22.07.2021 13:45
7505
Бразилия Олимпиада чемпионлигини ўзида сақлай оладими? Токио-2020 футбол баҳслари иштирокчи жамоалари, ўйинлар ва юлдузлар ҳақида

Бугун, 22 июлдан 7 августга қадар Япония яшил майдонларида Ёзги Олимпиада Ўйинлари-2020 футбол турнири ўтказилади. Мусобақа олдидан Токио-2020 футбол баҳслари иштирокчи жамоалари, формати, стадионлар ва таниқли футболчилари билан танишинг.

Қайси жамоалар иштирок этади?

Олимпиада ўйинларининг эркаклар футбол турнири барча футбол мухлисларининг катта қизиқишига сабаб бўлади. Мусобақада сайёрамизнинг олти футбол конфедерациясидан 16 жамоа иштирок этади. Иштирокчилар орасида Франция, Аргентина, Испания, Бразилия ва Германия каби жаҳоннинг етакчи жамоалари ҳам бор. Айнан уларнинг мусобақа ғолиблиги ва совринли ўринлар учун имкониятлари юқори ва улар фаворит сифатида эътироф этилишмоқда. Осиё шарафини турнирда Япониядан ташқари Австралия, Жанубий Корея ва Саудия Арабистони жамоалари ҳимоя қилишади.

Ким қайси гуруҳда? 

Жамоалар қуйидаги гуруҳларга бўлинган ҳолда баҳс олиб боришади:

1-тур ўйинлари вақти:

22 июль (пайшанба)

13:00. Миср - Испания          

13:00. Мексика - Франция     

13:00. Янги Зеландия - Жанубий Корея        

13:30. Кот-д'Ивуар - Саудия Арабистони     

15:30. Аргентина - Австралия

16:00. Ҳондурас - Руминия   

16:00. Япония - ЖАР 

16:30. Бразилия - Германия   

Мусобақа формати

Гуруҳ баҳслари 22 июлдан 28 июлга қадар давом этади. Ҳар бир гуруҳдаги икки етакчи плй-оффга чиқишади. Улар тўрт жуфтликка бўлинган ҳолда 31 июль куни чоракфинал босқичида беллашишади. 3 августда 1/2 финал учрашувлари бўлиб ўтади. Финал ўйини 7 августда Йокогама шаҳрида, бронза медали учун ўйин эса 6 августда Сайтама шаҳрида ўтказилади.

Мезбон шаҳарлар ва стадионлар

Ўйинлар Япониянинг қуйидаги шаҳарларидаги стадионларида бўлиб ўтади:

«Кашима Стэдиум», Кашима шаҳри, 42000 ўрин

«Мияги Стэдиум», Рифу шаҳри, 48000 ўрин

«Сайтама Стэдиум 2002», Сайтама шаҳри, 62000 ўрин

«Саппоро Стэдиум», Саппоро шаҳри, 42000 ўрин

«Токио Стэдиум», Токио, 60102 ўрин

«Интернешнл Стэдиум Йокогама», Йокогама шаҳри, 70000 ўрин.

Асенсио, Педри, Дани Алвес, Ришарлисон, Байи...

Жамоалар «заявка»лари 22 нафар футболчидан иборат. Турнирда 23 ёшгача бўлган футболчилар иштирок этишади ҳамда ҳар бир жамоа ёши борасида чегара бўлмаган уч нафардан ўйинчини жалб қилиш имкониятига эга.

Терма жамоалар таркибига назар ташлар эканмиз, бир қатор таниқли ҳамда истеъдодли футболчилар кун чиқар юртга ташриф буюрганига гувоҳ бўламиз.

Жумладан, Андре-Пьер Жиньяк, Флориан Товен (Франция), Хироки Сакаи, Майя Йошида, Рицу Доан, Такехиро Томиясу (Япония), Гильермо Очоа (Мексика), Ли Кан Ин (Жанубий Корея), Муҳаммад Аш-Шенави (Миср), Унай Симон, Оскар Мингеса, Пау Торрес, Марко Асенсио, Дани Себальос, Микель Ойарсабаль, Эрик Гарсия, Карлос Солер, Педри, Дани Ольмо (Испания), Диего Карлос, Дуглас Луис, Бруну Гимараэс, Матеуш Кунья, Ришарлисон, Дани Алвес, Рейньер, Габриэль Мартинелли (Бразилия), Максимилиан Арнольд, Макс Крузе, Надем Амири (Германия), Эрик Байи, Франк Кессье, Амад Диалло, Макс Градель (Кот Д‘Ивуар), Ёссир Аш-Шаҳрони, Салим Ад-Давсари, Салмон Ал-Фараж (Саудия Арабистони).

Бразилия чемпионликни ҳимоя қила оладими?

Сўнгги Олимпиада ўйинлари футбол турнири 2016 йил ёзда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган ва у майдон эгаларининг ёрқин ғалабаси билан тарихда қолган. Ўшанда Неймар етакчилигидаги Бразилия ҳал қилувчи ўйинда Германия билан куч синашган. Учрашувнинг асосий ва қўшимча вақтида 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилган, пенальтилар сериясида эса омад бразилияликларга кулиб боққан – 5:4. Бронза медали эса Гондурасни 3:2 ҳисобида мағлуб этган Нигерияга насиб этган. Кўрамиз, кучли ва номдор таркиб билан келган Бразилия Японияда ҳам чемпионликни муносиб ҳимоя қила олармикан..?

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар