18.06.2021 16:26
16185
Серхио «Мадридиста» Рамос. У нега кетди ва қаерга йўл олади?

Футболчилар келади-кетади, баъзиларини сезмай ҳам қоламиз. Футбол шундай яралган, ҳаёт шундай яралган. Ҳар қандай ибтидонинг интиҳоси ҳам муқаррар. Бугун 16 йиллик мазмунли фаолиятидан сўнг, Серхио Рамос «Реал»ни тарк этмоқда. Беккенбауэр, Мальдини ва шу каби афсоналар футбол тарихида қай даражада кўрилса, «Эль-Капитано» ҳам бундан камига лойиқ фаолият олиб бормади.

У жамоаси учун қўлидан келган барча ишни қилди. Қизил карточкалар бўйича рекорди, деярли ҳар бир ўйинда ким биландир жанжаллашиши, ҳакамларга эътирозлар – барчаси клуб учун, «Реал» учун. «Рамос-тайм» дея ном олган сўнгги дақиқаларда Серхио мўъжизалар яратарди. Ҳамманинг наздида, барчаси тугаб бўлган ўйинларда Рамос жамоасини ғалабага етакларди. Энг муҳим палладаги голлари, Салоҳнинг жароҳатига сабаб бўлиши – у ўзи қатнашган барча ЕЧЛ финалларида ёдда қоларли ишларни амалга оширган. Серхио жамоа билан 22та титул ютишга эришди. 27 миллион евро эвазига «Севилья»дан харид қилинганида пайдо бўлган саволларнинг барчасига мана шу 16 йил давомида ортиғи билан жавоб берди.

Энди эса ўзи каби «Реал» афсоналари жамоадан қанчалик тез ва оддий кетган бўлсалар, худди шу тарзда Мадрид клубини тарк этмоқда.

Нима учун кетди?

Рамоснинг кетиш қарори кутилмаган воқеа бўлди, деб айта олмаймиз. Шартномаси тугаб бораётган ҳолда, уни узайтириш бўйича клуб билан аниқ музокараларга киришмагани, Давид Алабанинг «қаймоқранглилар» ҳимоясига олиб келиниши ва Мадрид клубининг ўз афсоналарига нисбатан кўрсатадиган совуққон муносабати...

Серхио Мадридда қолишга тайёр эди, аммо бунинг учун Перес футболчи маошининг қисқаришига рози бўлишини хоҳлади. Клубнинг кўп йиллик етакчиси сифатида Серхионинг янги болакайлардан ҳам камроқ маош олиши тўғри бўлармиди? Рамос статусидаги футболчилар учун бу чиқиш эшикларини кўрсатиш билан баробар. Ҳа, клубда президентнинг гапи биринчи ўринда бўлиши керак. Бироқ жамоага миллионлаб фойда олиб келувчи томошабинлар жаноб Флорентино учун «Реал»га ишқибоз бўлишмаган. Жамоанинг юраги ҳисобланадиган футболчини маош масаласидаги келишмовчилик туфайли кетишига йўл қўйиб бериш нотўғри, назаримизда. Ҳа, Алаба келди, яна қайсидир марказий ҳимоячи билан таркибни тўлдириш мумкин. Лекин Серхиодаги харизма ўрнини босиш уларга оғирлик қилади. «Реал»да янги Роналдуни кўраяпсизми? Янги Рамос ҳам бўлмайди!

Хайрлашув маросимидан сўнг, футболчи бўлиб ўтган вазиятга тўлиқ изоҳ бериб ўтди. «Реал»ни ҳеч қачон тарк этишни истамаганман, ниятим шу клубда тўп суриш бўлган. Клуб менга маоши пасайтирилган бир йиллик келишув таклиф қилди. Мен эса ўзим ва оилам учун 2 йиллик шартнома сўрагандим.

Таклиф ҳали ўз кучида деб ўйлаб, қабул қилмоқчи эдим, аммо менга энди кеч бўлганини айтишди. Кейин эса клубдан бошқа таклиф бўлмаслигини хабар қилишди. Флорентино Перес билан муносабатларимиз доим яхши бўлган – худди ота боладек. Аммо ҳар бир оилада ҳам қийин даврлар бўлиб туради. Шунга қарамай, бу ердаги 16 йиллик фаолиятимдан яхши хотиралар қолди», - дейди Рамос.

Қаерга йўл олади?

Рамос шундай футболчики, уни қайсидир жамоанинг таклифи, мўмай маош ёки совринсизлик «Реал»дан кетишга мажбур қила олмайди. Рауль «Шальке»да фаолиятини тугатганидек, у ҳам қайсидир бир клубда футболчилик йилларига нуқта қўяди. Рамоснинг ўзи ҳам янги жамоасида тарих яратиш, Мадриддагидан ҳам яхшироқ ҳаракат қила олишига ишонмаса керак. Биз қачонлардир у ҳақида эслар эканмиз, барибир кўз ўнгимизда «Реал» либосида гавдаланади.

Вариантлар бор, Серхио Рамосдек футболчини эркин агент сифатида ўз жамоасида кўришни ким ҳам хоҳламайди. «ПСЖ» футболчига яхши маош ва асосий таркибни ваъда қила олади. Кимпембега тандем сифатида ўртамиёна Диалло ёки асли яримҳимоячи бўлган Маркиньосни ўйнатишдан парижликлар зериккан. Испаниялик фулбек бир неча йиллар «Парк де Пренс»да мухлисларни хурсанд қилиши мумкин. Рамос каби машҳур юлдузлардан бир нечтаси фаолиятининг сўнгги паллаларида «ПСЖ» либосини кийган - Бекҳэм, Максвелл, Дани Алвес...

«Манчестер Юнайтед» варианти инглиз нашрлари томонидан бот-бот такрорланмоқда. «Ювентус» бир неча йиллардан бери ҳимоячини ўз сафида кўришни истаб келмоқда. «Кекса сеньора» ҳужумдан ҳам кўра, ҳимоядаги ранг-барангликни яхши кўрувчи жамоа. Мудофаа вакиллари ўзларига манзур бўлувчи футболни Италиядан топишади. Балки, Рамос ҳам шу йўлдан борар. Унинг нимани режа қилаётганини ҳозирча ҳеч ким билмайди...

Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар