29.07.2021 02:31
19886
Теглар
Токио-2020. Японияда тотал ўсиш, Таймазова бронза олди, Америкада сенсацион йўқотиш

Токио олимпиадасининг навбатдаги куни якунланди. 28 июл куни 23 та медаллар комлекти ўйналди. Қувонарлиси, Ўзбекистон бугун яна бир медал олди ва медаллар сони иккитага етди.

Япония ҳамон етакчи, Австралия – «сувдаги балиқ»

Мусобақа мезбони ҳисобланган Япония жамоаси навбатдаги кунни ҳам медаллар жамғармаси бўйича етакчи сифатида якунлади. Мезбонлан 28 июлда сузиш, дзюдо ва гимнастикадан учта олтин олишди. Япониялик атлетлар ҳозиргача 13 та олтин, 4 та кумуш ва 5 та бронза медалини қўлга киритишди. Қизиғи, японияликлар олдинги учта олимпиада якунларига кўра ҳам бунчалик кўп олтин олмаган: Риода 12 та, Лондонда 7 та, Пекинда 9 та олтин. Ҳали мусобақа якунланишига анча борлигини инобатга олсак, Япония бу борадаги энг яхши натижасини ҳам қайд этиши мумкин.

Кун якунларига кўра ҳамон АҚШ энг кўп (31 та) медал ютган делегация бўлиб турибди. Охирги кунда америкаликлар иккита олтин ютишди. Сузиш баҳсларида Кэтлин Ладеки чемпион бўлди, уч кишилик баскетболнинг аёллар баҳсларида ҳам олтин америкаликларга насиб этди. Улар финалда Россияни мағлуб этишди. Эркаклар финалида ҳам руслар қатнашиб, Латвияга мағлуб бўлишди. 200 метрга комплекс сузишда эса япониялик Юи Охаси икки америкаликни аламли тарзда ортда қолдирди.

Австралия жамоаси 28 июл кунги баҳсларни учта олтин медал билан якунлади. Академик эшкак эшишда иккита, сузишда битта олтин Австралияга йўл олди. Натижада австралияликлар умумжамоа ҳисобида 5-ўринга кўтарилишди. Уларда умумий медаллар сони ҳам ёмон эмас – 16 та. Қизиғи, Австралия қўлга киритган 6 та олтинининг барчаси сув спорти баҳсларига тўғри келган. 16 та медалнинг фақат биттаси велоспортда қўлга киритилган, қолган барчаси сув спортлари ҳиссасига тўғри келади. Тўрт томони сув бўлган давлат учун бу нормал ҳолат дейиш мумкин.

Таймазова – кун қаҳрамони, 19 карра жаҳон чемпиони руҳий муаммо сабаб мусобақаларни тарк этди

Артур Таймазов олимпиада баҳсларида медал олишига кўпчилик ўрганиб қолганди. Кейинчалик биз унинг медаллари бекор қилинишига ҳам кўникиб қолдик. Энди бу фамилияда медал ютадиган яна бир спортчи пайдо бўлди. Осетиялик Мадина Таймазова қаҳрамонларча бронза медалини қўлга киритди. Нега қаҳрамонларча, шунчаки бронза медал-ку, дейизми? Ҳа, шундай бўларди, агар Мадина бир кўзи деярли ҳеч нимани кўрмай қолган жароҳат билан жанг қилмаганида. Россия жамоаси аъзоси жиддий зарбалар қабул қилиб охирги икки баҳсни деярли бир кўзда ўтказди.

Бронза медал учун курашда амалдаги жаҳон чемпиони Барбара Матични мағлуб этган Таймазова Россия учун куннинг энг қадрли медалини тақдим этди. Унинг натижасини Артур Таймазов ҳам эътироф этди: «Мадинанинг чиқиши шунчаки қаҳрамонлик. Менимча, ярим финални у ютган эди, лекин ҳакамлар боқшача қарор қабул қилди. Профессионал сифатида шуни айтишим мумкинки, ҳакамларга ҳеч қачон хато қилиш имконини қолдирмаслик керак ва бу учун рақибдан икки бош баланд эканингни исботлаш шарт. Ҳечқиси йўқ, Мадина ҳали 22 ёшда ва олимпиада чемпиони бўлишга улгуради. Мен ҳам биринчи уринишда уддалай олмагандим», дейди Ўзбекистон учун жанг қилиб уч карра олимпиада чемпиони бўлган ва иккита медалидан допинг сабаб маҳрум қилинган Таймазов.

Симона Байлзда руҳим муаммо

Яхшилаб жойлашиб олинг, ҳозир сўз бораётган спортчининг натижалари бошингизни айлантириб юбориши мумкин. 1997 йилда туғилган Смиона Байлз фаолияти давомида 4 марта олимпиада чемпиони, 19 марта жаҳон чемпиони, 2 марта мутлақ жаҳон чемпиони бўлган. АҚШ гимнастика жамоаси етакчиси бўлган Симона Токида кумуш билан кифояланди. Жамоавий баҳсларда америкалик қизлар кутилмаганда россиялик қизларга ютқазиб қўйишди. Россия спорти тарихида бундай муваффақият илк марта кузатилди.

Симона Байлз ХОҚ президенти Томас Бах билан

Байлз руҳим муаммолар сабаб мусобақани тарк этди. У таяниб сакраш баҳсларида жароҳат сабаб яхши қатнаша олмади, залдан мураббийларга таяниб чиқди. Бироқ унинг ўйинларни тарк этишига руҳий муаммолар сабаб бўлган. CNN'га кўра атлет Россияга қарши финалдан олдин қаттиқ ҳаяжонлангани сабаб стресс ҳолатига тушган ва яхши қатнаша олмаган. Бу ҳолат спорт жамоатчилигида кенг муҳокама қилинмоқда.

Қуйида 28 июлда ўйналган барча медаллар билан танишишингиз мумкин

Сузиш. Жамоавий баҳслар

1. Буюк Британия;
2. Россия;
3. Австралия.

Академик эшкак эшиш. Аёллар. Иккилик

1. Руминия;
2. Янги Зеландия;
3. Нидерландия.

Эркаклар иккилик

1. Франция;
2. Нидерландия;
3. Хитой.

Аёллар, тўртлик

1. Австралия;
2. Нидерландия;
3. Ирландия.

Эркаклар, тўртлик

1. Австралия;
2. Руминия;
3. Италия.

Эркаклар, жуфт тўртлик

1. Нидерландия;
2. Буюк Британия;
3. Австралия.

Аёллар, жуфт тўртлик

1. Хитой;
2. Польша;
3. Австралия.

Сузиш. Аёллар. 200 м, эркин усул

1. Ариарне Титмус (Австралия);
2. Шивон Хоуи (Ҳонконг);
3. Пенни Олексяк (Канада).

Эркаклар. 200 м, баттерфляй

1. Криштоф Милак (Венгрия);
2. Томору Ҳонда (Япония);
3. Федерико Бурдиссо (Италия).

Аёллар. 200 м, комплекс

1. Юи Охаси (Япония);
2. Алекс Уолш (АҚШ);
3. Кейт Дугласс (АҚШ).

Аёллар. 1500 м, эркин усул

1. Кэтлин Ладеки (АҚШ);
2. Эрика Салливан (АҚШ);
3. Сара Колер (Германия).

Велошоссе. Аёллар. Индивидуал пойга

1. Аннемик ван Влетен (Нидерландия);
2. Марлен Ройссер (Швейцария);
3. Анна ван дер Бреген (Нидерландия).

Эркаклар. Индивидуал пойга

1. Примож Роглич (Словения);
2. Том Дюмолен (Нидерландия);
3. Роан Деннис (Австралия).

Регби-7. Эркаклар

1. Фиджи;
2. Янги Зеландия;
3. Аргентина.

Дзюдо 70 кг, аёллар

1. Чизуру Араи (Япония);
2. Микаэла Поллерес (Австрия);
3. Мадина Таймазова (Россия);
3. Санне ван Дийке (Нидерландия.)

Қиличбозлик. Шамшир. Жамовий баҳслар, эркаклар

1. Жанубий Корея;
2. Италия;
3. Венгрия.

Дзюдо. 90 кг, эркаклар

1. Лаша Бекаури (Грузия);
2. Эдуард Триппель (Германия);
3. Кристиан Тот (Венгрия);
3. ДАВЛАТ БОБОНОВ (ЎЗБЕКИСТОН).

От спорти. Яккалик

1. Жессика фон Бредов-Верндль (Германия);
2. Изабель Верт (Германия);
3. Шарлотт Дюжарден (Буюк Британия).

Оғир атлетика. 73 кг, эркаклар

1. Ши Чжиюн (Хитой);
2. Хулио Перния (Венесуэла);
3. Раҳмат Абдулла (Индонезия).

Спорт гимнастикачи. Эркаклар. Кўпкураш

1. Дайки Хашимото (Япония);
2. Сяо Жотэн (Хитой);
3. Никита Нагорний (Россия).

Баскетбол 3x3. Аёллар

1. АҚШ;
2. Россия;
3. Хитой.

Эркаклар

1. Латвия;
2. Россия;
3. Сербия.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар