04.08.2021 00:56
8635
Теглар
Олимпиадада орзудаги финал бўлади — Бразилия Испанияга қарши

Футбол Олимпиадасининг яримфиналдаги икки ўйинида ҳам қўшимча бўлимларда ўйналди.

Бразилларда қаторасига учинчи финал
Олимпиада-2020. Футбол. 1/2 финал
Мексика — Бразилия — 0:0 қ.в.
(0:0, 0:0, 0:0). Пенальти — 1:4
Пенальтилар серияси: Дани Алвес — 0:1. Агирре — 0:1 (дарвозабон). Мартинелли — 0:2. Васкес — 0:2 (устун). Гимарайнс — 0:3. Родригес — 1:3. Рейниер — 1:4.
Мексика: Очоа, Монтес, Х.Ангуло (Мора, 98), Васкес, Лорона, Ромо, Эскувель (Родригес, 46), Кордова (Х.Ангуло, 78), Вега (Альварадо, 90+2), Антуна (Лайнес, 62), Мартин (Агирре, 98).
Бразилия: Сантос, Дани Алвес, Арана, Диегу Карлос, Нину, Дуглас Луис (Матеус Энрике, 115), Гимарайнс, Клаудинью (Рейниер, 73), Ришарлисон, Паулинью (Мартинелли, 67), Антони (Малком, 91).
Огоҳлантиришлар: Диегу Карлос, 37. Монтес, 40. Антони, 64. Гимарайнс, 72. Лайнес, 74. Рейниер, 76. Лорона, 76. Ромо, 105. Дуглас Луис, 110.
Ҳакам: Кабаков (Болгария).
3 август. Касима (Ибараки). «Касима» стадиони.

Бразилиянинг бу босқичгача бўлган ўйинлари ўзига хос машғулот ўйинларидек ўтди. «Селесао»да шундай кучли таркиб йиғилганки, реал рақобатчиларни санаш учун бир кафт бармоқлари кўплик қилади. Шундай жамоалардан бири бўлган — Германия — гуруҳ босқичидаёқ зарарсизлантирилди, немисларга қарши ўйин Андре Жардин жамоасининг кунчиқар мамлакатдаги энг ёрқин ўйини бўлди.

Бу ўйин бошланғич турга тўғри келганди ва фақат яримфиналга келиб Бразилия яна тўлиқ куч билан ҳаракат қилди. Мексикаликлар илк дақиқаларданоқ ҳимояланишга мажбур бўлишди, фахрий дарвозабон Очоани эса қанот ҳимоячилари Арана ва Дани Алвес ишга кўмиб ташлашди. Афтидан, бундай босим биринчи бўлим ўрталарига бориб самара бергандек эди,аммо Дуглас Луис рақиб жарима майдонида йиқилган вазиятнинг видеотакроридан кейин ҳакам белгиланган пенальтини бекор қилди, бу вазиятда «Астон Вилла» футболчиси «Ацтеклар»нинг тўқнашувдан қочишга улгурмайдиган ҳолатда қолган ҳимоячисига ўзи бориб урилганди.

Аммо ўйиннинг бошини ҳимояда ўтказган Мексика барибир нега айнан улар Олимпиаданинг энг самарали жамоаси бўлиб турганини исботлашди. Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқаларида бразиллар дарвозаси олдида икки хавфли вазият юзага келди, Романинг кучли зарбасини Сантос бартараф этган бўлса, яна бир зарба дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди. Ва бу икки вазият Бразилиянинг вазиятларидан хавфлироқ эди. Амалдаги чемпионлар ўйиннинг асосий вақтида масалани ҳал қилишга яқин эди, иккинчи бўлим охирларида турнирнинг энг яхши тўпурари бўлиб турган Ришарлисоннинг зарбаси устундан қайтди.

Натижада бразиллар режадан ташқари яна ярим соат чопишига тўғри келди, бу вақтни мексикаликлар жарима майдонига қамалиб олган ҳолда ўтказди. Бразиллар уларнинг ҳимоя қўрғонини бузиб ўта олишмади ва барчаси пенальтилар сериясида ҳал бўладиган бўлди. Унда 36 ёшли Очоа барча тўрт зарбанинг йўналишини аниқ топди, улардан бирида тўпга тегинди ҳам, аммо ҳеч бирини қайтара олмади. Сантос эса биринчи зарбаниёқ бартараф этди, мексикаликларнинг кейинги уринишида тўп дарвоза устунига тегди.

Бразилия энди қаторасига учинчи марта Олимпия ўйинлари финалида ўйнайди, лекин бу рекорд эмас. Жанубий америкаликлар шунчаки Венгриянинг натижасини (1964—1972) такрорламоқда, бу борада энг яхши натижа эса Югославияга тегишли, югославлар 1948 йилдан 1960 йилгача бўлган даврда тўрт марта олтин медаллар учун курашишган. Лекин Олимпия ўйинлари медаллари бўйича «Селесао»нинг тенги йўқ. Ҳозирги турнир улар учун совринли бўлган еттинчиси ҳисобланади — шу вақтгача бир чемпионлик, уч бор кумуш ва икки бор бронза медаллар олинган. 38 ёшли Дани Алвес совринларга тўймаяпти ва 2019 йилги Америка Кубогидан кейин яна бир совринга эга чиқишни орзу қилмоқда.

Асенсионинг мўъжизавий голи

Олимпиада-2020. Футбол. 1/2 финал
Япония — Испания — 0:1 қ.в
. (0:0, 0:0, 0:1)
Гол: Асенсио, 115.
Япония: Тани, Йосида, Сакаи, Итакура, Накаяма, Хатате (Сома, 65), Эндо, Доан (Миеси, 91), Кубо (Маэда, 91), Танака (Хашиока, 118), Хаяши (Уэда, 65).
Испания: Симон, Пау Торрес, Кукурелья (Миранда, 106), Гарсия, Хиль (Вальехо, 46), Мерино (Солер, 59), Субименди (Монкайола, 97), Педри (Асенсио, 83), Ойярсабаль, Мир, Ольмо (Пуадо, 60).
Огоҳлантиришлар: Хиль, 13. Мерино, 51. Субименди, 90+5. Сакаи, 99. Вальехо, 110. Асенсио, 116. Мир, 117.
Ҳакам: Ортега (Перу).
3 август. Сайтама. «Сайтама 2002» стадиони.

Баъзида статистика ҳайратланарли кўриниш олади. Маълум бўлишича, «Қизил фурия» шу вақтгача Олимпиадаларда японларни мағлуб эта олмаган — ҳатто уларнинг дарвозасига бирорта гол уришмаган. 1968 йилги голсиз дурангни мисол келтириш — жуда узоқ ўтмишга мурожаат қилиш саналса, 0:1 ҳисобидаги мағлубият Лондон-2012 олимпиадасида қайд этилган, ўшанда Испания гуруҳдан ҳам чиқолмаганди. Бу сафарги ўйинда ҳам биринчи аниқ зарбани 38 дақиқа кутишга тўғри келди, бу вазиятда чоракфинал қаҳрамони Рафа Мир дарвозабонни алдай олмади. Умуман олганда, биринчи яримфинал ўйини билан солиштирганда, иккинчиси у қадар томошабоп бўлмади.

Икки ўйиндаги умумийлик - 11 метрлик зарбаларнинг бекор қилиниши билан боғлиқ эпизодлардир. Иккинчи бўлимнинг биринчи қисмида дарвозабон ҳудуди яқинида тўпга интилган Мерино йиқилди, видеотакрордан кейин ҳакам бу вазиятда Йосида биринчи бўлиб тўпга тегингани ва испаниялик футболчи ўзи ҳимоячининг оёғига зарба бергани ҳақида қарор қабул қилди. Ўз-ўзидан 32 ёшли ҳимоячига қўполлик учун кўрсатилган сариқ карточка ҳам бекор бўлди. Афтидан, бу 90 дақиқаликдаги энг қизиқарли вазият эди, шу туфайли мухлислар Олимпия ўйинларида дуранг натижадан кейин худди Америка Кубогидаги каби дарҳол пенальтилар серияси бошланиб келмаслигидан афсусланишди дейиш ҳам мумкин.

Эътиборли жиҳати, Испания Евро-2020 ва Олимпиада плей-оффларидаги барча беш ўйинда 120 дақиқадан ўйнади. Икки бор улар ўйинни пенальтилар сериясигача олиб боришди, аммо бу сафар бунга ҳожат қолмади. Асенсионинг ажойиб зарбаси зерикарли ўйинни безади. Энди шанба кунги ўйинда бу ёзда жамоа билан иккита катта турнирда қатнашаётган 18 ёшли Педри ёзги ўйин вақтини янада ошириб олади, бу кўрсаткич ҳозирда 1068 дақиқага етган.

Шанба, 7 август куни, финалда қуйидаги жамоалар учрашади:
Бразилия — Испания. 16.30 Тошкент вақти.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар