06.08.2021 15:51
12147
Токио-2020. Бекзод Абдураҳмонов Ўзбекистонга яна бир медал тақдим этди

Токио Олимпиадасида Ўзбекистон шарафини -74 кг вазн тоифасида ҳимоя қилган Бекзод Абдураҳмонов бронза медалга сазовор бўлди.

6 август куни тонгда Бекзод Абдураҳмонов бронза медали учун ўтиш баҳсида Гвинея-Биссау вакили Аугусто Миданани таслим этганди.

Медал учун баҳсда унга 2019 йилги жаҳон чемпионати совриндори Данияр Кайсанов рақиблик қилди. Беллашув давомида тезкор ҳаракатлари ва абжирлиги билан ажралиб турган Абдураҳмонов якунда 13:2 ҳисобида ғалаба қозониб, делегация ҳисобига яна бир медални қўшиб қўйди. 

Бу Ўзбекистон делегацияси учун Токио Олимпиадасидаги тўртинчи медал бўлди. Бунгача таэквондочи Улуғбек Рашидов олтин, дзюдочи Давлат Бобонов бронза, оғир атлетикачи Акбар Жўраев олтин медалга эга чиққанди. Эндиликда Ўзбекистон умумий рейтингда 32-ўринни эгаллаб турибди.

Эслатиб ўтамиз, Бекзод Абдураҳмонов 5 август кунги дастурда 1/8 финалда Пуэрто-Рико вакили Франклин Гомесни 10:0 ҳисобида енгиб, чоракфиналга чиққанди. Бироқ 1/4 финалда россиялик икки карра жаҳон чемпиони Заур Сидаковдан енгилди. Сидаков финалга чиққани эвазига Абдураҳмоновда бронза медали учун курашиш имконияти сақланиб қолганди.

Маълумот учун, жаҳон чемпионатларининг икки карра совриндори, Осиё ўйинларининг икки карра чемпиони ҳисобланган Абдураҳмонов 5 йил муқаддам Рио-2016 Олимпиадасида бронза учун курашда имкониятни бой бериб қўйган эди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар