28.06.2021 13:26
5093
Португалия тўхтади. Роналду: рекордсиз ва совринсиз, Бельгия юришини давом эттиради

Турнир фаворитларидан бири 1/8 финалда амалдаги Европа чемпионларини мағлуб этди (1:0). Евро-2020нинг асосий юлдузи жамоаси билан бирга турнирни тарк этади.

Евро-2020. 1/8 финал
Бельгия — Португалия — 1:0
(1:0)
Гол: Т.Азар, 42.
Бельгия: Куртуа, Алдервейрелд, Вертонген, Вермален, Менье, Витсель, Тилеманс, Де Брюйне (Мертенс, 48), Э.Азар (Феррейра-Карраско, 87), Т.Азар (Дендонкер, 90+5), Лукаку.
Португалия: Руй Патрисиу, Далот, Пепе, Рубен Диаш, Рафаэл Геррейру, Жоау Моутиньо (Жоау Феликс, 55), Палинья (Данилу Перрейра, 78), Ренату Санчеш (Сержиу Оливейра, 78), Бернарду Силва (Бруну Фернандеш, 55), Криштиану Роналду, Диогу Жота (Андре Силва, 70).
Огоҳлантиришлар: Палинья, 45. Далот, 51. Вермален, 72. Пепе, 77. Алдервейрелд, 81.
Ҳакамлар: Брих. Борш, Лупп (барчаси — Германия).
ВАР: Фриц. Гиттельманн, Дингерт, Данкерт (барчаси — Германия).
27 июнь. Севилья. «Олимпийский» стадиони.

Евро-2020 плей-оффидаги энг афишали учрашувда амалдаги чемпионлар ва ФИФА рейтингида биринчи ўринда турган жамоа тўқнашди.

Португаллар гуруҳ босқичида катта таассурот қолдиришмади. Венгрлар устидан қийин ғалаба, Германиядан оғриқли мағлубият ва ўйин сифати эмас, гуруҳдан чиқиш масаласи биринчи ўринда бўлган французларга қарши дуранг билан якунланган ўйин. 

Бельгияликлар ҳақида ҳам ёрқин ўйин намойиш этди дейиш қийин. Роберто Мартинес ва жамоа гуруҳда катта куч сарфламасдан тўққиз очко тўплади. «Қизил иблислар» Россия ва Бельгияга голлар ёғдиришни режа қилиб майдонга тушмаганди - улар ҳамиша плей-оффни ўйлаб, ресурсларни эҳтиётлашди.

Улар ҳозир ҳам барча кучни сарфлашга шошилмаяпти. Португаллар ўйин бошида рақибни қарши ҳужумда доғда қолдиришга уринишди, аммо Диогу Жота ўз имкониятидан фойдалана олмади. Кейин рақиблар позицион ҳужумлар режимига ўтишди, мухлислар учун зерикарли ўйин таклиф этилди.

Ўйиндаги биринчи аниқ зарбани Роналду берди, унинг жаримадан йўллаган зарбаси Куртуа учун муаммо туғдирди, аммо дарвозабон маҳоратини кўрсата олди.

Бельгияликларнинг биринчи уриниши эса муваффақиятли чиқди: Торган Азар узоқ масофадан йўллаган зарба дарвозабон учун ноқулай траектория ҳосил қилиб дарвоза тўрига бориб тушди. «Қизил иблислар» биринчи бўлимда кўп ҳаракат қилишмади, аммо натижага эришишди.

Кейинги 45 дақиқалик мухлислар учун ёқимсиз ҳолат билан бошланди. Де Брюйне бир неча дақиқа югурганидан кейин ўйинни давом эттира олмаслигини англади. У биринчи бўлим охирида Палиньининг орқадан жуда хунук подкат ташлаши туфайли жароҳатланганди. Аммо бу бельгияликлар ўйинига жиддий таъсир қиладиган йўқотиш бўлмади, ахир улар эмас, рақиб жонбозлик кўрсатиши талаб этилаётганди. Португаллар нимадир қилишга уринишди, 2018 йилги жаҳон чемпионати бронза медаллари совриндорлари эса ҳимояга ўтириб, қарши ҳужумларга таянишди. Сантуш Бруну Фернандеш ва Жоау Фелишни майдонга ташлади, Диогу Жотада яна голли вазият бўлди. Аммо у Роналдунинг саъй-ҳаракатларини дарвоза тўсини устидан ўтиб кетган зарбаси билан йўққа чиқарди. Умуман олганда, «қизил иблислар» ҳисобга ўйнашни уддалашди.

Аммо ўйин якунига 15 дақиқа қолганида майдон чўғланди. Торган Азар ҳакамнинг ўйинни тўхтатиш ҳақидаги ҳуштагига қарамай, тўп билан олдинга чопишда давом этди, уни Пепе ўз услубида кутиб олди. Шундан кейин португаллар катта куч билан олдинга ташланди ва бир неча яхши вазиятлар яратишди: бурчак тўпидан кейин Рубен Диашнинг бош билан йўллаган зарбасини Куртуа бартараф этди, кейин Рафаэл Геррейрунинг жарима майдонига кириб тепган тўпи дарвоза устунини титратди, ўйиннинг асосий вақти тугашига бир неча дақиқа қолганида бельгияликлар дарвозабони Андре Силванинг оёқлари остидан тўпни олиб қўйди.

Ўйин давомида 23 бор зарба йўллаган (5таси аниқ) собиқ чемпионлар уйга равона бўлади. Бельгияликлар эса биргина аниқ зарба билан иштирокини давом эттиради. Мартинес шогирдлари максимал даражада прагматик ўйин кўрсатишди, жамоа учун биринчи навбатда натижа муҳим экани аён бўлди. 

Улар прагматик услубда Португалиядан ўтиб, Роналдуни рекордсиз қолдиришди, навбатда Италия.

Ағдарилган чемпион
Португалия турнирни 1/8 финалда якунлаши ҳайратланарли ҳол эмас. Биринчидан, ҳеч ким уларни Евро-2020 фаворитлари қаторида кўрмаётганди, иккинчидан 2016 йилда улар омад туфайли охиригача боришганди. Португалия беш йил муқаддам гуруҳ босқичидаги уч ўйинда ҳам дуранг ўйнаган, мўъжиза туфайли учинчи ўрин билан гуруҳдан чиққан, финалга қадар топ-жамоалар рақиб бўлмаган бўлса-да, плей-оффда асосий вақтда фақат Уэльс мағлуб этилган.

Бу чемпионат ҳам Португалия учун омадли бошланди. Гуруҳда фақат Венгрия устидан ғалабага эришилди, 1-турда кечган бу ўйинда ҳам 84-дақиқагача таблода 0:0 ҳисоби ёниб турганди. Бундан келиб чиқадики, икки Европа чемпионатида Фернанду Сантушнинг жамоаси фақат икки ўйиннинг асосий вақтида ғалабага эришган - Уэльс ва Венгрия.

Португалиянинг кетиши фақат португалиялик мухлислар учун аламли бўлди. Бу жамоа барқарор ўйин намойиш эта олмади,  Германия билан ўйинда ҳимояда даҳшатли хатоларга йўл қўйилди, Венгрия билан ўйин асабий кечди, французларга фақат пенальтидан гол урилди. Португалларнинг Евродаги энг яхши ўйини — Бельгияга қарши ўйин финишида бўлди, бу вақтда жамоа бор кучини ишга солиб турнирда қолишга уринди. Аммо 2016 йилда Роналду ва компанияга омад ҳамроҳ бўлганди, ҳозир эса омад лимити тугаб қолганди.

Рекордсиз (ҳозирча)

Криштиану Роналду иштирокини тўхтатиши эса афсусланарли. Яна беш йил ортга қайтамиз: финал, ўйин бошидаги жароҳат ва майдон четида финал ҳуштаги янграгунча мураббийлик роли. Драматургия нуқтайи назаридан ўша финал уникал бўлганди, аммо Роналду майдонда ўйнаб Европа чемпиони бўлишга ҳақлидир.

Криштиану қаторасига иккинчи бор чемпион бўлишни кўзлаб турнирга келган, у бу сафар Евро-2016 арафасидагидан кўра иштиёқманд эди. Ўшанда Роналду гуруҳ босқичида фақат венгрларга икки гол урган, бу голлар португалларни плей-оффга олиб чиққан, бу сафар эса — уч ўйинда беш гол урди. Улардан учтаси пенальтидан урилгани муҳим эмас. Беш йил олдин Роналду Австрия билан ўйин охирида 11 метрли зарбани аниқ ижро эта олмаганди, бу сафар барча имкониятдан фойдаланди.

Криштиануни олдинга ундовчи яна бир омил бор эди. Евро-2020 арафасида Роналдунинг Португалия термасида урган голлари сони 104та эди, гуруҳ босқичи якунида у эронлик Али Дайига тегишли бўлиб турган жаҳон рекордини такрорлади. Яна бир гол — у буюк португал терма жамоа миқёсидаги голлар сони бўйича яққол етакчига айланади. Бу Роналдунинг ўзи ҳам фахрланиши мумкин бўлган улкан ютуқдир.

Шубҳа йўқки, Криштиану Дайининг рекордини янгилайди. Аммо у бу ишни Ирландия, Қатар ёки Озарбойжонга қарши ўйинларда эмас (португалларнинг кейинги ўйинлари) Европа чемпионати плей-оффида Бельгия ёки Италияга қарши ўйинларда қилгани муносиброқ бўлар эди.

Сув ичинг
Роналду ҳамиша диққатни ўзига жалб қила олади, одамлар фикрига таъсир кўрсатиб, хабарлар кун тартибини белгилаб беради. Медиа нуқтайи назаридан Португалиянинг турнирдан чиқиб кетиши УЕФА учун йўқотиш. Гуруҳ босқичида Криштиану ўзи истамаган ҳолда бутун дунё муҳокама қилган мемни ўйлаб топди. Матбуот анжуманларидан бирида португалиялик юлдуз столдан кола идишини олиб қўйди ва оддий сувни кўтариб кўрсатди. Бу жест ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди ва ҳозиргача одамлар Роналдунинг ҳаракатини пародия қилиб келишмоқда.

Энди Еврода Криштиану иштирокида бундай ҳаракатларни кўрмаймиз. Роналду — ҳақиқий ижтимоий феномен. Тўғри, у футболчилик фаолиятидан кейин ҳам ҳамманинг диққат марказида қолади, аммо футболчи Криштиану бўлмайди. Шу туфайли Роналдунинг чиқиб кетиши икки карра қайғули — кўп эҳтимол билан якшанба оқшомида биз уни Европа чемпионатида сўнгги бор кўрдик.

2024 йилда Криштиану 39 ёшда бўлади. У майдонда яна кўп вақт қолиши мумкин, аммо у вақтга бориб халқаро майдонлардаги иштирокини якунлаши тайин. Европа чемпионатини ютиб бўлган ва энди клублардаги фаолиятини яхши нотада якунлаб қўйиш ҳақида ўйлаш керак.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар