17.06.2021 15:16
20679
Навбатдагиси ким? Миллий жамоани бошқариши мумкин бўлган номзодлар ҳақида

ФИФА рейтингидаги ўрин амалда реал ҳолатни кўрсатмаслиги рост. Бироқ, у ҳам маълум бир асосларга эга. Ҳатто Уммон биздан олдинда боряптими, демак реал муаммолар бор.

Ўзбекистон бу сафар жаҳон чемпионатидан анча эртароқ умид узди. Миллий жамоани иккинчи босқич давомида қабул қилиб олган Вадим Абрамов Саудияга қарши икки ўйинда ҳам мағлуб бўлди ва Ўзбекистон ўз тарихида илк марта учинчи босқичга ўта олмади.

Ҳал қилувчи учрашувда майдонда барчасини бой бергандан сўнг, ёш болалардек йиғлаган футболчиларимиз ҳам, «велосипедни иккинчи марта ихтиро қилиш»га уринган Абрамов ҳам Саудияга том маънода ютқазди.

Зотеев, Галиулин, янги позициядаги Машарипов, ўйинда ҳеч нарсани қойиллатмаган Аҳмедов, Ҳамдамовнинг майдонни бир айланиб, яна захирага ўтиргани... Абрамов «қош қўяман деб, кўз чиқарди».

 Ҳаёт давом этади. Бу мағлубиятдан қанчалик аламзада бўлмайлик, биз янги мусобақалар учун тайёргарликни бугундан бошлашимиз керак. Вадим Абрамовнинг миллий жамоа мураббийлиги вазифасидаги соатлари тобора охирлаб бормоқда. Бизга янги мураббий керак. Катта эҳтимол билан Ўзбекистон футбол ассоциациясининг 19 июнь куни бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари конгрессида Вадим Абрамовнинг истеъфоси эълон қилинади.

Қуйида миллий жамоани Осиё чемпионати-2023 саралашига тайёрлаш учун номзодларни кўриб чиқамиз.

Тез ёрдам – Темур Кападзе

«Олимпик» жамоаси билан Про лига ўйинларида жавлон ураётган собиқ футболчи ва маълум вақт асосий жамоани бошқарган Темур Кападзе Вадим Абрамовнинг ўрнини босиши мумкин бўлган номзод. У мураббийликдаги қисқа фаолияти давомида яхши тактик билимларга эгалигини кўрсата олди. Ҳозир унинг қўл остидаги ёшлар Про лигада исталган жамоани енгишга қодир кучга айланган.

«Олимпик» қисқа пасларга асосланган комбинацион футболни яхши йўлга қўйиб олган жамоа. Демак, ушбу мураббийдан миллий жамоада ҳам мана шундай услубни кутса бўлади. Қайсидир жиҳатдан Кападзе Абрамов услубининг давомчиси. Бироқ, у янги авлод мураббийи, янгиликларга чанқоқ, замон қандай футболни талаб қилаётганини яхши тушунади.

Ўзбекистон энди Осиё кубоги-2023 саралаши доирасидаги ҳаракатларини давом эттиради. Ушбу ўйинларда миллий жамоамизга мураббий керак ва ЎФА раҳбарияти шошилинч чора сифатида Кападзе хизматларидан фойдаланиши мумкин.

Мухлислар хоҳиши – Рўзиқул Бердиев

«Насаф» жамоаси бош мураббийи ҳам қисқа муддатга миллий жамоани бошқариб улгурган. Ҳар йили деярли янги таркиб йиғишдан эринмайдиган Бердиев Суперлигада чемпионликка эриша олмаётган бўлса-да, ўзбек футболи мухлисларининг аксарияти томонидан миллий чемпионатдаги энг кучли мураббий сифатида қаралади.

Ушбу мутахассисда ёшлар билан ишлаш, таркибга муносиб номзодларни жалб этиш, йўқотишлар ўрнини тўлдириш борасидаги катта тажриба бор.

«Насаф»нинг ўз вақтида халқаро майдондаги грандларга қарши яхши қаршилик кўрсатгани ва ижобий натижалар намойиш этгани Бердиев номи билан бевосита боғлиқ.

Янги мураббийлар шорт-листида Рўзиқул Бердиев номи бўлади.

Эффектив – Шота Арвеладзе

Инсайдерлар Арвеладзе вариантини ҳам тилга олишмоқда. Грузиялик ушбу мутахассис миллий жамоага бош мураббий этиб тайинланиши ҳам мантиққа тўғри келади.

Ўзбек футболида ишлаган, унинг об-ҳавосидан хабардор, футболчиларни яхши танийдиган хорижлик мутахассис. «Пахтакор»даги сўнгги мавсумида жамоани ҳақиқий Европа услубидаги футболга ўргатиб қўйганди. Ҳа, унинг натижагача футболчиларни етаклаб боришига вақт талаб қилинди. Аммо жамоа анчадан буён илк марта Осиё Чемпионлар лигасида яхши иштирок этди. Ўзбекистонлик мухлислар ўзбек клубларининг ОЧЛдаги ўйинларидан завқ олишни унутиб ҳам қўйишганди.

«Шоу-тайм» «Пахтакор»да бир чизиқли ҳимояга асос сола олганди. Бугун миллий жамоага айнан шу жиҳат етишмаяпти. Ҳужумлардаги ранг-баранглик жиҳатидан ҳам «шерлар» Осиёнинг исталган жамоаси билан рақобатлаша оладиган клубга айланганди.

Арвеладзе «Пахтакор»ни тарк этганидан буён ишсиз юрибди. Маош масаласида Тошкент клуби уни рози қила олган бир пайтда, Ўзбекистон миллий жамоасига бу муаммо бўлмаса керак.

 Орзу – Карлуш Кейруш

Португалиялик мутахассис анчадан буён миллий жамоани бошқариш учун энг муносиб номзод сифатида кўриб келинади. У Осиё футболини яхши билади, Эронни қитъа грандига айлантира олган. Ўтган йили Колумбия миллий жамоасидан истеъфога чиққан Кейруш ҳам ҳозирда ишсиз.

Дунёнинг етакчи миллий жамоалари ва клубларида фаолият олиб боришга улгурган мутахассиснинг келиши анча қимматга тушиши маълум. Бу каби мураббийлар ҳам бугун миллий жамоага тайинланган тақдирда, эртагаёқ жамоани кучли қилиб қўймайди. Уларга ҳам ўз футбол фалсафасини жамоага сингдириш учун вақт керак бўлади. Бундай узоқ муддатли ҳамкорлик учун яхшигина молиявий имконият талаб этилади. Пандемия вақтида бутун дунёда иқтисодий қийинчилик бўлаётган бир пайтда, мураббийга катта пул тўлаш ҳам қийин.

Ўз навбатида, агар ЎФА раҳбарияти пировардида Кейруш сингари мураббий билан шартнома имзоламоқчи бўлса, бу ишни ортга суришнинг ҳеч кераги йўқ. Улар ўзлари учун талаб қиладиган вақтни олиши ва ғояларини жамоада акс эттириб кўриши керак. 30 йилни бой берган футболимиздан натижа кутишни тўхтатиб, унинг қайтадан барпо этилишига сабр қилишимиз лозим бўлади.

Юқоридаги вариантлар типаж сифатида келтирилди, яъни номлар ўзгариши мумкин.

Бизга барибир чет эллик мураббий керак. У футболчиларимиздаги руҳий ҳолатни ўзгартириши, футболимизга янгича характер бериши талаб этилади.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар