25.06.2021 10:06
2213
Венесуэла бош мураббийи: «Ўзбекистоннинг услуби биз учун янгилик бўлди»

24 июнь куни футзал бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси Венесуэлага қарши ўртоқлик ўйини (3:3) ўтказди. Беллашувдан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Фредди Мигель Гонсалес қуйидаги фикрларни билдириб ўтди. 

«Ўзбекистондан кучли ўйин кутгандим, албатта. Учрашувга тайёрланиш асносида уларнинг ўйинлари акс этган видеоларни кўргандим. Ўзбекистон — ўз услубига эга кучли жамоа. Бош мураббийи ҳам катта тажрибага эга мутахассис. Шу боисдан қийин ўйин бўлишини кутгандим. 

Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсак, биринчи таймда рақибларда бироз устунлик бўлди. Ўйиннинг иккинчи қисмида биринчи таймда ҳимояланишда йўл қўйган хатоларимизни тузатишга ҳаракат қилдик ва устунлик биз томонга ўтди. 

Жамоаларнинг даражаси бир-бирига яқинлиги туфайли тенг ўйин гувоҳига айландик. Бугунги асосий мақсадимиз мухлисларга чиройли ўйин намойиш этиб бериш эди. Шунинг учун, иккала жамоа ҳам очиқ, ҳужумкор футбол кўрсатишди. Асосий мақсадимиз — шундай юқори савияли жамоалар билан кўпроқ ўйинлар ўтказиб, жаҳон чемпионатига тайёр ҳолда етиб бориш. 

Тарихда биринчи маротаба ўз қитъамиздан ташқарида ўртоқлик ўйини ўтказмоқдамиз. Ўйинда ҳам кўрдингиз, Осиё вакилларининг ҳаракатлари, услуби биз учун ҳақиқий янгилик бўлди. Ўзимиз учун анчагина янгиликларни кашф этдик», — дея Гонсалеснинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ва Венесуэла миллий жамоалари ўртасидаги иккинчи беллашув 27 июнь санасида бўлиб ўтади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар