30.06.2021 16:19
6040
Шевченко — яна чорак финалда. Украина овертаймларда Швецияни таслим этди

Украинлар ЖЧ-2006даги натижасини такрорлади.

Евро-2020. 1/8 финал
Швеция — Украина — 1:2 қ.в.
(1:1, 0:0, 0:1)
Голлар: Зинченко, 27 (0:1). Форсберг, 43 (1:1). Довбик, 120+1 (1:2).
Швеция: Ульсен, Лустиг (Крафт, 83), Линделеф, Даниэльсон, Аугустинссон (Бенгтссон, 83), Ларссон (Классон, 97), Экдал, Олссон (Ҳеландер, 101), Форсберг, Кулушевски (Куайзон, 96), Исак (Берг, 97).
Украина: Бушчан, Караваев, Кривцов, Забарный, Матвиенко, Сидорчук (Безус, 118), Степаненко (Макаренко, 94), Шапаренко (Малиновский, 61), Ярмоленко (Довбик, 106), Зинченко, Яремчук (Беседин, 91. Циганков, 101).
Огоҳлантиришлар: Кулушевски, 70. Ярмоленко, 79. Форсберг, 85. Довбик, 120+2.
Четлатиш: Даниэльсон, 99.
Ҳакамлар: Орсато. Жаллатини, Прети (барчаси — Италия).
ВАР: Иррати. Ди Белло, Мели, Валери (барчаси — Италия).
29 июнь. Глазго. «Ҳэмпден Парк» стадиони.

Украина термаси плей-оффга чиқиш-чиқмаслигини гуруҳ босқичидаги барча ўйинлар якунлангунига қадар кутиб турди. Андрей Шевченко шогирдлари сўнгги турда австрияликларга ютқазиб, ўзлари бу вазифани уддалай олишмади (Иккинчи турдан кейиноқ плей-офф масаласини ҳал қилиб бўлган Швеция эса охирги турда йўлланма учун украинларнинг рақобатчиси бўлган Польшани мағлуб этиб, украинларни ўзлари учун плей-оффдаги биринчи рақиб сифатида танлашди.). Австрияга қарши ўйинда украинларнинг ўйини умуман чиқмаганди: улар шунчаки ўйини яхши ташкиллаштирилган ва жисмоний жиҳатдан етук бўлган рақибга қарши ҳеч нарса қила олишмади. 

Бундай характеристика Швеция термасига ҳам мос тушади, аммо Шевченко ўз штаби билан Австрияга қарши ўйиндан керакли хулосаларни чиқарганди. Славянлар уч марказий ҳимоячига асосланган схемага ўтишди, бунда бир ўринни Кривцов эгаллади: агар ҳимояда бу баланд бўйли футболчи бўлмаганида скандинавлар иккинчи қаватда яққол устунлик қилган бўлишарди. Шунингдек, Степаненко таркибга қайтди, у жорий турнирда фақат бир марта — македонларга қарши ғалабали учрашувда майдонга тушганди.

Шведлар ўйин бошидан тўпга эгалик қила бошлашди, ҳужумда Кулушевски фаоллик кўрсатди. Коронавирусга чалингани туфайли «Ювентус» футболчиси дастлабки турларни ўтказиб юборганди ва фақат полякларга қарши ўйиннинг иккинчи бўлимида ўйнаб, икки голли узатма муаллифига айланганди. Украинлар ўйиннинг бундай бошланишига тайёр бўлиб чиқишди ва бу ҳолат уларга маъқул ҳам эди. Жамоалар навбатма-навбат ҳужумлар уюштиришди, украинлар гали келганида тўпни рақиб ҳудудига олиб боришди ва ҳисобни очишди. Ярмоленко ўнг қанотдан кириб келиб қарама-қарши томонга тўпни йўналтирди, Зинченко эса тўпни тўхтатмасдан зарба берди.

Аммо бу ҳаммаси эмас — «Сити» футболчиси голни жўшқинлик билан нишонлади ва бармоғини лабига қўйиб барчани жим қилди. У бу орқали Чемпионлар лигаси ва Европа чемпионатидаги хатолари учун тинмай танқид қилганларга шундай жавоб қайтарди.

Швеция Евро-2020да илк бор биринчи бўлиб гол ўтказди. Лекин ташвишга ҳожат йўқ эди: Украина учун бу қаторасига учинчи Европа чемпионати бўлиб, улар бирор ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлай олмаган. Бу сафар ҳам анъана давом этди. Танаффус арафасида скандинавлар мақсадига етишди: жамоанинг энг яхши тўпурари Форсберг йўллаган зарба ҳимоячилардан бирига тегиб йўналишини ўзгартирди ва дарвоза тўрига бориб тушди.

Иккинчи бўлим янада ҳужумкор руҳда давом этди. Мураббийлар тактикаларини ўзгартиришмади, аммо голли вазиятлар кўпроқ бўлди. Бўлим бошида икки жамоа ҳам бир мартадан устунни нишонга олди. Степаненкога ҳам, Форсбергга ҳам омад кулиб боқмади, гарчи икки зарба ҳам жуда чиройли ижро этилган бўлса-да. Бироз ўтиб шведларга яна бир рикошет ёрдам бераётгандек эди, аммо Форсбергнинг яна бир кучли зарбаси тўсинга тегди.

Швеция позицион ҳужум қилишда давом этди, кўп ҳолларда узатмалар Исакка йўналтирилди, ёки Форсберг ва Кулушевскининг маҳоратига таянилди. Украинлар ўз имкониятларини кутиб ўйнашди ва имкон туғилиши билан қарши ҳужумларга чиқишди. Аммо ўйин якунига 15 дақиқа қолганида икки томон ҳам куч тежаб ўйнашга ўтди ва эҳтиёткорроқ ҳаракатланишди. Жамоалар бир-бирининг хато қилишини кутишди, аммо барча овертаймларни кутарди. Бу қарама-қаршиликнинг асосий вақтида дуранг - адолатли натижа эди.

Овертайм бошида шведлар бирданига уч футболчини алмаштиришди, бош мураббий Янне Андерссон ҳужум чизиғи вакиллари ўрнига янги ҳужумчиларни туширди. Бу у ўйинни пенальтилар сериясига олиб боришни истамаётганини кўрсатарди.

Аммо унинг режаларини кутилмаган эпизод бузиб юборди: Даниэльсон тўпга ўйнашга ҳаракат қилиб, бутсасининг остки қисми билан овертайм бошида Яремчук ўрнини эгаллаган Бесединнинг оёқларига зарба берди, ҳакам видеотакрорни кўргач, унга қизил карточка кўрсатди. Вазиятнинг икки иштирокчиси ҳам захира ўриндиғига йўл олди, аммо шведлар бир киши кам бўлиб қолишди.

«Гол уриш керак!» — дея ҳайқирди Шевченко иккинчи қўшимча бўлим бошланиши арафасида. Ва украинлар пенальтилар серияси муқаррардек бўлиб қолган дақиқаларда голни уришди. Овертаймга қўшиб берилган дақиқалар тугаётганида Зинченко жарима майдонига тўпни узатиб берди, Довбик бош билан тўпни дарвозага жойлади. Қўшимча бўлимларда туширилган ушбу форвард учун бу терма жамоадаги илк ўйин эди.

2006 йилда таркибида Шевченко бўлган Украина терма жамоаси жаҳон чемпионатининг энг яхши саккиз жамоаси қаторига кирганди, 15 йил ўтиб Шева майдон четида жамоани бошқариб , янги ютуққа эришди ва украинларни Европанинг энг кучли саккиз жамоаси қаторига қўшди. Энди украинлар яримфиналга  чиқиш учун 3 июль куни Римда инглизларга қарши саф тортади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар