еврога сотиб олиниши бўлди. Ушбу ҳавбек Аргентинанинг ғалабаси билан тугаган Америка Кубоги қаҳрамонларидан бири бўлди.

Ла лига: ўйинлар тақвими
Испания чемпионатининг биринчи тур ўйинлари 13-15 август кунларида бўлиб ўтади.

Биринчи тур ўйинлари тақвими:
13 август 00.00 (Тошкент)
«Валенсия» — «Хетафе»

14 август
20.00 (Тош) «Осасуна» — «Эспаньол»
22.30 (Тош) «Мальорка» — «Бетис»
22.30 (Тош) «Кадис» — «Леванте»
00.30 (Тош) «Алавес» — «Реал» (Мадрид)

15 август
20.30 (Тош) «Сельта» — «Атлетико»
23.00 (Тош) «Барселона» — «Реал Сосьедад»
01.15 (Тош) «Севилья» — «Райо Вальекано»

16 август
23.00 (Тош) «Вильярреал» — «Гранада»
01.00 (Тош) «Эльче» — «Атлетик»

«Реал» ва «Барселона» ўртасидаги биринчи класико 24 октябрь куни «Камп Ноу» стадионида, 10-тур доирасида бўлиб ўтади, иккинчи ўйин эса 20 март куни «Сантьяго Бернабеу»да, 29-тур доирасида ўтказилади. Испания футбол федерацияси (RFEF) 2021/22 йиллар мавсумининг бошқа дербиларни қуйидаги саналарга белгилаган:
17-тур | «Реал» (Мадрид) — «Атлетико»
35-тур | «Атлетико» — «Реал» (Мадрид)
12-тур | «Реал Сосьедад» — «Атлетик»
25-тур | «Атлетик» — «Реал Сосьедад»
13-тур | «Бетис» — «Севилья»
26-тур | «Севилья» — «Бетис»
14-тур | «Барселона» — «Эспаньол»
24-тур | «Эспаньол» — «Барселона»

Испания чемпионатининг ўтган мавсуми қандай ўтганди?
Ла лиганинг амалдаги ғолиби — Мадриднинг «Атлетико»си, майда бу жамоа тарихида 11-бор Испания чемпионига айланганди. Аргентиналик мутахассис Диего Симеоне бошқарувидаги жамоа якуний турда «Вальядолид»ни мағлуб этган (2:1) ва 86 очко жамғариб, совринга эга чиққанди. Ғалаба голини Луис Суарес урганди.

Чемпионат ғолиблигида кўп ишни мавсум бошида «Барселона»дан сотиб олинган уругвайлик форвард амалга оширган, у мавсумда 21 гол уришга эришганди.

Ла лига рекордлари
«Атлетико»нинг ўтган мавсумдаги чемпионлиги жамоа тарихидаги 11-чемпионлик эди. «Реал» Испаниянинг энг совриндор жамоаси бўлиб қолмоқда — 34 ғалаба. «Барселона»да — 26 чемпионлик.

Лионель Месси Испанияни турнир тарихидаги энг яхши тўпурар сифатида тарк этди, у катта фарқ юзага келтирган. Аргентиналик футболчи 474 гол билан биринчи, иккинчи ўринда ундан кейинроқ Испанияда ўйнай бошлаган ва эртароқ кетган Криштиану Роналду — 311 гол. Месси лигада 520 ўйин ўтказган, португалияликда — фақат 292 ўйин. Учинчи ўринда эса узоқ ўтмиш вакили, испаниялик Тельмо Сарра, у 1940—1955 йилларда «Атлетик» сафида 277 ўйинда 251 гол мауллифи бўлган. Испания чемпионатида ўйнашда давом этаётган футболчилар орасида энг юқори кўрсаткич Карим Бенземада, у 383 ўйинда 192 гол урган.

Ла лигадаги ўйинлар сони бўйича етакчи — дарвозабон Андони Субисаррета (622). Иккинчи ўринда ҳамон футболчиликни йиғиштирмаган ва «Бетис»да тўп суришда давм этаётган Хоакин (576). Учинчи — афсонавий Рауль (550).

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар