28.06.2021 14:07
3559
«Станоевич, Зокиров, Юсупов билан хайрлашдик». Илҳом Мўминжонов «Нефтчи»нинг йирик ғалабаси ва трансфер режалари ҳақида 

Про лига 13-тури доирасида «Нефтчи» - «Орол» (4:0) учрашувидан кейин мезбонлар устози Илҳом Мўминжонов фикрлари билан ўртоқлашди.

«Биринчи бўлимда йигитларимиз анча шошқалоқлик қилишди. Ҳужумда кўплаб хавфли вазиятларни яратишган бўлишса ҳам голлар ура олишмади. Иккинчи бўлимда улар анча ўзларига келишди ва биз берган кўрсатмаларни бажариб, стандарт вазиятдан гол киритишди. 4:0 ҳисобидаги ғалабага ҳам шукурлар айтаман. Биз очколар йиғишда давом этиб, мақсад сари интиламиз. 

Бугунги кунда кичик Дарко Станоевич, Абдул Азиз Юсупов ва Отабек Зокировлар билан дўстона хайрлашдик. Уларга ўйин амалиёти кераклиги учун бошқа жамоага ўтишади. Уларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида бир нечта ўйинчилар билан музокаралар олиб борилмоқда. Агар бу келишувлар амалга ошмаса ўзимизнинг футболчилар билан курашни давом эттирамиз. Айтиб ўтилган учала футболчига келгусида яхши жамоага ўтиб, ўйин амалиётига эга бўлишларини хоҳлар эдим. 

Улуғбек Хошимов ҳақида айтадиган бўлсак, у ҳали 20 ёшда ва аста-секинлик билан ўз ўйинини топади деб ўйлайман. Машғулотларда астойдил шуғулланишига қарамай, тажриба етишмовчилиги сабаб, расмий ўйинларда озгина шошиб қолмоқда. Ўйлайманки, мана шу беллашувлар орқали голлар уришни бошлайди ва келгусида яхши ҳужумчига айланади. 

Марко Обрадовичга келсак, унинг жамоа билан йил охиригача тузган шартномаси мавжуд. Агар кейинги йилга яхши таклифлар келиб тушса бошқа жамоага ўтиши  мумкин.Бу йил Обрадович ўзининг чиройли ўйини ва голлари билан барчамизни ҳурсанд қилади деган умиддаман. Биз эса очколар йиғишда давом этамиз», - дея фарғоналиклар устози фикрини келтиради клуб матбуот хизмати.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар