01.08.2021 00:06
25626
Токио-2020. Курашчилар курашга қўшилмоқда, Жалолов медални нақд қилиши мумкин

1 август куни Ёзги Олимпиаданинг тўққизинчи кунги баҳслари ўтказилади. Эртанги баҳсларда яна 5 нафар ўзбекистонлик спортчи 4 спорт тури бўйича ўз омадини синаб кўради.

Шу куни Юнон-рум кураши жамоаси турнирдаги иштирокини бошлайди, -60 кг вазн тоифасида Элмурат Тасмурадов ва -130 кг вазнда Мўминжон Абдуллаев гиламга чиқади. Юнон-рум кураши жамоаси Олимпиадага тўрт спортчи билан ташриф буюрган - Жалгасбай Бердимуратов (-77 кг) ва Рустам Ассакалов (-87 кг) кейинги кунларда чиқиш қилади.

Ўзбекистон бокс жамоаси етакчиси Баҳодир Жалолов чоракфиналда чиқиш қилади, у бу жангда ғалаба қозонса делегацияга навбатдаги медални нақд қилади - боксда яримфиналга чиққанлар камида бронза олиши аниқ бўлади.

Шунингдек, енгил атлетикачи Даря Резниченко узунликка сакраш бўйича мусобақаларда иштирок этади, оғир атлетикачи Кумушхон Файзуллаева (-67 кг) медал олишга ҳаракат қилади.

1 август куни баҳсларга киришадиган спортчилар рўйхати ва беллашувларнинг бошланиш вақти (Тошкент вақти билан):
5:50. Енгил атлетика. Узунликка сакраш. Даря Резниченко;

7:05. Юнон-рум кураши. -60 кг. Элмурат Тасмурадов нимчорак финалда асли ўзбекистонлик, Украина вакили Ленур Темировга қарши;

7:15. Юнон-рум кураши. -130 кг Мўминжон Aбдуллаев нимчорак финалда эстониялик Aртур Вититинга қарши;

9:05. Бокс. Баҳодир Жалолов яримфинал йўлланмаси учун ҳиндистонлик Сатиш Кумарга қарши;

15:50. Оғир атлетика. -76 кг. Кумушхон Файзуллаева.

Ўзбекистон делегацияси Олимпиаданинг саккизинчи кунини ҳам медалсиз якунлади. 31 июль куни аралаш жамоавий беллашувлар ўтказилди. Дастлабки босқичда ўзбекистонлик спортчиларга Нидерландия терма жамоаси тўқнаш келди. Беллашувлар Бекмурод Олтибоевнинг (+90 кг) ишончли ғалабаси билан бошланганди ва тўрт жангдан кейин ўзбекистонликлар 3:1 ҳисобида олдинда эди, бешинчи жангга келиб Давлат Бобонов масалани ҳал қилиши мумкин эди, бироқ у кутилмаганда рақибига имкониятни бой бериб қўйди.

Асосий баҳсларда ҳисоб дуранг бўлгач (3:3), қўшимча жанг ўтказилди, аммо Бекмурод Олтибоев бу сафар рақибини таслим қила олмади: Ўзбекистон вакили учта шидо олгач, Нидерландияга ғалаба ёзилди. Шу тариқа ўзбекистонлик дзюдочиларнинг Олимпиададаги иштирокига расман якун ясалди.

Шунингдек, бокс жамоасининг икки вакили - Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг) ҳамда Элнур Абдураимо (-63 кг) нимчоракфиналда иштирок этиб, ўз жангларида ғалаба қозонишди ва чоракфиналга чиқишди.

Ўқ отиш баҳсларида қатнашган Мухтасар Тоҳирова эса 50 метрдан 3 ҳолатда ўқ отиш дастурида жами 1155 очко тўплаб, 37 спортчи орасида 30-ўринни эгаллади ва турнирдаги иштирокини якунлади.

Айни вақтда Ўзбекистон олимпиадачилари умумий рейтингда Эстония, Фижи ҳамда Ирландия билан биргаликда 36-40-ўринларни бўлишиб турибди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар