09.08.2021 15:58
12612
Мессисиз «Барселона» қандай бўлади?

Месси каби футболчининг (гарчи ундай футболчи бошқа йўқ) жамоани тарк этиши табиийки, жуда катта йўқотиш, ҳамда клуб амбициялари, совринлар учун курашишида ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Зеро, айниқса, сўнгги йилларда «Барселона»даги самарали ҳужумларнинг аксариятида Мессининг бевосита иштироки мавжуд. Узоққа бормасдан, Криштианунинг «Реал»ни тарк этиши жамоа ўйинига, сермаҳсуллигига қай даражада таъсир қилганини ҳам эслаш мумкин.

Лекин ҳаммаси шу даражада оғирми? Таркибда яна бир қатор таниқли футболчилардан иборат «Барселона»дан юқори натижалар кутишга ҳаққимиз йўқми?

Кўпинча биз Мессининг «Барселона» натижаларига таъсир кўрсатадиган голларини ва ассистларини кўрамиз, ўша рақамлар унинг жамоага бўлган аҳамиятига баҳо беришда асосий ўринга чиқиб қолаверади. Лекин замонавий футболда булардан ташқари, жамоавий тўпсиз ҳаракат, прессинг каби талаблар ҳам борки, ҳатто бу факторлар биринчи даражага ҳам чиқиб қолмоқда. Чемпионлар Лигасида юлдузли, дунёнинг энг яхши футболчилари тўп сурадиган эмас, асосан мураббийлик лойиҳалари ғалаба қозонмоқда. Мисол учун, «Челси» ЕЧЛнинг сўнгги ғолиби, лекин таркибида «Олтин тўп»ни ишонч билан тақдим этиш мумкин бўлган футболчилар йўқ. Катта эҳтимол билан яқин йилларда футбол мана шу йўналишда кетишини тахмин қилсак, Мессининг кетиши клуб учун янги даврни, балки янги ғалабаларни бошлаб бериш дебочаси бўлиши ҳам мумкин.

Ҳаммаси тўғри пайтда амалга ошди

«Барселона»нинг мана шундай қийин молиявий ҳолатга тушиб қолишига нафақат пандемия, балки сўнгги йиллардаги нотўғри бошқарув қарорлари ва трансферлар ҳам сабаб бўлган. Клуб ҳал қилувчи ўйинларда асосий таркибда тушмаётган Дембеле, Коутиньо, Гризманн каби футболчиларнинг ўзига 300 миллиондан ортиқ пул сарфлади. Бундай хатолар бир кун қаердандир ёриб чиқиши аниқ эди ва шундай бўлди ҳам. Мессининг кетиши Лапорта даврининг бошига тўғри келаётгани эса, клубнинг кейинги фаолиятида босимни камайтиради.

Ўтган йили Мессининг кетиш қарори қандай оқибатларга олиб келгани, клуб фан-базасида салкам инқилоб бошлаганини яхши эсласангиз керак. Ҳозирда Месси ҳатто ўз истагига қарши тарзда кетишга мажбур бўлса-да, у даражада кайфиятни кўрмаймиз. Чунки ўтган йилги ҳолатга тўлиқ жавобгар шахс – Бартомеу клуб бошқарувида эди. Асосий айбдор ҳам, вазиятни тузатиши лозим бўлган шахс ҳам, Мессининг душмани ҳам Бартомеу бўлиб, барча нафрат унга қаратилган. Ҳозир аксинча, Лапорта бемалол бугунги вазият учун истаса Бартомеу сиёсатини, истаса Ла Лиганинг молиявий фейр плейини айблаб, «оппоқ» президент сифатида янги даврни бошлай олади. Клубнинг қийин молиявий аҳволида ҳам, Мессининг кетишида ҳам деярли алоқаси бўлмаган шахс сифатида вазиятни ўнглашга киришади. Ўтган йилдан фарқли равишда, Лапортада Месси кетганидан тушкунликка тушган, ёмон кайфиятдаги жамоа эмас, ёш, етилиб бораётган ва ўзини исботлаш учун янги мавсумни кутаётган мотивацияли жамоа бўлади. Бемалол айтиш мумкинки, Пике, Алба ёки Бускетс каби футболчиларнинг жамоа муҳитидаги ва майдондаги ўрни олдингидек юқори эмас.

Умуман, бундай вазиятдан чиқиб кетиш ва янги лойиҳаларни ишга тушириш борасида Лапортанинг муваффақиятли тажрибаси борлигини ҳам унутмаслик керак. Айнан унинг даврида Роналдиньо, Деку, Это’О каби эски давр юлдузларига жавоб берилиб, янги «Барселона» пайдо бўлган.

Фати ва Педри

Ўтган мавсум бошидаги Месси машмашалари ва президент сайловлари қайсидир маънода Куманни босимдан халос қилди ва жамоада янги номлар пайдо бўлди. Ансу Фати Месси билан бир таркибда ҳам жуда ёрқин ўйинлар кўрсата бошлаган ва бир қатор рекордлар қайд этганди. Узоқ муддатли жароҳат туфайли сафдан чиққан Ансу аста-секин майдонга қайтмоқда ва катта эҳтимол билан жамоадаги энг муҳим ижрочилардан бири бўлади.

Яна бир ном – Педри. У Фати каби голеадор эмас, илк қарашда ўйини кўзга ташланмаслиги мумкин. Аввалига меҳнаткашлиги билан эътибор қозона бошлаган футболчи мавсум охирида ҳам «Барселона», ҳам Испания терма жамоасида алмаштириб бўлмас ўйинчига айланганини пайқамай ҳам қолдик. Мессининг кетиши ушбу ёш футболчиларга масъулиятни қўлга олиш, босимни ҳис қилишни ҳам ўргатади ва балки уларнинг ўсиб боришида бу воқеа фойдали бўлиб чиқиши ҳам ҳеч гап эмас.

Шу ёзда жамоа сафига келиб қўшилган Мемфис Депай учун ҳам яхши имконият. Ўз вақтида «Манчестер Юнайтед»да муваффақиятсиз тўп сургач, фаолиятида пасайиш кузатилган Мемфис «Лион»да аввалги спорт формасини тиклади, Нидерландия миллий жамоасида ҳам етакчига айланади. «Барселона» унинг фаолиятидаги иккинчи суперклуб, демак, яна бир катта имконият. Шунингдек, Антуан Гризманн ҳали ҳам дунёнинг кўзга кўринган юлдузларидан бири бўлиб қолмоқда ва Мессисиз ниҳоят биз Мадриддаги Гризманни кўришимиз мумкин.

Дембеле, Де Йонг... умуман, Мессининг кетиши жуда кўп футболчилар учун янги шартлар ва шароитни тақдим этади ва бу уларнинг фойдасига ҳам ишлаши мумкин.

Хави қайтиши мумкин

Юқорида Европа майдонларида мураббийлик лойиҳалари кўпроқ ғалаба қозона бошлагани ҳақида айтдик. Ростдан ҳам тўпсиз жамоавий ҳаракатлар, рақиб устунликларини йўққа чиқариш устида ишлаш футболда натижа кўрсатиш учун асосий қуролларга айланмоқда ҳамда индивидуал юлдузлар билан мураббийлар ўзига хос қийинчиликка дуч келмоқда.

«Барселона»да Пеп даври тугагандан бери, асосан индивидуал маҳоратга таянилган футболдан бошқасига илож қолмаётганди. Энрике ҳам, Вальверде ёки Куман ҳам, барибир ўйинини маълум футболчиларнинг камчиликларини эътиборга олган ҳолда қуришга мажбур бўлди. Баъзида бу қурбонликлар иш берди, «Барселона» гоҳ Ла Лигани, бир марта Чемпионлар Лигасини ҳам ютди. Аммо танганинг иккинчи томони бўлганидек, агар Месси ёки Суарес керакли паллада қутқара олишмаса, натижа маълум, мураббийлар рақибга қарши бошқа муқобил қаршилик тақдим эта олмади. «Барселона» ЕЧЛда охирги йилларда фақат йирик ҳисобда («Ювентус», «Рома», «Ливерпуль», «Бавария», «ПСЖ») ютқазиб чиқаётганига эътибор беринг – буларнинг ҳаммаси юқори даражадаги қаршилик бўлганида «Барселона» фақат Мессининг индивидуал маҳоратига таяниши, бошқа структура топа олмаслигини исботлайди. Ахир тасодиф қаторасига беш йил такрорланиши мумкин эмас, тўғрими?

Хуллас, «Барселона» аллақачон лойиҳага муҳтож ва Мессининг кетиши нафақат бунга йўл очади, балки энди агар жамоа юқори совринлар учун курашишни истаса, бошқа йўл ҳам қолмайди. Мажбур. Чунки Европа футболида урғулар ўзгарди, дунёнинг энг зўр футболчилари энди Испания грандларида эмас, АПЛ да ёки «ПСЖ»да тўпланишмоқда. Мессини ушлаб қололмаган клуб таркибини топ-юлдузлар билан тўлдириши имконсиз. Демак, фақат мураббийлик лойиҳаси, мана шу лойиҳа доирасида етишиб чиқадиган юлдузлар «Барселона»ни яна рақобатбардош кўринишга қайтариши мумкин.

Лапортада бунинг учун вариант аллақачон мавжуд – Хави. У ақлли, камида Пирлодан кўра, шунинг учун Месси бор жамоага келиб, ўз жамоасини қура олмаслигини яхши биларди. Шунинг учун ҳам у икки марта клубга рад жавобини берган ва баъзи манбаларга кўра, Хави Месси кетсагина, бошқарувни қўлга олиши мумкинлигини айтган ҳам.

Балким, клуб аллақачон Хави билан алоқага чиққан бўлиши ҳам мумкин. Катта эҳтимол билан биз Куман остида «Барселона» Мессисиз нималар қила олиши мумкинлигини томоша қиламиз, юқорида тилга олинган ёш юлдузлар янада каттароқ кучга айланишар. Кейин эса, Хави ёки бошқа «ғоявий каталон» мураббий билан янги «Барселона»ни кутиб оламиз.

Янги жамоа Мессини унуттира олмайди, тўғри, лекин Мессидан олдин ҳам Барселонада кучли жамоалар бўлганини эслатар...?

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар