28.07.2021 16:03
5541
Токио-2020. Дзюдо. Давлат Бобонов – бронза медали соҳиби

Дзюдочи Давлат Бобонов Токио-2020 Олимпия ўйинларининг бронза медалини қўлга киритиб, Ўзбекистон делегациясига иккинчи медални тақдим қилди.

-90 кг вазн тоифасида курашган Бобонов бронза учун курашда туркиялик Михаэл Зганкка қарши татамига чиқди. Биринчи раунддаёқ унинг ижросидаги усул вазари/иппон билан баҳоланди ва ушбу ғалаба Бобоновнинг совринлари жамғармасига Олимпиада медалини ҳам қўшиб қўйди.

Бобонов бу медал учун бугун бешта жанг ўтказди. У дастлаб италиялик Николас Мунгайга қарши гиламга чиқиб, битта вазари баҳоси эвазига ғалаба қозонди. Иккинчи даврада эса украиналик Кеджау Набалига қарши гиламга чиқиб, биринчи раунддаёқ мағлубиятга учрабиб, чорак финалга йўл олди.

Аммо бу босқичда у Европа чемпиони, грузиялик Лаша Бекаури билан баҳсда дзюдо қоидаларига зид ҳаракати учун (рақиб ҳужумида бош билан нотўғри ҳаракат) ҳакам томонидан қизил карточкага лойиқ кўрилди ва мағлубиятга учради.

Шундан сўнг Бобонов бронза медали учун курашадиган бўлди. Ўтиш баҳсларида икки карра жаҳон чемпиони келиб чиқишига кўра грузин бўлган, Испания номидан қатнашаётган Николоз Шеразадишвилига қарши кураш олиб борди. Бу жангнинг асосий 4 дақиқасида ҳисоб очилмагач, олтин очко учун жангда ғолиб аниқланди. Жами 10 дақиқа 5 сония давом этган курашда Бобонов вазари эвазига ғалаба қозониб, бронза учун курашиш имконини қўлга киритди.

Бронза учун туркиялик спортчига қарши гиламга чиққан Давлат Бобонов дастлаб огоҳлантириш олган бўлса-да, иппон эвазига ғалаба қозонди.

Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси Токио-2020 Олимпия ўйинларидаги иккинчи, дзюдо беллашувларидаги дастлабки медалига сазовор бўлмоқда.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар