18.07.2021 09:00
5490
24 соат эфир, 3 та қўшимча канал ва интернет трансляция. «Sport TV» олимпиадага қандай тайёрланмоқда?

23 июлдан ХХХII ёзги олимпиада ўйинлари бошланади. Токиода ўтадиган беллашувларни «Sport TV» телеканали қандай ҳажмда трансляция қилади? Бу борадаги саволларга жавоб олиш мақсадида ЎзМТРКда бўлиб, «Sport TV» директори Зоҳид Каримов ва шарҳловчи Дилшод Тўхтабеков билан суҳбатлашдик.

– Зоҳид ака, энг узоқ кутилган олимпиада бошланишига оз вақт қолмоқда. Мухлисларни тўғридан тўғри трансляциялар қизиқтириши табиий. Қандай тайёргарлик кетмоқда?

–ЎзМТРК ўйинлар трансляция ҳуқуқини анча аввал қўлга киритганди. «Sport TV» олимпиадани онлайн режимда 24 соат давомида ёритади. Мусобақада параллел тарзда бир қанча спорт турларидан беллашувлар бўлиб ўтади. Шу сабаб қўшимча телеканаллар – «O‘zbekiston», «Toshkent» ва «Oilaviy»ни ҳам жалб қилдик. Шунингдек, интернетда «Sport 2» виртуал телеканалини очганмиз ва у ерда юқоридаги телеканалларда кўрсатилмаган баҳслар бериб борилади. Токиодан 12 та сигнал оляпмиз, бу эса бемалол 12 та каналда эфир берилиши мумкин дегани. Энг муҳим 6 тасини онлайн режимда, қолган 6 тасини ёзиб олинган ҳолда кўрсатишни режалаштирганмиз.

Шарҳларга имкон қадар мутахассисларни жалб қилмоқчимиз. Масалан, мухлисларга оғир атлетика баҳсларини Руслан Нуриддинов, таэквондони Димитрий Шокин шарҳлаб бориши ва ўрнида таҳлил қилиб кетиши қизиқ бўлади. Бундан ташқари кундаликлар, интервьюлар бериб борамиз, Японияга 5 нафар журналист кетмоқда. Воқеа жойидан кўрсатувлар тайёрлашни, суҳбатлар уюштиришни ҳам мақсад қилганмиз.

– Ўзбекистон Суперлигасида кўрдик: параллел ўтаётган баҳслардаги хавфли вазиятлар ва голлар асосий каналда экранни 2-3 га бўлган ҳолда намойиш этилди. Олимпиадада бир қанча спортчиларимизнинг иштироки бир вақтга тўғри келганда, шундай форматдан фойдаланиладими?

– Албатта. «Sport TV»ни асосий канал сифатида олсак, қайсидир спортчимизнинг иштироки бошланганда экранни сиз айтгандек 2-3 га бўлиб, вакилларимизнинг иштирокини асосий планга чиқаришимиз мумкин. Шарҳловчилар ҳам бунга тайёргарлик кўришмоқда. Бирор спортчимизнинг иштироки эфирдан четда қолмаслиги керак.

– Қўшимча телеканалларни жалб қилиш ҳақида гапирдингиз. Бошқа мамлакатларда бўлгани каби «Sport 2», «Sport 3» телеканалларини очиш мақсади борми?

– Ҳозирги кунда кўпчилик интернет платформаларига ўтиб кетяпти. Истаймизми-йўқми, келажак ўша томонда. Шу сабабли «Sport 2» виртуал каналини очдик. Бу қанчалик ўзини оқлашини кўрамиз. Телеканалларни кўпайтириш аслида қийин эмас, лекин уларни сифатли контент билан таъминлаш керак.

– Олимпиада трансляцияси анча аввал сотиб олинган, дедингиз. Турнир пандемия туфайли қолдирилгач, кейинчалик нархида кўтарилиш ёки пасайишлар бўлмадими?

– 2017 йили сотиб олгандик. Ўшанда сотиб олганлар учун нарх ўзгармади. Лекин ҳозир қимматлашган. Чунки томошабинлар киришига рухсат берилмади, натижада энди барча ТВ орқали кўради.

Телеканал шарҳловчиси Дилшод Тўхтабеков фаолияти давомида биринчи бор бундай йирик ҳажмдаги трансляцияларда ишлашини айтди.

– Дилшод ака, шарҳловчилар кенг масштабда трансляция қилинадиган олимпиадага тайёрми?

– «Sport TV» телеканалига қадам қўйганимдан бери, назаримда, энг йирик масштабдаги трансляцияни амалга ошириш арафасидамиз. Бунақаси бўлмаган. Авваллари ҳам трансляциялар ҳуқуқини олганмиз, аммо чегара бор эди, техник имкониятлар чекланганди. Масалан, Риода ўтган олимпиадада барча беллашувларни «Sport TV»га сиғдиришга ҳаракат қилгандик. Ҳозир эса бошқа телеканалларда ҳам эфирлар амалга оширилади. Ҳамюртларимиз иштироки асосий каналда кетса, футболга ўхшаган аудиторияси катта спорт ўйинлари қолган телеканалларда эфирга узатилади. Бу шарҳловчилар учун мураккаблик, бироқ ўз навбатида янги чақирув, замон шуни талаб қилмоқда. Ушбу жараёндан ўтишимиз, шу қозонда қайнашимиз керак.

– Спорт турига қараб шарҳловчилар тақсимоти йўлга қўйиладими?

– Албатта, ҳамма ўзи яхшироқ билган спорт турини шарҳлайди. Рихситилла Умаров, Сардор Раҳимов каби ҳамкасбларим яккалик баҳсларида ишлашади. Универсал шарҳловчиларимиз ҳам бор. Мен асосан жамоавий спорт турларини шарҳлайман.

«Sport TV» футбол бўйича еврокубоклар трансляциясини сотиб олди. Бу хабар мухлислар орасида шов-шувли тарзда қарши олинди. Зоҳид Каримовдан телеканал бунга қандай эришгани ҳақида сўрадик.

– Чемпионлар Лигаси, Европа Лигаси, Конференциялар Лигаси, Ёшлар Лигаси трансляциялари ҳуқуқи сотиб олингани ижтимоий тармоқларда сенсациядек қабул қилинди. Юқоридаги турнирлар, хусусан, Чемпионлар Лигаси қайси босқичдан эфирга узатилади? Ўйинлар сонида лимит борми? Гуруҳ босқичида ҳар бир турда нечта ўйинни кўришимиз мумкин?

– УЕФА миқёсидаги турнирларни сотиб олганимизга чиндан бошқача реакция билдиришди. Лекин шахсан мен бироз ҳайрон қолдим, чунки аввал ҳам МРТКдаги «Yoshlar», кейинчалик «Sport TV» телеканаллари деярли барча турнирларни кўрсатиб келган. Ўшанда ҳам сотиб олиб кўрсатганмиз. Тўғри, ўртада рухсатсиз араб телеканалларидан олиб бериш ҳолатлари ҳам бўлган, лекин сотиб олиниб кўрсатилган турнирлар сони жуда кўп. Ҳозирдан айтаман: бу ҳали ҳаммаси эмас. Шундай қабул қилишаётган бўлса, бундан-да шов-шувли янгиликларни ҳам эшитишади, насиб қилса.

Трансляцияларга келсак, Чемпионлар Лигасида гуруҳ босқичида ҳар бир турдан 8 та ўйинни олиб кўрсатишни режалаштирганмиз. Ҳаммасини ҳам олиб кўрсатишимиз мумкин, лекин каналлар сони етарли эмас. «Sport TV»дан ташқари «Mahalla» телеканали ва боя айтганимдек, интернетда «Sport 2» каналида ҳам тўғридан тўғри трансляциялар бўлади. Марказий ўйинлар сони кўп бўлса, қизиқиш ва талаб юқорилигидан келиб чиқиб МТРКдаги бошқа каналларда ҳам эфирлар бўлиши мумкин.

– Сир бўлмаса, Чемпионлар Лигаси трансляцияси қанчага сотиб олинди?

–  Олимпиада ҳақида яхши гаплашётгандик (кулади). Шартнома нархини айта олмайман, чунки аниғини билмайман. Музокараларда иштирок этаман, лекин молиявий жараёнлар бўйича махсус департамент шуғулланади. Уларнинг ичида иқтисодчилар бор. Ҳозир ҳеч бир спорт трансляцияси арзон эмас. Масалан, иқтисодий жиҳатдан яхши бўлган қўшни мамлакатлардан бири ҳалигача олимпиада трансляциясини сотиб ололмади, нархи қиммат бўлгани учун. Олимпиада ва ЕЧЛни солиштирадиган бўлсак, Чемпионлар Лигаси бироз қиммат, лекин бир неча баравар эмас эмас. ЕЧЛ нега қиммат? Чунки у мавсумий, деярли бир йил давомида сизда контент бўлади. Асосий мақсадимиз – харажат қопланса бўлди. Ахир биз тижорий эмас, бепул телеканалмиз.

Tribuna.uz мухбири Аъзамжон Иззатиллаев суҳбатлашди

Тасвирчи ва монтаж устаси – Маҳмуд Солиев

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар