18.06.2021 11:09
7289
Жаҳонгир Ортиқхўжаев: «Пахтакор» тўлиқ шаффоф жамоага айланади»

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Пахтакор» раҳбарияти, мураббийлари ва ўйинчилари билан учрашувда клубда жиддий ўзгаришлар бўлишини таъкидлади.

«Тошкент шаҳар ҳокими – «Пахтакор» футбол клуби раиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев жамоа аъзолари ва мураббийлари билан клубнинг Қибрайда жойлашган машғулотлар базасида учрашув ўтказди. Унда клуб ва жамоа олдида турган муаммолар, уларнинг ечимлари, «Пахтакор»нинг келажакдаги фаолияти муҳокама этилди. 

Клуб олдида турган молиявий мажбуриятлар ижобий ҳал этилди. Ҳомийлар томонидан ажратилган 22 млрд. сўм пул маблағлари ҳисобидан футболчилар, мураббийлар ва клуб ходимларининг маошларидан бўлган қарздорликлар бартараф этилди.  

Бундан буён «Пахтакор» футбол клуби фаолияти ва молиявий ҳисоботлари шаффофлик, очиқлик тизимида йўлга қўйилиши тўғрисида Ж.Ортиқхўжаев алоҳида таъкидлади. 

Футболчилар ишлаб топадиган маблағлар, мукофот пуллари ва бошқа ҳисоботлар клуб расмий манбаларида эълон қилиб борилади. Бу эса айни пайтда катта футбол арафасида турган ёшларда профессионал футболчи бўлиш иштиёқининг ўсишида, клуб аъзолари ўртасида эса соғлом рақобат юзага келишида ижобий аҳамият касб этади.

Ўсиб келаётган ёш авлодга шароитларни яхшилаш, иқтидорли футболчиларни танлаб олишга эътибор қаратилиши, уларга бундай имкониятлар яратиб берилиши таъкидланди. Ёшларни футбол билан шуғулланиш ва профессионал футболчи бўлишга қизиқишини ошириш, клубнинг тўлиқ узвий тизимда ишлашини таъминлаш учун ривожлантириш қуйи бўғинлардан бошланиши алоҳида таъкидланди.

Бу ўзгаришлар нафақат «Пахтакор»нинг, балки бутун ўзбек футболининг ривожланишига туртки бўлиши тўғрисида фикрлар билдирилди. «Пахтакор» бош мураббийи голландиялик Питер Хюистра ҳам клубда бошланаётган туб ўзгаришлар, йўлга қўйилажак шаффоф тизим ҳар қандай жаҳон миқёсидаги футбол клубининг асосий мезони эканини таъкидлади», — деб ёзади Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар