15.07.2021 14:09
15370
Ёзнинг энг асосий 14 трансфери: «ПСЖ» дрим-тим йиғди, Санчо «МЮ»да, Депай «Барселона»да

Европа чемпионати арафасида, турнир вақтида ва турнирдан кейин бир қатор катта трансферлар амалга оширилди.

Жанлуижи Доннарумма
Қаердан:
«Милан»
Қаерга: «ПСЖ»
Трансфер қиймати: эркин агент

Евро-2020нинг бош қаҳрамони «Милан» билан шартномасини узайтиришни истамади. Бу ҳақда турнирдан аввалроқ маълум бўлиб улгурганди, шу туфайли клуб «Лилль»да ажойиб мавсум ўтказган франциялик дарвозабон Мик Меньянни 15 млн евро эвазига сафига қўшиб олиб, у билан беш йиллик шартнома имзолади. Евродаги ғалабадан кейин Доннарумма ўзининг сўнгги олти йилини ўтказган «Милан» клуби мухлислари билан илиқ хайрлашди. «Барселона», «Ювентус», «Рома», «Челси» ва «Тоттенҳэм» каби клублардан ҳам қизиқишлар бўлган дарвозабон Парижни танлади. 14 июль куни Доннарумма «ПСЖ» футболчиси сифатида таништирилди. Париж клуби билан 2026 йилгача шартнома тузган 22 ёшли дарвозабон 50-рақамли футболкада ҳаракат қилиб, йилига 12 миллион евро миқдорида маош олади.

Ашраф Ҳакими
Қаердан: «Интер»
Қаерга: «ПСЖ»
Трансфер қиймати: 60 миллион евро (+11 миллион евро бонуслар кўринишида)

«ПСЖ» — трансфер бозорида яна фаол иштирокчи. Клуб 6 июль куни Ҳакими трансферини эълон қилганди. «Интер» билан Италия чемпиони бўлган марокашлик ҳимоячи Миланда узоқ вақт қолмади — бир мавсум ўтиб у ўз кучини яна бир янги чемпионатда синаб кўради. Ушбу ўнг қанот ҳимоячиси «нерадзурри» учун барча турнирлар доирасида 45 ўйин ўтказиб, 7 гол урди ва 11 голли узатмага муаллифлик қилди. Унинг бу ўйинларидан кейин Париждан таклифнома узоқ куттирмади — «Интер»да эса молиявий жиҳатдан қийин даврлар бошланган ва клуб раҳбарияти ҳам бу таклифни жон деб қабул қилди. Футболчи Парижда йилига 10 миллион евро миқдорида маош билан таъминланади.

Серхио Рамос
Қаердан: «Реал»
Қаерга: «ПСЖ»
Трансфер қиймати: эркин агент

Бу ёзда парижликлар эркин агентлар бозорида жуда унумли ҳаракат қилишди. 21 асрнинг энг яхши тўпурар ҳимоячиси Серхио Рамос ҳам клубга текинга тушди. Испаниялик фахрий ҳимоячи «Реал» билан келишувни узайтирмади. Мадрид клубида у 16 йил ўтказди ва 22 соврин, жумладан тўрт бор Чемпионлар лигаси ғолиблигини қўлга киритди. 35 ёшли футболчининг «ПСЖ» билан шартномаси икки йилга мўлжалланган.

Давид Алаба
Қаердан: «Бавария»
Қаерга: «Реал»
Трансфер қиймати: эркин агент

Мадридга Рамос учун муносиб ўринбосар ташриф буюрди. 29 ёшли Давид Алаба фаолиятининг катта қисмини чап қанот ҳимоячиси сифатида ўтказган, баъзида сал юқорироқ жойлашиб, ҳужумларга фаол қўшилган. «Бавария»да сўнгги икки мавсумда ушбу австриялик ҳимоя марказида ўйнади ва унинг ўйини сифат жиҳатдан ўзгармади. У мюнхенликлар сафида 12 йил ўтказиб, 28 соврин ютиб олди, шундан 2таси ЕЧЛ ғолиблиги. «Реал»га ўтиш — Алаба учун янги чақириқ. Шартнома беш йилга мўлжалланган.

«Мен бир катта клубни бошқа бир катта клуб учун тарк этмоқдаман. «Реал»га қўшилаётганимдан катта фахр туяман. Мюнхендаги шунча йилдан кейин мен янги чорловни қабул қилдим ва Мадрид клубининг ажойиб тарихи давом этиши учун қўлимдан келган барча ишни қиламан», дея ёзди «Қироллик клуби»нинг янги аъзоси твиттерида.

Журналист Фабрицио Романонинг маълумотига кўра, Алабанинг йиллик маоши миқдори 12 млн еврога тенг бўлади. Transfermarkt портали унинг «Реал»га ўтишини тарихдаги энг қимматбаҳо бепул трансфер деб тан олган. Ҳозирда австрияликнинг трансфер қиймати 55 млн еврога баҳоланмоқда.

Ибраҳима Конате
Қаердан: «Лейпциг»
Қаерга: «Ливерпуль»
Трансфер қиймати: 40 миллион евро

Мерсисайдликлар ниҳоят ван Дейк билан ҳимояда тандем ҳосил қила оладиган сифатли футболчига эга бўлди. «Ливерпуль» 22 ёшли футболчи учун «Лейпциг»га 40 миллион евро тўлади. Конате Бундеслиганинг сўнгги икки мавсумида турли жароҳатлар туфайли барқарор ўйнай олмаган бўлса-да (жами 22 ўйин), «Ред Булл»да мураббий бўлган Ральф Рангник Конате ақл билан ўйнаши ва майдонда керакли вақтда тўғри позиция танлай олишини эътироф этганди. Катта эҳтимол билан Юрген Клопп унинг айнан шу жиҳатларига эътибор қаратган.

Жоржиньо Вейналдум
Қаердан: «Ливерпуль»
Қаерга: «ПСЖ»
Трансфер қиймати: эркин агент

Топ даражадаги эркин агентлар Парижга келиши давом этади. «Ливерпуль» ва Нидерландия термаси етакчиси Жоржиньо Вейналдум мавсум давомида клубни тарк этишини билдирганди. Лекин унинг режаларида Париж гиганти йўқ эди. Вейналдум «Барселона»да ўйнашни истаган, ёзгача у каталонлар клубида пайдо бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмаётганди, аммо сўнгги лаҳзаларда «ПСЖ» варианти пайдо бўлди. Парижликлар унга икки баробар кўп маош таклиф этишди. Нидерландия термаси сардори пойтахт клубида 2024 йилга қадар тўп суради, унинг йиллик маоши миқдори 10 миллион еврога тенг.

Родриго Де Пауль
Қаердан: «Удинезе»
Қаерга: «Атлетико»
Трансфер қиймати: 35 миллион евро

Бу ёзнинг энг янги трансферларидан бири — Родриго Де Паулнинг «Атлетико»га ўтиши бўлди. Аргентиналик ушбу футболчи анча вақтдан буён «Удинезе» даражасидан ўтиб кетганди, аммо ушбу камтаргина итальян клубида кўп вақт қолиб кетди. Сўнгги вақтларда «Ювентус»га ўтиши айтилган ушбу футболчи Америка Кубогидаги ёрқин ўйинларидан кейин бошқа бир топ-клубда пайдо бўлди. Де Пауль Америка Кубоги финалида Бразилияга қарши ўйинда ғалаба голини урган Анхель Ди Марияга голли узатма берди ва миллат қаҳрамонларидан бирига айланди. 27 ёшли футболчи Испаниянинг амалдаги чемпионлари билан беш йиллик шартномага имзо чекди.

Ҳоқон Чалхонўғли
Қаердан: «Милан»
Қаерга: «Интер»
Трансфер қиймати: эркин агент

2021 йил ёзи Ҳоқон Чалхонўғли учун мураккаб кечди. Аввалига Туркия термаси билан Евро-2020да муваффақиятсизликка учради. Кейин фаолиятини давом эттириш бўйича қийин қарор қабул қилинди. Чалхонўғли тўрт йил «Милан»да тўп сурди, аммо шартномасини янгилашни истамади. Якунда ушбу турк футболчиси «россонери»нинг азалий рақиби «Интер» сафига ўтишга қарор қилди ва бу клуб билан уч йиллик шартнома тузди. Кейинги дерби вақтида Чалхонўғли ўзини жуда ноқулай ҳис қилиши таъминланади.

Эмилиано Буэндиа
Қаердан: «Норвич»
Қаерга: «Астон Вилла»
Трансфер қиймати: 38 миллион евро

Июнь ойи бошида Англиядаги энг шов-шувли трансферлардан бири амалга ошди. Кўп йиллардан буён Чемпионшипда ҳам, АПЛда ҳам «Норвич»нинг асосий етакчиси бўлиб келган, аллақачон топ-клублар учун тайёр футболчига айланган Эмилиано Буэндиа «Астон Вилла»га ўтди. 24 ёшли аргентиналик якунланган мавсумда «Норвич» сафида 15 гол урган (5та голини жарима майдони ташқарисидан урган) ва 16 голли узатмага муаллифлик қилиб, жамоаси билан Чемпионшипда чемпион бўлган. Бир йилдан буён «Арсенал» нишонида бўлиб келган футболчи бирменҳемликларни танлади. Ўнг қанотга яқин ҳаракатланадиган Буэндиа янги клубида Жек Грилиш билан рақобатчи бўлмайди, лекин агар у бошқа клубга трансфер қилинса, унинг ўрнига жамоа етакчиси бўлиши мумкин.

Жейдон Санчо
Қаердан: «Боруссия» Д
Қаерга: «Манчестер Юнайтед»
Трансфер қиймати: 85 миллион евро

Бу рўй берди. Жейдон Санчо Дортмунднинг «Боруссия» клубидан «Манчестер Юнайтед»га ўтиши ҳақида хабарлар анча вақтдан бери юрарди, «қизил иблислар» шу ёзга келиб ушбу инглиз вингери трансферини эълон қилди. Ушбу келишувдан манчестерликларнинг қўшниси ҳам улуш олади. «Боруссия»га кетишдан олдин Санчо икки йилни «Манчестер Сити» тизимида ўтказган, шу туфайли «шаҳарликлар» ушбу трансфердан 13 миллион евро атрофида фойда кўради.

Мемфис Депай
Қаердан: «Лион»
Қаерга: «Барселона»
Трансфер қиймати: эркин агент

Депайнинг «Барселона»га ўтишини Санчонинг «Манчестер Юнайтед»га ўтишидан кам кутишгани йўқ. Каталонияликлар, худди «ПСЖ» каби бу ёзда кўпроқ эркин агентларни сафга қўшиб олишга эътибор қаратишмоқда. Евродан олдин улар Серхио Агуэро ва Эрика Гарсиянинг трансферини эълон қилишганди, турнир вақтида эса Депай билан келишувга эришилгани расман маълум қилинди.

Якунланган мавсумда ушбу нидерландиялик футболчи «Лион» учун барча турнирлар доирасида 40 ўйинда иштирок этиб, 22 гол урди ва 12 голга узатма берди. Евро-2020да ушбу ҳужумчи икки гол ва икки голли узатмаси билан терма жамоаси плей-оффга чиқишига ёрдам берди, аммо 1/8 финалда чехларга қарши ўйинда ҳеч нарса қила олмади (0:2). Каталонлар клубида Депай икки мавсум ўтказади.

Андре Силва
Қаердан: «Айнтрахт»
Қаерга: «Лейпциг»
Трансфер қиймати: 23 миллион евро

Андре Силва «Лейпциг»да ўйнаб кета олиши ҳақида аниқ айтиш қийин, аммо немис клуби яхши трансфер амалга оширди. Ушбу португалиялик ўтган мавсумда Бундеслигада 28 гол уриб Левандовскидан кейинги иккинчи тўпурар бўлган, бу борада Эрлинг Ҳоландни (27 гол) ортда қолдирган, «Лейпциг» эса уни ҳозирги ўлчовлар бўйича анча арзон нархда - 23 миллион евро эвазига қўлга киритди. 25 ёшли ҳужумчи билан 5 йиллик шартнома имзоланган.

Пэтсон Дака
Қаердан: «Зальцбург»
Қаерга: «Лестер»
Трансфер қиймати: 30 миллион евро

Дакуга баҳордаёқ топ-клублар эътибор қаратишни бошлаганди. Якунланган мавсумда у Австрия Бундеслигасини титратди: 28 ўйинда 27 гол уриб, катта фарқ билан лиганинг энг яхши тўпурари бўлди. Апрелда у 8 дақиқа ичида ҳет-трик қайд этганидан кейин унинг шуҳрати Европа бўйлаб ёйилди. Замбиялик футболчи Австрия чемпионати учун рекорд қийматдаги трансфер бўлди, у инглиз клуби билан беш йиллик шартномага имзо чеккан.

Серхио Агуэро
Қаердан: «Манчестер Сити»
Қаерга: «Барселона»
Трансфер қиймати: эркин агент

Аргентиналик ҳужумчи 10 йилини «Манчестер Сити»га бағишлади, клуб тарихидаги энг совриндор футболчи бўлди. Энди у «шаҳарликлар» сафини эркин агент мақомида тарк этди ва ўз дўсти Месси билан «Барселона»да ўйнайдиган бўлди. Mundo Deportivo нашри маълумотига кўра, Агуэронинг Каталониядаги йиллик маоши миқдори 6 млн евро бўлади, бу «Сити»дагидан бир неча баробар камроқ (унинг инглиз клубидаги маоши 23 млн евро эди). Унинг шартномасида 100 млн евро миқдорида бадал пули белгилаб қўйилган.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар