01.07.2021 16:29
11840
Месси расман эркин агент. Аммо бу узоқ давом этмайди

Аргентиналик футболчининг кўк-анорранглилар билан шартномаси муддати тугади.

Жуда кўп нюанслар
30 июнь куни Испаниядаги спорт нашрларининг муқоваларини Лионель Мессининг суратлари безади, шу куни кечқурун «Барселона» сардори 7478 кундан кейин илк марта эркин агентга айланиши кутилаётганди. Каталониядаги Sport нашри эса биринчи саҳифасида Dia Messi («Месси куни») сарлавҳаси билан чиқди. Лекин шов-шувли сарлавҳалар билан мухлислар ваҳимага солинган бўлса-да, сўнгги кунлардаги барча янгиликлар бир хулосага олиб келади: томонлар келишувга эришиб бўлган ва сўнгги деталлар муҳокама қилинмоқда, жумладан бонуслар масаласи. Сўнгги пункт муҳим, чунки аргентиналикнинг маоши миқдори бу сафар камроқ бўлади.

Radio Catalunya нашрининг тасдиқлашича, жараённинг бориши клуб раҳбариятини хавотирга солмаяпти. «Барса» президенти Жоан Лапорта «Камп Ноу» стадиони олдида Goal.com билан интервью чоғида хотиржамлик билан саволларга жавоб қайтарди. Аввалроқ — TV3 томонидан суратга олинган «Месси, «ўнлик» санъати» ҳужжатли фильми тақдимоти вақтида Лапорта шундай деганди: «Шартнома узайтирилганини имкон қадар тезроқ эълон қилмоқчимиз, бу икки томон учун ҳам манфаатли».

Келишувга эришилишини шартномада кўплаб пунктлар акс этиши кечиктирмоқда. Гап шундаки, режага кўра аргентиналик футболчи яқин икки йилни «Барселона» футболчиси сифатида ўтказади, кейинги уч мавсумни ўтказиш учун МЛС чемпионатига йўл олади, шу билан бир вақтда кўк-анорранглиларнинг Америкадаги элчиси вазифасини бажаради, ниҳоят 2026 йилда Каталония пойтахтига  жонажон клубидаги раҳбарлик лавозимлардан бири эгаси сифатида қайтади. Қатор манбаларнинг тасдиқлашича, Лео лавозимни ўзи танлайди ва яна беш йиллик шартномага эга бўлади. Ҳозирда унинг ўзи Аргентина термаси сафида Америка Кубогида иштирок этмоқда.

Бундан ташқари, ESPN манбасининг ёзишича, кўк-анорранглилар солиқ хизматлари ва ла лига раҳбарияти билан яқин алоқада бўлиб туришибди, чунки ҳозир ҳам Испанияда энг юқори маош учун чегара бекор қилингани йўқ. Ўтган мавсум арафасида дунёда энг йирик маошлар ведомостига эга бўлган «Барселона» қатъий талабларга амал қилиш учун ведомостларни енгиллаштириш мақсадида Луис Суарес, Иван Ракитич ва Артуро Видаль каби фахрий футболчилари билан хайрлашишга мажбур бўлганди. Ҳозирда ҳам лига раҳбари Ҳавер Тебас клубни Месси билан янги шартнома тузиш учун ўз харажатларини яна қисқартириш кераклиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

Лапорта, Куман ва Агуэро омили
Аммо барчага маълумкуи — у қолади. Бу шунчаки фактларга асосланган фикр, гарчи бир йил муқаддам Месси клубнинг ўша вақтдаги раҳбариятига уруш очган бўлса-да. Ўшанда шартномадаги ўзи истаган вақтда кетиши мумкинлиги ҳақидаги бандни ишга туширмоқчи бўлганди, аммо икки омил туфайли бу қароридан қайтди. Биринчидан, «Барса»га ҳурмати ва клуб билан судлашишни истамагани туфайли. Иккинчидан, юридик жиҳатдан позиция у қадар кучли эмасди - футболчи август ойи охирида «Барселона»ни тарк этиши ҳақида клуб раҳбариятини хабардор қилганди, клуб ҳуқуқшунослари эса бу имкониятдан фойдаланиш муддати 30 июль куни тугаганини айтишганди. 

Якунда бу можаро чиройли якун топди, каталонияликларнинг бюджетини хароб қилишда айбланган Мессининг кўк-анорранглилар билан иттифоқи давом этадиган бўлди. Ўтган йил ёзида бунга ишониш қийин эди, кўпчиликнинг «Барса» ва Лео энди бир-бирига ҳеч нарса бера олмаслигига, сардор жамоа ўйинини ортга тортаётганига ва авлодлар алмашинуви жараёнига халал бераётганига ишончи комил эди.

Аммо ўтган мавсум шуни кўрсатдики — улар бир-бирига халал бермайди, аксинча ёрдам беради. Буни кузатиш ёқимли — Месси Ансу Фати ортидан Педрига ҳам оталарча ғамхўрлик қилмоқда, бир неча ойни жароҳатини даволаш билан ўтказган Жерар Пике эса ўз издошларини — Оскар Мингеса ва Роберт Араухони мақташдан чарчамайди. Энг асосийси, Месси яна ўйиндан завқ ола бошлади ва мухлисларга сўнгги йиллардаги энг яхши ўйинларини намойиш этиб берди. Чемпионлик имконини бой берган бўлса-да, Роналд Куманни сўкиш керак эмас, у ўз орзусини амалга оширди — Леони яна бахтиёр қилди ва дунёнинг энг истеъдодли футболчиси ўз имкониятларидан тўлиқ фойдаланиши учун шароит яратиб берди.

Табиийки, ўз қарорлари билан камтар бўлган Мессининг ғазабини қўзитган собиқ президент Жозеп Бартомеунинг муддатидан аввал келиши ҳам муҳим рол ўйнади. Лапорта идеал даражадаги таскин берувчи бўлиб чиқди, у «Барселона»нинг тарихдаги энг яхши даврларида ишлаган ва Месси билан яхши алоқаларга эга эди. Масалан, сайловлардан олдин, матбуотга сардорнинг ярим миллиардлик шартномаси ҳақидаги маълумотлар сиздирилганида, Лапорта футболчини фаол равишда қўллаб-қувватлабгина қолмасдан, аргументлар ҳам келтирди: у Лео клубга ўзига сарфланаётганидан анча кўп маблағ келтиришини айтиб ўтди.

Президентлик постига қайтгач Лапорте сардорни Чемпионлар лигаси ғолиблиги кўзланган янги жиддий лойиҳада иштирок этишга кўндирди. Месси учун бу принципиал аҳамиятга эга эди ва раҳбарият ўз сўзини амалда ҳам кўрсатди. Ҳа, Жоржиньо Вайналдум трансфери барбод бўлди (у «ПСЖ»ни танлади), аммо «Барса» Эрика Гарсия, Эмерсон, Мемфис Депай ва Серхио Агуэрони сафга қўшиб олди. Таклиф этилганларнинг сўнггиси — Месси томонга персонал реверанс вазифасини ҳам ўтади, у кўп вақтлардан буён ўртоғи билан фақат терма жамоада эмас, клубда ҳам бирга ўйнашни орзу қиларди.

Агуэронинг «Манчестер Сити»даги сўнгги мавсуми муваффақиятсиз кечгани ушбу трансфер тўғри бўлганига саволлар уйғотади. Аммо Америка Кубоги вақтида ушбу форвард нафақат Леонинг Боливияга парашют услубида гол уришини ташкиллаштириб берди, балки, Лапортанинг сўзларига кўра, дўстига доимий равишда янги шартнома ҳақида эслатиб келмоқда. Умуман олганда, рамзий хайрлашув рўй берди, лекин «Барселона» ва Месси умумий тарих давом этиши учун барча ишни қилиб қўйишди. Бу тарихда ёзилмаган саҳифалар ҳали кўп.

Манба: Спорт-Экспресс

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар