28.07.2021 21:55
22504
Токио-2020. 29 июлда чиқиш қиладиган ўзбекистонлик спортчилар рўйхати

29 июль куни Ёзги Олимпиаданинг олтинчи кунги баҳслари ўтказилади. Эртанги баҳсларда яна 6 нафар ўзбекистонлик спортчи 5 спорт тури бўйича ўз омадини синаб кўради.

Шу кунги баҳсларда Ўзбекистон бокс жамоасининг 3 нафар вакили рингга чиқади, дзюдо жамоасининг энг оғир вазнли вакилларидан бири баҳсларга киришади.

Ўзбекистонликларнинг иштирокини соат 7:20да Шаҳбоз Холмирзаев ва Собир Сафаралиев бошлаб беради. Бу жуфтлик академик эшкак эшиш бўйича 12-18-ўринлар учун баҳсларда қатнашади.

Соат 7:25да эса Ўзбекистон шарафини дзюдо бўйича -100 кг вазнда ҳимоя қилаётган Муҳаммадкарим Хуррамов иштирокини бошлайди. Унинг илк рақиби ирландиялик Бенжамин Флетчер бўлади.

Шу куни Ўзбекистон бокс жамоасининг уч нафар вакили - Баҳодир Жалолов, Турсуной Раҳимова ҳамда Фанат Қаҳрамонов ўз жангларини ўтказишади.

Соат 8:05да +91 кг вазн тоифаси вакили Баҳодир Жалолов Олимпиададаги юришини бошлайди. Илк жангни у озарбойжонлик Муҳаммад Aбдуллаевга қарши ўтказади.

25 июль кунги баҳсларда польшалик Сандра Драбикни енгиб, Олимпиадаларда ўзбекистонлик аёл боксчиларнинг илк ғалабаси муаллифига айланган Турсуной Раҳимова навбатдаги жангини ўтказади. -51 кг вазн тоифаси вакили соат 9:10да 1/8 финал доирасида туркиялик Бузе Назга қарши рингга кўтарилади.

Соат 13:15да эса Фанат Қаҳрамонов (-75 кг) қозоғистонлик Aбилхан Aманкулга қарши жанг ўтказади. Қаҳрамонов биринчи босқичда грузиялик Гиорги Харабадзедан устун келиб, 1/8 финалга чиққанди.

Ўзбекистон бокс жамоаси шу вақтгача тўрт йўқотишга учради. Санжар Турсунов (-91 кг) ва Шаҳноза Юнусова (-69 кг) илк рақибларига мағлуб бўлиб, турнирни 1/16 финалдаёқ тарк этганди. Бугунги жангларда иштирокини 1/8 финалдан бошлаган Миразизбек Мирзахалилов (-57 кг) ҳакамлар қарорига кўра сенсацион равишда ирландиялик Курт Уолкерга ютқазди, 1/16 финалда ирландиялик Эммет Бреннанни осонлик билан мағлуб этган Дилшод Рўзметов (-81 кг) асли келиб чиқиши кубалик бўлган ва ҳозирда Озарбойжон байроғи остида рингга чиқаётган Алфонсо Домингес қаршисида ожиз қолди.

Элнур Абдураимов (-63 кг), Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг) ва Бобо-Усмон Ботуров (-69 кг) ҳам курашни давом эттирмоқда. 

Бешинчи кунги баҳслардан кейин Ўзбекистон делегацияси 1 олтин ва 1 бронза медал билан умумий рейтингда Хорватия ва Эстония билан бир хил натижа қайд этган ҳолда 24-26-ўринларни бўлишиб турибди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар