16.06.2021 15:15
13716
Роналду бир кечада уч рекордни янгилади, Франция чемпионлик юришини бошлади

Криштиану Роналду Европа чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурар бўлиб олди, жаҳон рекорди учун яна уч гол керак.

Евро-2020. F гуруҳи
Венгрия — Португалия — 0:3 (0:0)
Голлар: Рафаэл Геррейру, 84 (0:1). Криштиану Роналду, 87 — пенальтидан (0:2). Криштиану Роналду, 90+2 (0:3).
Венгрия: Гулачи, Орбан, Ловренчич, Фиола (К.Варга, 88), Ботка, Ат.Солои, Надь (Р.Варга, 90+5), Кляйнхайслер (Шигер, 78), Шафер (Него, 65), А.Солои, Шоллои (Шен, 77).
Португалия: Руй Патрисиу, Пепе, Рафаэл Геррейру, Семеду, Рубен Диаш, Данилу Перрейра, Бруну Фернандеш (Жоау Моутинью, 89), Виллиам Карвалью (Ренату Санчеш, 81), Бернарду Силва (Рафа Силва, 71), Криштиану Роналду, Жота (Андре Силва, 81).
Огоҳлантиришлар: Рубен Диаш, 38. Него, 80. Орбан, 86.
Ҳакамлар: Жунейт Чақир. Бахаттин Дуран, Тариқ Ўнгун (барчаси — Турция).
ВАР: Иррати. Валери, Мели (барчаси — Италия), Гиль (Польша).
15 июнь. Будапешт. «Пушкаш Арена» стадиони. 55 662 томошабин.

Европа чемпионатида иштирокчилар сони оширилган бўлса-да, бир гуруҳда шундай жарангдор номлар тўпланди. Иштирокчилар сони 16та бўлган форматда бундай ўлим гуруҳлари юзага келиши доимий эди. Евро-2008да Италия, Франция ва Нидерландиядан иборат компания юзага келган, Евро-2012да Германия, Нидерландия ва Португалия бир гуруҳдан жой олганди. Аммо терма жамоалар сони 24тага етказилганда бундай гуруҳлар бўлмайдигандек эди.

Бу ғалати ҳам эди: бир томонда терма жамоалар учун сўнгги уч йирик турнирда ғолиб бўлган Германия, Португалия ва Франция гуруҳдан чиқиш учун курашади, бошқа томонда — масалан, Австрия, Украина ва Шимолий Македония. Лекин F гуруҳини ҳам ҳозир ўлим гуруҳи деб атаб бўлмайди, плей-оффга учинчи ўрин билан чиқиш мумкин ва бу гуруҳда фаворитлардан бири ҳам эмас, фақат Венгрия ўлади.

Бунинг учун фаворитларнинг барчаси Венгрияни йирикроқ ҳисобларда мағлуб этиши керак бўлади. Венгрларнинг Португалия ва Францияга қарши ўйинлари Будапештдаги трибуналари 100 фоизга тўлган стадионда ўтказиши белгиланганди. Бу эса уларнинг иштирокига таъсир кўрсатмай қолмайди. Европа чемпионатидаги барча андердоглар орасида фақат Марко Росси жамоаси кузда Миллатлар лигасининг А дивизионига кўтарилганди, бу ҳужумкор ва ҳужумларни зарбагача олиб борадиган жамоадир. Венгрлар Португалияга қарши ўйинда ҳам бир марта дарвозани ишғол этишди, аммо офсайд қайд этилди.

Лекин табиийки Португалияда голли вазиятлар кўпроқ бўлди. 36 ёшли Криш эса Венгрияга қарши ўйин якунида навбатдаги уч рекордни ўрнатди.

Биринчидан, Европа чемпионатида бешинчи марта иштирок этди, бу турнирларнинг барчасида асосий таркибда ўйнаган.

Иккинчидан, халқаро турнирларнинг финал босқичида (Жаҳон ёки Европа чемпионатлари) 39-ўйинини ўтказди, у бу борада германиялик Бастиан Швайнштайгерни ортда қолдирди - унда 38 ўйин эди (Мирослав Клозеда — 37, Паоло Мальдини ва Лотар Маттеусда — 36тадан).

Учинчидан, ўйин охирида икки гол уриб, Европа чемпионати тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди. Венгрлар дарвозасига урилган голлар Криштиану учун 10 ва 11-голлар бўлди, бу эса шу вақтгача рекордчи бўлган Мишел Платинининг натижасидан иккитага кўпроқ. Тўғри, афсонавий француз ўзининг тўққиз голидан дастлабки бештасини 1984 йилги Европа чемпионатида урган, португалиялик юлдуз терма жамоа билан Европа чемпионатида 22 ўйин ўтказиб бўлди. У Европа чемпионатида ўтказилган ўйинлар сони бўйича ҳам яққол етакчи.

Қолаверса, Роналду Евродаги бир ўйинда камида икки гол урган энг ёши катта футболчи бўлди. Португалиялик бу ишни 36 ёшу 130 кунлигида уддалади ва Андрей Шевченконинг натижасини яхшилади (35 ёшу 256 кун).

Терма жамоа сафида урилган жами голлар сони бўйича Роналду жаҳон рекордчиси, Али Даига яқинлашиб олди. 36 ёшли португалиялик ҳисобидаги голлар сони 106тага етди, Эрон футболи афсонаси 13 йилда терма жамоа учун 109 гол урган. Криштианунинг доимий рақобатчиси Лионель Месси ҳам бу борада кучли ўнлик сари ҳаракатланмоқда. Америка Кубогида Чили дарвозасига урилган голдан кейин аргентиналик футболчи бир неча осиёлик форварддан ортда қолган ҳолда 73 гол билан 13-ўриндан жой олган.

Унинг натижалари зўр. Аммо Криштианунинг ўйини амалда чиқмади. «Ювентус»да Роналду уч мавсумда 100дан ортиқ гол урган ва якунланган мавсумда А Сериянинг энг яхши тўпурари бўлган бўлишига қарамай, ҳозирда у клубда муҳим фигура эмас ва унинг ўзи ҳам кетиш кайфиятида. Португалиядаги журналистлар эса терма жамоа ҳамон унга боғлиқлигини ёзишмоқда. Бу Евро давомида муаммога айланиши мумкин.

Ҳозирда табиийки, барча Криштианунинг дубли, унинг рекордлари ҳақида гапирмоқда ва у оқшом юлдузи бўлди. Аммо у чиндан ҳам ўртача ўйин кўрсатди, Португалиянинг омади келди - ўйин охирида урилган биринчи голдаги рикошет барчасини ўзгартирди, бу голдан кейин Венгрия синиб қолди ва яна икки гол қўйиб юборди. Дарвоқе, биринчи гол урилган ҳужумда Роналду иштирок этмаганди. Португаллар сафида эса энг яхши футболчи Бруну Фернандеш бўлди.

Аммо якунда Криш барибир диққат марказида, Португалия эса гуруҳдан чиқиш учун Германия ва Францияга қарши ўйинларда бир очко олиши кифоя қилади.

Минимал ҳисобда ғалаба қилган бўлса ҳам (1:0), Франция амалда бундестимни иложсиз қолдирди

Евро-2020. F гуруҳи
Франция — Германия — 1:0 (1:0)
Гол: Ҳуммелс, 20 — автогол.
Франция: Ллорис, Павар, Кимпембе, Варан, Эрнандез, Погба, Канте, Гризманн, Рабьо (Дембеле, 90+4), Бензема (Толиссо, 89), Мбаппе.
Германия: Нойер, Рюдигер, Ҳуммелс, Гинтер (Эмре Жан, 88), Киммих, Гундўған, Кроос, Гозенс (Фолланд, 88), Ҳаверц (Сане, 74), Мюллер, Гнабри (Вернер, 74).
Огоҳлантириш: Киммих, 7.
Ҳакамлар: Дель Серро Гранде. Алонсо, Юсте Хименес (барчаси — Испания).
ВАР: Мартинес Мунуэра. Приэто Лопес де Сераин, Санчес Мартинес, Эрнандес-Эрнандес (барчаси — Испания).
15 июнь. Мюнхен. «Алльянц Арена» стадиони. 13000 томошабин.

Франция — Германия афишаси финал учун муносиб номлар. 2018 йилги жаҳон чемпионларига қарши 2014 йилги жаҳон чемпионлари. Ҳа, Германия жамоаси ҳозирда пасайиш даврида, аммо барчага маълумки, немислар турнирлар учун яралган жангчилар — етти бор сайёрада ва қитъада энг яхши бўлишган.

Бундестим шу вақтгача Европа чемпионатини мағлубият билан бошламаганди — етти ғалаба ва беш дуранг. Фақат 1992 йилги турнирда улар МДҲ жамоасига қарши ўйинда мағлубиятга яқин бўлишган, аммо Ҳесслер финал ҳуштаги чалинишига саноқли сониялар қолганида жарима нуқтасидан Харин қўриқлаган дарвозага гол уриб ҳисобни тенглаштирганди.

Ҳа, Йоахим Лев миллий жамоадаги 15 йиллик фаолиятдан кейин юқори нотада хайрлашишни истамоқда — Евро якунланиши билан унинг ўрнини терма жамоадаги собиқ ёрдамчиси, сўнгги мавсумларда «Бавария» билан яхши натижалар қайд этган Ҳанс Флик эгаллайди.

Франция — Евро-2020да яққол фаворит. Шусиз ҳам Варан, Погба, Гризманн, Канте (!) ва Мбаппе (!!!) билан рақибларга даҳшат солиб турган таркибга Бензема ҳам қўшилди! «Реал» форварди 2015 йилда Вальбуэнанинг интим видеоси туфайли юзага келган зиддиятдан кейин терма жамоага чақирилмаётганди.

Бу таркиб кучини немислар ўзида синаб кўришига тўғри келди. Германияда «Учранглилар»дан фарқли ўлароқ кучсиз чизиқлар етарли эди. Ҳатто Лёв 2018 йилги жаҳон чемпионатидан кейин таркибдан чиқариб юборган Ҳуммелс ва Мюллерни қайтаришга тўғри келди. Март ойида Македониядан уйда мағлуб бўлингач, мураббий нима қилишини билмай қолганди.

Энди бу икки фахрий футболчи бошланғич таркибда, бошқа позициялардаги муаммолар эса сақланиб қолди. Ўнг қанотга ҳимоячи йўқ — Лёв бу ерга таянч яримҳимоясида ўйнаб келган Киммиҳни юборди. Германиядагилар эса Йошуанинг ўрнига таянч зонасини ким эгаллашини тушуна олишмаяпти. Мураббийлар штаби ҳимояланишда кучсизроқ бўлга Кроос ва Гундўғанни туширишди. Бу муаммони ҳал қилиш учун ўнг қанотга ёшлардан кимнидир жалб қилиш ва Киммиҳни марказга қайтариш мумкин эди, аммо Лёв бошқача қарорга келди. 

Чап қанотда ҳам ишлар яхши эмас, «Аталанта» ҳужумларида жавлон урувчи Госенс орқароқда яхши ўйнай олмаслигини яна бир бор кўрсатиб қўйди.

Учинчи муаммо — кучли ҳужумчи йўқлиги. Лёв ҳужум марказида Гнабрини қўймоқда (176 см). Муқобил вариантлар Вернер ва Фолланд — серқирра футболчилар эмас, натижада рақиб тиғиз ҳимояланганда Б план бўлмайди.

Ўйиннинг 20-дақиқасидаёқ услубни ўзгартириш зарурати пайдо бўлди. Бунгача ўйин немислар учун хотиржам кечаётганди, аммо французлар босимни ошириши билан немислар ҳимояси дош бера олмай қолди. Ҳа, Ҳуммелс ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйиб, хато қилди, аммо рақиб шунга мажбур қилди: Погба ажойиб пас билан чап қанотдан кириб келаётган Эрнандесни топди, у эса қулай вазиятда турган Мбаппега керакли пасни узатди, тажрибали ҳимоячи бу тўпни тўсиб қолишга уриниб антиқаҳрамонга айланди.

Буёғига французлар сичқон-мушук ўйини бошлади. Улар майдон эгаларининг ҳужумларини барбод қилишди, узатмалар ҳимоячилардан ўтмади. Узоқ масофалардан берилган зарбалар ҳам тўсилди, бир сафар Гундўған берган зарба ноаниқ чиқди. Иккинчи бўлим бошида Гнабри ва Госенснинг уринишлари ҳам бесамар кетди.

Шу билан бирга, Рабьо немислар дарвозаси устунини пойлади, Мбаппе урган ақл бовар қилмас гол эса офсайд туфайли бекор қилинди. Ўйин охирларида Бенземанинг терма жамоа учун олти йил ичида урган илк голи ҳам яна бир «ўйиндан ташқари ҳолат» туфайли ҳисобланмади.

Якунда Франция Евро фаворити эканини тасдиқлади. Германия эса биринчи марта Евро стартида ютқазди. Энди улар Португалияга қарши ўйин арафасида қийин аҳволга тушиб қолишди — яна бир мағлубият уларни гуруҳда қолдириши мумкин.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар