06.07.2021 18:27
18134
Парижга юлдузлар десанти ташланди: «ПСЖ» ЕЧЛнинг асосий фаворити бўлади

Париж суперклуби ўз амбицияларини намойиш этиб, ёзги трансферлардаги энг фаол иштирокчи бўлмоқда.

Почеттино қолади
29 май куни оқшомида Парижда нималар бўлгани аниқ эмас, аммо мантиқан ўйлаб кўрилса, «ПСЖ» боссларидан бири бир йил муқаддам француз суперклубини тарихда илк марта Чемпионлар лигаси финалига олиб чиққан Томас Тухель энди «Челси» формасида «қулоқли» кубокни боши узра кўтараётганига алам билан боққан. Бу чемпионликни «Лилль»га бой бериб қўйган ва иккинчи даражали кубокларнигина ўзиники қилган Париж хўжайинлари учун иккинчи зарба эди.

Мураббийлик фаолиятида шу вақтгача совринсиз бўлган Маурисио Почеттино эса Франция кубоги ва Суперкубокни ҳам натижа сифатида қабул қилди. «ПСЖ» учун бу — тубга чўкиш ҳисобланарди, кўп ўтмай французлар пойтахтида аргентиналик мутахассис ўзига билдирилган ишончни оқлай олмагани учун алмаштирилиши ҳақида миш-мишлар болалади. Аммо, айрим инсайдерлик маълумотларидан бошқа хабарлар бўлмади, клуб эса барча миш-мишларни рад этиб чиқди. Ўз навбатида, «Тоттенҳэм» ва «Реал»дан таклифлари бор бўлган мураббийнинг ўзи кетишни истаётгани ҳақидаги версия ҳам тасдиқланмади.

«Почеттино ҳақидаги миш-мишлардан зерикиб кетдик. Унинг яна икки йиллик шартномаси бор ва биз унинг ишидан қониқиш ҳосил қилмоқдамиз», — дея ишонч билдиради спорт директори Леонардо. Аммо унинг бу сўзлари француз нашрларини тинчлантира олмайди. Баъзи манбалар мураббий клуб менежменти фаолиятидан норозилигига урғу берса, бошқалари Почеттино ўзига билдирилган ишончдан миннатдорлиги ва шу туфайли ҳам томонлар ҳамкорликни давом эттиришини айтишди.

Фахрий футболчилар тажрибаси ва ёш юлдузларнинг чанқоқлиги
Миш-мишларга фақат «ПСЖ» президенти Носир Ал-Ҳелайфининг интервьюси нуқта қўйди, у бош мураббий билан икки суҳбати ҳақида гапириб берди. Бу суҳбатларнинг ҳар бири бир неча соатдан давом этган ва Почеттино клубда нақадар берилиб ишлаётгани ҳақида хулоса ҳосил қилинган. Мураббий Жоржиньо Вайналдумнинг трансферида муҳим ролни ўйнаган, у нидерландиялик футболчини Париж варианти «Барселона»га ўтишдан кўра яхшироқ эканига ишонтирган. Албатта, табиийки «ПСЖ»нинг молиявий имкониятлари ҳам ҳал қилувчи бўлган, Вейналдум ёзги трансферларда биринчилардан бўлиб жуда ёғли шартномани қўлга киритди.

Ўша интервьюда Ал-Ҳелайфи коронавирус инқирози барчага таъсир кўрсатгани, шу туфайли кўп вақт давомида катта харидлар бўлмаганини айтиб ўтган. Франция гранди қишда ҳеч кимни сотиб олмаган, ўтган мавсум арафасида эса ижара асосида ўйнаб келган Мауро Икардининг трансфер ҳуқуқини сотиб олиб, Алессандро Флоренци, Мойзе Кин ва Данилу Перейруни ижарага олганди.

Ҳозир эса ҳаммаси бошқача, «ПСЖ» қандай амбицияларга эгалиги бир неча ой олдин, Серхио Рамос «Реал» билан янги шартнома тузиш учун ўз шартларини қўя бошлаганида маълум бўлганди. Ўшанда испаниялик футболчи қаймоқранглилар президенти Флорентино Пересга Париждагилар унга у Лионель Месси билан бирга ўйнаши мумкин бўлган топ-клуб қурилишини ваъда қилишгани ҳақида айтганди. Аргентиналик юлдуз «Барселона»га садоқат билдириб клубда қолмоқда, Рамос эса Франция пойтахтига йўл олмоқда.

Бу ерда у ўзи истаганидек икки йиллик шартномага эга бўлади, шунингдек, ўз амбицияларини амалга ошириб, фаолияти якунида Чемпионлар лигасида яна бир бор ғолибликни нишонлаши мумкин. У бошқа вариантларни шунчаки кўриб чиқмади, чунки Вейналдум ва Рамосдан ташқари «ПСЖ»га яна икки юлдуз олиб келинмоқда: «Интер» билан ажойиб чемпионлик мавсуми ўтказган Ашраф Ҳакими ва жаҳон футболидаги энг кучли дарвозабонлардан бири Жанлуижи Доннарумма.

Агар клуб юқорида келтирилган тўртлик трансфери билан кифояланса ва Поль Погба билан дастлабки келишувга эришиб қўйилгани ҳақидаги миш-мишлардан ҳеч нарса чиқмаса ҳам, кўриниб турибдики, бу Чемпионлар лигасини ютишга қодир бўлган таркибдир. Бир томондан — Вейналдум ва Рамос «қулоқли» кубокни қандай харизма билан қўлга киритиш мумкинлигини билишади. Иккинчи томонда — катта ғалабаларга чанқоқ бўлган 22 ёшли Доннарумма ва Ҳакими. Қолаверса, «ПСЖ» Неймар билан яна кўп йиллик шартнома тузиб, уни таркибда олиб қолди.

Мбаппе ва олтин қафас
Ҳозирда парижликларнинг биринчи рақамли посбони ҳисобланадиган Кейлор Навас, шартномани узайтирган Юлиан Дракслер ва Франция термаси ҳимоячиси, Тиагу Сильва кетганидан кейин ўзини етакчи ҳис қила бошлаган Преснель Кимпебме бу трансферларга қандай муносабатда бўлиши ҳозирча қоронғи. Кўп вақт жароҳатини даволаган Рамоснинг ҳолати бўйича саволлар бор. Аммо булар топ-клубларнинг кундалик муаммолари ва ечимсиз эмас.

Аммо қуёшда ҳам доғ бўлгани каби жиддий муаммо бор — Килиан Мбаппенинг келажаги масаласи. Евро-2020 старти арафасида Ал-Ҳелайфи клубнинг қатъий позициясини маълум қилганди: «Биз уни ҳеч қачон сотмаймиз ва ҳеч қачон эркин агент сифатида кетмайди. Париж унинг ватани. Унинг миссияси нафақат футболчи бўлиш, балки Франция чемпионати, ўз мамлакати ва пойтахт шарафини ҳимоя қилиш».

Амалда бу баёнот Мбаппе олтин қафасга қамалиши ҳақида ва буни форварднинг ўзи Николя Анельканинг гапларисиз ҳам тушунади. «Қарор қилиш керак. Агар «Олтин тўп» олишни истасанг, бунга интилиш керак, Роналду ва Месси билан тенглашиш учун энг яхшилар билан рақобатлашишга тўғри келади. Мени тўғри тушун, лига 1 ҳам осон турнир эмас, аммо энг қийин чемпионат — Англияда. Шундай экан, сен энг яхшилардан бири бўлиш учун ҳозир «ПСЖ»да қилаётган ишларингни, «Челси», «Манчестер Юнайтед», «Арсенал», «Ман Сити» ёки «Ливерпуль»да қилишинг керак. Ёки Испанияга, «Реал» ёки «Барселона»га бор», — дея ёзган Франция футболининг яқин ўтмишдаги таниқли ҳужумчиларидан бири The Athletic нашрида.

Мбаппе йил бошидан буён 30 миллион евро миқдоридаги йиллик маош тўлаш кўзда тутилган янги шартнома бўйича таклифларни рад этди. Ҳатто клуб гўёки бу суммага 20 миллион евро қўшганида ҳам, футболчининг позицияси ўзгармаган. Испаниянинг Marca нашрининг у шартномага фақат бир шарт билан - унда кейинроқ «Реал»га ўтиш ҳақидаги банд қўшилсагина қўл қўйиши ҳақидаги хабарига ишониш қийин. Биринчидан, сўнгги вақтларда ушбу нуфузли нашр бир неча марта хато қилди, иккинчидан, Францияда, Испаниядагидан фарқли ўлароқ, бадал пули миқдори тўғрисидаги пункт киритиш тақиқланган.

Француз манбаларининг маълумотлари ҳақиқатга яқинроқ, уларнинг тасдиқлашича: Мбаппе Почеттинога шартномасининг охирги йилида ҳам ўйнаб беришни ваъда қилган. Шундай экан, Ал-Ҳелайфи нима демасин, бу ҳолатда Адриен Рабьо билан бўлгани каби таркибдан чиқариб ташлаш чорасини такрорлаб бўлмайди. Мбаппе жуда яхши ўйнайди ва жамоа учун фойдали. Қолаверса, Европа чемпионатидаги муваффақиятсизликдан кейин унда мотивация ҳаддан ташқари юқори бўлиб кетган, форвард Чемпионлар лигасини ютиб бериб, Париждаги миссиясини якунлаганини намойиш этиб, хотиржамгина ўзи орзу қилаётган «Реал»га йўл олиши мумкин бўлади. «ПСЖ»нинг ҳозирги таркиби билан бундай сценарий ҳар қачонгидан кўра реалроқ.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар