05.08.2021 23:05
25197
«Барселона» Месси жамоани тарк этишини эълон қилди

«Барселона» аргентиналик ҳужумчиси Лионель Месси клубни тарк этиши ҳақида эълон қилди.

Каталонияликлар сайти хабарига кўра, шартномани узайтириш бўйича келишув бўлганига қарамай, Месси жамоада қолмайдиган бўлди. Иқтисодий қоидалар ва Примерадаги чекловлар туфайли томонлар янги келишув туза олишмаган.

Мессининг «Барселона» билан сўнгги шартномаси муддати июнь ойи охирида якунига етганди.

Режага кўра, 34 ёшли аргентиналик билан август ойи бошида келишув тузилиши кутилганди. Аммо 5 август куни янги шартнома бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолгани маълум бўлди.

Форвард кўк-анорранглилар жамоаси тарбияланувчиси ҳисобланади - у 2003 йилдан буён бутун фаолиятини каталонияликлар сафида ўтказаётганди.

У клуб сафида 35 соврин қўлга киритган - ўн карра Испания чемпиони бўлган, етти бор мамлакат Кубогида, саккиз марта Суперкубокда зафар қучган. Шунингдек, тўрт бор Чемпионлар лигасида, уч мартадан УЕФА Суперкубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида ғолиб чиққан. Кўк-анорранглилар либосида жами 778 ўйинда майдонга тушиб, 672 гол урган ва 305 ассист амалга оширган.

Якунланган мавсумда у Испания чемпионатида 35 ўйинда майдонга тушиб, 30 гол урган (учтаси — пенальтидан) ва тўққиз голга узатма берган. «Барселона» 38 ўйинда 79 очко жамғарган ва учинчи ўринни эгаллаган, 2020/2021 йилги мавсум чемпиони 86 очко тўплаган «Атлетико» бўлганди.

2020 йил августида Месси клуб раҳбарияти билан зиддият туфайли «Барселона»ни тарк этишга ҳаракат қилганди. Кейинроқ у жонажон жамоаси билан судлашишни истамагани, шунингдек, оиласи Барселонада яшашда давом этишни истагани учун қолишга қарор қилганини айтди.

Месси олти марта «Олтин тўп» соҳиби бўлган.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар