18.06.2021 19:56
19434
Теглар
«Осмондан тушаётган» маош

«Пахтакор» ўз футболчиларига ва персоналига тўлаган маошлар ҳақида маълумот чиқди. Дердийўқ, Черан ёки Кримец (мен яна Машариповнинг олган маоши билан қизиқдим) каби алоҳида рақамларни олмасак ҳам, «Пахтакор»нинг ўртача футболчиси оладиган маош ойига 50-60 миллион сўмни ташкил қилмоқда. Яхши яшаш учун етарли, лекин яхши яшашга ҳақли бўлган жуда кўп фойдали касбларга нисбатан сезиларли даражада кўп, шундай эмасми?

Икки хил ойлик бор: бюджет ва хусусий сектор. Халқ таълими ёки соғломлаштириш давлатнинг, бошқача айтганда, солиқ тўловчиларнинг бўйнида, шунинг учун врач ёки ўқитувчининг маошини бюджет тўлайди. Буни биламиз. Шифокор ёки ўқитувчининг халққа келтираётган нафи қўл билан ушлаб бўлмайдиган даражада, қандайдир фойда ёки зарар ўлчовига киритиб бўлмайди. Давлат адолат ва инсоф доирасида шу ва яна бошқа бюджет соҳаларига маош белгилайди. Розимиз.

Кейинги хусусий соҳада эса, ойликни корхона раҳбари белгилайди. Ойлик миқдори албатта, ўша корхонанинг даромадига тўғридан тўғри боғлиқ бўлиши шарт.

Тасаввур қилинг, сиз бир ишлаб чиқариш корхонаси раҳбарисиз. Ўн ишчингиз билан бир ойда 10 миллионлик маҳсулот ишлаб чиқарасиз ва уни сотасиз. 10 миллионга. Энди, ўша ўн нафар ишчининг ҳар бирига 2 миллиондан ойлик бера оласизми? Яъни бир ойда маош учун 20 миллион сарфлашингизга тўғри келади. Ҳар ой 10 миллион даромад, 20 миллион маош. Агар сиз мана тарзда ишласангиз, тез кунда банкрот бўласиз. Демак, хусусий сектордаги маошлар корхона рентабеллигига боғлиқ бўлади.

Энди савол туғилади, футбол соҳасида, футболчилар қайси соҳага кирадилар? Бюджетми ёки хўжалик сектори? Агар бюджет бўлса, футболчининг бир йилдаги меҳнати ўқитувчи ёки врачникидан ўн баробар кўп бўлиши ақлга сиғадими?

Агар хўжалик сектори деб қабул қилсак, футбол клубларимиз футболчиларга ойига 50 миллион сўм маош тўлай оладиган қадар даромад қила оляптиларми?

Спортчиларнинг оддий халқдан кўра кўпроқ пул топишини оддий қабул қилишимизнинг сабаби аслида, ноўрин таққослашдан келиб чиқади. Бу ҳақида жиддий ўйлаб кўрмаганимизнинг ҳам сабаби шу ерда. Ҳамма ерда шунақа, деб Европадаги футболчиларнинг ақл бовар қилмас маошлари ҳақида ўйлаб қоламиз ва ҳаммаси нормал деб кетаверамиз. Ҳатто футболчиларимизнинг савияси танқид остига олинганда, баъзи «футболни яхши тушунадиган» мутахассисларимиз европалик футболчилар даромадини пеш қилганини ва  Мессидан минг баробар кам ойлик олаётган футболчиларимиз савияси Мессидан сезиларли паст бўлишини нормал баҳолаганини эшитганман.

Ростдан ҳам Криштиану Роналду бир ҳафтада олий лигамизда тўп сураётган ўша 500га яқин футболчиларнинг бир ойда топадиган жами даромадидан кўп маош олади. Фарқ, даҳшат-а? Терма жамоамизнинг омади келиб қолса, ўша Роналду тўп сурадиган Португалия билан 0:0 ўйнаб қўйиши ҳам мумкин. Шуни назарда тутсак, футболчиларимиз анча кам пул топаётганга ўхшаб қолади. Ва ўша 50 миллион ҳақида гапирганда, Роналду билан солиштирамиз, ўқитувчи билан эмас. Хўп, деб кетаверамиз. Ўқитувчи бўлиш осон, яхши футболчи бўлиш осон эмас. Иқтидор керак.

Шунақа деб кетаверамиз. Аслидачи? Аслида гап савиянинг ўзида эмас. Шартли «Пахтакор» ва «Барселона»да тўланаётган маошларнинг асосларига эътиборни қаратиш лозим.

Мессига ҳафтасига 600 минг евро маош тўлаётган «Барселона» ўша ҳафтада бу суммадан бир неча баробар катта пул топади. Умуман, Европа клублари ҳар ҳафта футбол ишлаб чиқарадилар ва уни сотадилар. Футболни футболчилар, мураббийлар, персонал ва бошқалар ишлаб чиқарадилар. Мухлислар, телетомошабинлар сотиб оладилар. Ўша футболфурушликдан келиб тушган пулга қараб маош белгиланади. Яъни Мессига тўланаётган пулнинг ортида асос бор. «Аякс» сотаётган футбол арзонроқ, демак, «Аякс» футболчиларига камроқ пул тўлайди. Ҳаммаси боғланган.

Хўш, «Пахтакор» ёки «Насаф» ёки бошқа бир футбол клубимиз футболни неча пулдан сотишмоқда-ю, уни ишлаб чиқараётган футболчиларига унинг қанча қисмини бермоқда? Бир турда 7 стадионда ҳаммаси бўлиб 20-30 минг (ҳар ўйинга ўртача 5000дан кам) мухлис кираётган футболимиз ҳафтасига қанча пул топмоқда?

Тўғри, бояги корхона мисолида айтадиган бўлсак, ишлаб чиқаришни ривожлантириб, товарни рақобатбардош қилиб олгунча, баъзида, даромаддан кўра каттароқ харажат қилиниши нормал ҳолат. Аммо бу вақтинча бўлади, ҳамда товар нархини ошириш ёки харажатни камайтиришга йўналтирилган тизимда ишланади. Йилдан йилга аҳвол ўнгланиб қолади. Биздачи?

Иккинчидан, тўғри, «Пахтакор»даги рақамлар бошқа Суперлига клубларидан сезиларли даражада фарқ қилади. Шунинг ўзи ҳам мувозанатнинг бузилишига олиб келади. «Пахтакор» маошлар планкасини анча юқори кўтаргани натижасида, бошқа клубларда ҳам харажатлар нисбатан ошиши табиий. Хўш, «Пахтакор» маош белгилашда ўлчовни нимага қараб оляпти, Осиёдаги етакчи клубларгами, Европагами ёки Ўзбекистон шароитидаги талаб ва таклиф мувозанатигами? Бу хусусда аниқ бир асоснинг йўқлиги бутун футболимиздаги харажатларнинг, маошларнинг сунъий ўсишига сабаб бўлади, бу биринчидан футболимизни қимматлаштирса, иккинчидан, биз доим орзу қиладиган хусусий клублар, футбол хўжалигига асосланган жамоалар пайдо бўлишини бир неча йилга кечиктиради. Ахир «Пахтакор» даражасининг ярмини ҳам ушлаб туриш учун жуда катта мулкдор бўлишингиз керак, бундай имконият деярли йўқ. Англиядаги каби «МЮ» ёки «Арсенал»нинг оммавийлигидан кичик клублар ҳам даромад қилиш имкони йўқ экан, харажатларнинг сунъий ошишидан нима наф? Барибир Осиёда натижа кўрсатмаётган эканмиз, 14 жамоа жами 300 миллиард харажат қилиб, «Пахтакор»ни чемпион қилди нима-ю, шу харажат 50 миллиард бўлди нима? Барибир «Пахтакор» чемпион бўлади, биз футбол томоша қиламиз, кўпроқ тўлаш нимага керак?

Бир ота уйида оч ўтирган болаларининг олдига келади ва жуда чиройли товланадиган, ранг-баранг мушакни осмонга отиб, томоша кўрсатади. Ва айтадики, «болаларим, бутун маошимга мана шу мушакни олдим, маза қилиб томоша қилдингиз, дам олдик. Афсуски, нонга пул йўқ!»

Футболчиларнинг ойлиги камайиб кетса, рағбат бўлмаса, футболга бўлган қизиқиш ўлади, яхши футболчилар чиқмай қўяди, дейишингиз ҳам мумкин. Йўқ.

Қаранг, 10 нафар боксчимиз олимпиадага борди ва 200 минг доллар ютиш имкониятига эга бўлди. Мана шу ўн нафардан ташқари, минглаб боксчилар бор. Улар футболчилар каби катта маош олишмайди. Уларда 200 минг ютиш имконияти ҳам бўлмади. Лекин ўша 10 нафар боксчи чиқди-ку? Бошқа боксчилар боксни ташлаб кетишмади-ку? Одил Аҳмедов ёки Элдор Шомуродов етишиб чиқиши учун яна 490 футболчига 15 миллиондан ойлик тўлаб юришга муҳтожмизми?

Одил Аҳмедов ва Элдор Шомуродов бошқа ҳолатда ҳам етишиб чиққан бўларди. Ҳатто кўпроқ Аҳмедовлар етишиб чиқарди балки. Сабаби, Ўзбекистон чемпионати клубида тўп суриб юришдан фойда йўқ, ойлик кам, имкон қадар ўз устида ишлаб Россияга ёки бошқа чет эл лигасига кетишни ўз олдига мақсад қилади. Кўпроқ тер тўкади. Аксинча, кучли 490таликка кирволиб, ўқитувчидан беш баробар кўп ойликда тирикчиликни ўтказиб юриш варианти бўлмаса, Аҳмедовлар кўпаяди, деб ўйлайман.

Ана Россияни мисол қилиш мумкин, мамлакат чемпионати аслида Италия ёки Франция лигасидан паст савияда, аммо футболчиларга кўпроқ ойлик тўланади. «Краснодар» футболчиси ҳеч қачон «Торино» ёки «Наполи»ни орзу қилмайди, чунки шундоғам кўп пул топмоқда.

Агар клубларимиз кўрсатилаётган футбол савиясига ёки даромадга қараб ойлик тўлашганда, кўпгина иқтидорли футболчиларимиз аллақачон ўзларига четдан яхшироқ, рақобатбардошроқ лига ахтариб қолишарди, назаримда. Бу эса, бизга футболда ҳам худди боксдаги каби ажойиб ҳикоялар тақдим этган бўларди. Бир иқтидорли ўсмир футболчининг тинмай ўз устида ишлаши… «Олмалиқ»да кам ойлик тўлашларини билгани учун, кучлироқ лигани ният қилиб, яна икки баробар кўпроқ шуғулланиши. Бир сабаб бўлиб, Европанинг кучли жамоаси назарига тушиши, у ерда юлдузга айланиши. Албатта, катта пул топиб, лой сувоқ қилинган ҳовлисини қасрга айлантириши, қавм-у қариндошларининг моддий муаммоларини ечиб, катта тўйлар қилиб бериши. Қаҳрамонга айланиши. Ажойиб.

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар