25.07.2021 18:56
5327
Теглар
Олимпиада чемпионининг онаси: «Ҳеч қачон ўғлим иштирок этган жангларни кўра олмайман»

Токио шаҳрида бўлиб ўтаётган ёзги Олимпиада ўйинларининг таэквондо спортида -68 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Улуғбек Рашидов финал баҳсида британиялик Бредли Синден устидан ғалаба қозониб, чемпионга айланди. Якуний баҳс олдидан Олимпиада чемпиони истиқомат қиладиган хонадонда бўлиб, унинг онасидан финалолди фикрларни олдик. 

«Мен учун, нима бўлган тақдирда ҳам, барчаси ажойиб. Нафақат ўғлим, бутун таэквондо федерацияси катта кўламдаги иш бажарди. Улар жуда кўплаб маротаба чет давлатга турли мусобақалар учун учиб кетар эдилар. У жуда кўплаб ғалабаларга эришган. Ўғлим ҳақида фақат хурсандчилик билан гапиришим мумкин. 

Шу қаторда барча ҳамюртларимиз дунёнинг турли бурчакларидан етиб келган спортчилар орасида юқори натижаларга эришаётгани қувонарли. 

Ҳа, ёшлар Олимпиадасида у кумуш медалга эришганди. Атиги 2 балл етмай қолганди. Ўшанда кумуш медаль олганидан сўнг, катталар ўртасидаги мусобақаларда қатнаша бошлади ва мен унинг Олимпиада чемпионига айлана олишига ишонгандим. Ва ниҳоят, бугун Худо насиб этса, у чемпионга айланади. 

Ҳеч қачон ўғлим иштирок этган жангларни кўра олмайман. Ундан хабар келишини кутаман. Ўғлим доим мусобақалардан сўнг ўзи нима бўлгани, нечанчи ўринни олганини хабар қилади. Лекин мен доим қачон ўғлим чемпион бўлади, қачон пастроқ ўринни олади - барчасини сезаман. Умуман олганда, у кўпинча ғалаба қозонади. Мен доим Яратгандан ўғлимнинг лойиқ бўлган натижаларига эришишини сўрайман. Қўлга киритган медалларининг барчасига у катта меҳнатлари билан эришган. 

6 ёшидан буён таэквондо билан шуғулланади. У бир неча маротаба бошқа спорт турида ўзини синаб кўришни ҳам хоҳлаганди. Бир қанча муддат футбол билан ҳам шуғулланди.  Якунда, у барибир шу йўлни танлади. Унинг мураббийларига ҳам раҳмат айтаман. 

Албатта, унинг характери енгил эмас. Лекин бу уни олдинга бошлайди. Мен она сифатида ўғлимни доим қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламан. Қандай феъл-атворга эга бўлмасин, у менинг ўғлим. 

Очиғини айтадиган бўлсам, ўғлимнинг кеча жанг қилишини истагандим. Кеча ушбу натижани қайд этганда, Президентимизнинг туғилган кунларига катта совға бўлган бўларди. Нима бўлган тақдирда ҳам, бу ғалаба юртбошимизнинг таваллуд айёмлари учун муносиб совға бўлади», - деди Оксана Рашидова. 

Маълумот учун, ушбу медаль Токио Олимпиадасида юртдошларимиз қўлга киритган дастлабки ғалаба ҳисобланади. Ушбу олтин медаль орқали Ўзбекистон Олимпиада медаллар жамғармаси бўйича 11-ўринга кўтарилиб олди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар