08.08.2021 07:11
14136
Шомуродовдан дебютида гол, Моуриньода четлатиш, «Рома» 8 ўйинчи билан йирик мағлубиятга учради

А Серия янги мавсумига тайёргарлик кўраётган Римнинг «Рома» клуби Испанияда «Бетис» клубига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушди.

Сафардаги ўйин ўртоқлик мақомида бўлса-да, муросасизлиги ва воқеаларга бойлиги билан расмий баҳслардан қолишмади. Шу куни Элдор Шомуродов Рим клубидаги дебют ўйинини ўтказди ва жамоаси сафидаги энг яхши ўйинчи бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Баҳсда мезбонлар вакили Родри ҳисобни очган бўлса, 27-дақиқада Элдор Шомуродов икки ҳимоячини ортда қолдириб, яккама-якка вазиятда дебют ўйинидаги илк голини киритди – 1:1.

Аммо уч дақиқа ўтмай, Фекир чиройли голи билан яна мезбонларни ҳисобда олдинга чиқарди – 2:1.

51-дақиқага келиб бурчакдан оширилган тўпни Шомуродов боши билан дарвоза томон йўналтирди, аммо тўп дарвоза тўсинига тегиб қайтди – бўш дарвоза қаршисидаги Манчини эса Элдорнинг ҳаракатини йўққа чиқармади – 2:2. 

Ўйиннинг кульминацион воқеаси 58-дақиқада рўй берди. Рақиб футболчиси ҳужум пайтида тўп қўлига текканига қарамай, гол киритди ва бош ҳакам голни инобатга олди – 3:2. Натижада ҳакамга эътироз билдиргани учун Лоренцо Пеллегрини, кейин эса майдонга тушиб келган Жозе Моуриньо қизил карточка билан ўйиндан четлатилди. 

65-дақиқада Манчини ҳам қўполлиги учун майдондан четлатилгач, римликлар 9 киши бўлиб қолишди ва Моуриньо Шомуродовни майдондан олишга қарор қилди.

78-дақиқада яна бир ҳимоячи Карсдорп ҳам иккинчи сариқ карточкасини олиб, майдонни эрта тарк этгач, 8 киши бўлиб қолган Рим жамоаси яна иккита гол ўтказиб юбориб, йирик ҳисобда мағлубиятга учради – 2:5.

Ўртоқлик учрашуви. 7 август (шанба)
«Бетис» (Испания) - «Рома» (Италия) - 5:2 (2:1)
Голлар: Родри 4, Фекир 30, Морено 58, Тельо 80, Робер 83 – Элдор Шомуродов 27, Жанлука Манчини 51.
«Бетис»: Руи Сильва, Морено, Руис, Сабали (Монтойя, 17), Эдгар Гонсалес, Родри (Вильям Карвалью, 72), Каналес (Гуардадо, 52), Руибаль (Хоакин, 73), Акуоку (Гонсалес, 72), Фекир, Иглесиас (Кристиан Тельо, 73).
«Рома»: Руй Патрисиу (Фузато, 70), Манчини, Смоллинг (Рожер, 46), Калафёри, Карсдорп, Пеллегрини, Диавара (Верету, 46), Мхитарян (Аш-Шаарави, 46), Кристанте (Бове, 46), Дзаниоло (Карлес Перес, 63), Элдор Шомуродов (Кумбула, 67).
Четлатишлар: Жозе Моуриньо (58), Лоренцо Пеллегрини (59), Манчини (65), Карсдорп (78, барчаси «Рома»).

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар