«Миллий жамоани янги даражага кўтара оладиган маҳаллий мураббийларимиз йўқ». Санъат Шарипов Кападзе ва Бердиев номзоди ҳақида

Ўзбекистон футбол ассоциацияси собиқ ходими, футбол агенти Санъат Шарипов Tribuna.uz’даги жонли эфир давомида Ўзбекистонда миллий жамоани янги даражага кўтара оладиган мураббийлар йўқлиги ҳақида гапирди. 

«Кўпчилик мухлислар Темур Кападзе ва Рўзиқул Бердиевнинг Ўзбекистон чемпионатидаги натижасидан келиб чиқиб, уларни миллий жамоани бошқаришга муносиб дейишади. Аммо ўзимизда Ўзбекистон миллий жамоасини янги даражага олиб чиқа оладиган маҳаллий мураббийлар йўқ. Тўғри, Бердиев яхши мураббий, аммо негадир «Насаф» натижалари фақат шу мутахассис билан боғланади. Нега? Ахир, «Насаф»да бутун бошли система бир хил ишлайди. У ерда академияни директори бор, ёш ўйинчилар худди инкубатордан чиққандек ўсиб келаяпти. Нима бу ишларни ҳаммасини Рўзиқул Бердиев қилаяптими? 

У «Насаф» тизимига мос келадиган мураббий. Мураббий зўрлигини исботлаш учун марҳамат, бошқа клубга ўтиб ишлаб кўрсин. Бошқа шароитларда ишласин. Биз кўрайлик, ўшандан кейин ҳақиқатдан ҳам бу одам кучли мутахассис экан деб миллий жамоани ишониш мумкин. Бердиев яхши мутахассис, бунга гап бўлиши мумкин эмас, аммо «Насаф»да фақат у эмас, бутун тизим яхши ишлайди. Айтайлик, унинг ўрнига Улуғбек Бақоевни ҳам ўша клубга чақирсангиз қўлидаги масалиқдан фойдаланиб, деярли шунақа ўйин кўрсатиб берашини бемалол айта оламан. Чунки Қаршида тизим ишлаяпти. 

Худди шу гапни Темур Кападзе ҳақида айта оламан. У ҳам бошқа клубларга ўтиб, турли шароитларда ишлаб кўрсин. Салоҳиятини тўлиқ кўрсатишсин, бирор жойга бориб мураббийлик малакасини оширишсин. Улар кимдан ўрганади? Телевизор қаршисида ўтириб, тактика ўрганиш иш эмас. Европага бориб, тўлиқ амалиёт ўташ керак, мураббийлар билан суҳбатлашиш лозим. 

Мавзудан ташқари бўлса-да айтай, ЎФАдаги фаолиятим давомида маркетинг бўйича клублар мутахассисларини иш ўрганиш, малака ошириш учун Японияга олиб бордик. Ҳаммаси қорин қўйган ёши катта одамлар. Хориждаги стадионларга бирор нарсани ўрганиш эмас, саёҳат, расмга тушиш учун бориб келишди. Ўша бориб келганлардан ҳозиргача бирортасини футболга фойдаси теккани йўқ. Бориб келгач, худди “пахта плани бажарилди” дегандек хабар берилди. Ҳаммаси хўжакўрсинга бўлгандек эди. Шунақа ишлар учун ҳам футболимиз ривожланмайди», - дейди Санъат Шарипов.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар