26.06.2021 19:27
1762
Теглар
Рақамлар сўзлаганда: Энг кўп пенальти Тошкент клубларида, «Насаф» ва «Турон» 11 метрлик жарима зарбаси тепмаган, «Машъал» энг «жабрдийда»

Ўзбекистон Суперлигасининг 10та тур учрашувлари якунига етиб, 11-тур баҳсларига старт берилди. Бу дастлабки хулосалар учун етарли муддат. Қуйида жорий чемпионатда жамоаларнинг пенальти тепиш борасидаги статистикасини сарҳисоб қилиб, бу борада пешқадам ва «аутсайдер» бўлиб турган жамоалар натижасига назар ташладик.

Энг кўп пенальти тепган клублар – пойтахт жамоалари

Суперлига ўтган турлари давомида ҳакамлар томонидан жами 30 марта 11 метрлик жарима зарбаси белгиланган. Пенальтидан гол киритиш бўйича энг кўп марта Суперлига пешқадами «Пахтакор» ва 6-ўринда бораётган «Локомотив» жамоаси имкониятга эга бўлган – 4 маротабадан.

«Сўғдиёна», «Навбаҳор», «Бунёдкор» ва «Қизилқум» клуби футболчилари 3 мартадан 11 метрлик нуқтага яқинлашган бўлса, «Сурхон», «Андижон», ОКМК, «Машъал» аъзолари 2 мартадан бундай имкониятга эга бўлишган.

Турнир жадвалида пешқадамларни таъқиб этиб бораётган «Металлург» ва «Қўқон-1912» клублари бор йўғи бир мартадан пенальти тепган. Қизиғи, битта ўйин захирасига эга бўлган ҳолда пешқадамларга етиб олиш имкониятига эга бўлган «Насаф» ҳамда Суперлигада аутсайдер бўлиб турган «Турон» футболчилари ҳали пенальти тепиш имкониятига эга бўлмаган.

Энг кўп пенальти тепаётган клублар:

Пенальтидан энг кўп жабр кўрган клублар қайси?

Ҳакамларнинг пенальти бўйича қарорларидан энг кўп жабр чеккан жамоа Муборакнинг «Машъал» клуби бўлиб турибди. Ўтган турлар давомида «газчилар» дарвозаси томон 5 марта 11 метрлик жарима зарбаси белгиланган.

Шунингдек, «Локомотив», «Сўғдиёна», «Навбаҳор», «Турон» дарвозасига – 3 мартадан, «Қўқон-1912», «Бунёдкор», «Андижон», ОКМК, «Насаф» ва «Сурхон» дарвозаси томон 2 мартадан 11 метрлик жарима зарбаси белгиланган.

Эътиборлиси, «Пахтакор», «Металлург» ва «Қизилқум» иштирокидаги ўйинларда ҳакамлар бу жамоалар дарвозасига ҳали бирор марта пенальти белгилашга журъат қилмаган.

Дарвозаси томон энг кўп пенальти тепилган жамоалар:

Пенальтидан фойдалана олмаган футболчилар

Суперлига жорий мавсумида футболчилар белгиланган 30 пенальтидан 7тасини голга айлантира олмаган. Хусусан, Ойбек Қиличев («Қизилқум» - «Сурхон» - 1:1), Жасур Жалолиддинов («Андижон» - «Қўқон-1912» - 1:2), Жасур Ҳасанов («Сўғдиёна» - «Машъал» - 2:2), Жавоҳир Сиддиқов («Машъал» - «Локомотив» - 1:4), Азимжон Аҳмедов («Локомотив» - «Навбаҳор» - 2:2), Ислом Тошпўлатов («Сўғдиёна» - «Сурхон» - 2:1), Станислав Андреев («Металлург» - «Бунёдкор» - 1:0) сингари ўйинчилар пенальтидан фойдалана олишмаган.

Энг кўп пенальти белгилаётган ҳакам ким?

Суперлига жорий мавсумида ҳозирча энг кўп пенальти белгилаган ҳакам Ильгиз Танташев ҳисобланади. Бухоролик ФИФА тоифасидаги ҳакам 2021 йилда чемпионатимизда ўзи бошқарган 7 ўйинда 5 марта 11 метрлик нуқтани кўрсатган.

Бу борада 2-ўринда Рустам Лутфулин бормоқда. Ёш ҳакам жорий мавсумдаги 6 ўйинда 4 марта пенальти белгилаган. Шунингдек, навоийлик рефери Зокир Қодиров 5 ўйинда 4 марта пенальти, Илья Ильин Суперлигадаги 4 ўйинда 3марта 11 метрлик жарима нуқтасини кўрсатиб, бу борада тўртликдан жой олган.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар