15.06.2021 19:10
7595
Йўлланма тақдири ва Осиё кубоги-2023 чиптаси тикилган ўйин. Ўзбекистон Саудия Арабистонида нохуш анъанага чек қўя оладими?

Ўзбекистон миллий жамоаси 2022 йилги жаҳон чемпионати 2-саралаш босқичи сўнгги 10-тур доирасида 15 июнь куни Саудия Арабистонига қарши саф тортади. Гуруҳ босқичидаги энг муҳим ўйинга айланадиган ушбу қарама-қаршиликда миллий жамоамиз икки йил аввал Тошкентда учралган аламли мағлубият учун реванш олиш ва Саудия Арабистонига қарши сафар ўйинларидаги нохуш анъанага барҳам бериш учун майдонга чиқади.

Сўнгги 4 ўйинида жами 12:0 ҳисобини қайд этган Саудия. Ким қандай ҳолатда?

Ўзбекистон миллий жамоаси Саудия Арабистонида марказлашган ҳолда ташкил этилган саралаш босқичи баҳсларини Сингапур (5:0) ва Яманни (1:0) енгиш билан давом эттирди. 1-даврада Фаластин ва Саудия Арабистони билан баҳсларда мағлубиятга учралгани сабабли «оқ бўрилар» ЖЧ-2022 ҳал қилувчи саралаш босқичига бошқа гуруҳлардаги натижалардан қатъи назар тўғридан тўғри йўл олиши Саудия Арабистонини мағлуб этиши даркор.

Сингапур ва Яман билан баҳсларда дисквалификациясини ўтаган Ойбек Бозоров яна майдонга қайтиши мумкин. Таркибдаги ягона йўқотиш – жароҳат олиб ортга қайтган Ҳожимат Эркиновдир.

Саудия Арабистони миллий жамоаси ҳозирда юқори спорт формасига кириб олган. Эрве Ренар шогирдлари сўнгги 4 ўйинида Кувайт (1:0), Фаластин (5:0), Яман (3:0), Сингапур (3:0) устидан умумий 12:0 ҳисобини қайд этган.

Саудлар таркибида ҳам йўқотишлар бор. Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида саудияликларнинг франциялик бош мураббийи Эрве Ренар дисквалификация сабабли Салим Ад-Довсарий ва Абдуллоҳ Ал-Малкининг таркибда йўқлиги жамоа учун катта йўқотиш эканлигини айтиб ўтди. Бу футболчилар Сингапур билан баҳсда турнирдаги 2-сариқ карточкасини олишгани боис, Ўзбекистонга қарши майдонга туша олмайди.

Трансфер нархларидаги фарқ: Ўзбекистон таркиби Саудиядан қимматроқ

Transfermakrt портали Ўзбекистон ва Саудия Арабистони миллий жамоаларининг трансфер қийматини келтирган. Бу борада ўзбекистонликларнинг трансфер баҳоси саудияликларникидан қимматроқ.

Жумладан, Ўзбекистон миллий жамоаси таркибининг ҳозирги умумий қиймати 27,65 миллион еврога баҳоланган. Энг қимматбаҳо футболчилар рўйхатини Элдор Шомуродов бошқармоқда. «Женоа» ҳужумчисининг трансфер баҳоси – 7 миллион еврони ташкил этади. 2-ўринда Отабек Шукуров – 3 миллион евро, 3-ўриндан эса Жалолиддин Машарипов – 2,8 миллион евро нарх билан ўрин олган.

Саудия Арабистони миллий жамоаси таркибининг умумий қиймати эса бироз пастроқ – 25,78 миллион еврони ташкил этади. 2,9 миллион евро нарх билан саудияликлар сафидаги энг қимматбаҳо ўйинчи бўлиб турган 29 ёшли ҳужумкор яримҳимоячи Салим Ад-Довсарий Ўзбекистонга қарши майдонга туша олмайди. Ўзбекистонга қарши майдонга тушиши мумкин бўлган энг қимматбаҳо ўйинчилар нархи – Муҳаммад Ал-Овайс – 2,5 миллион евро, Ёсир Аш-Шаҳрони, Муҳаммад Ал-Бурайк – 2 миллион евро.

Ўзаро ўйинлар тарихи: Устунлик Саудия Арабистонида

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони 1994 йилдан буён ўзаро 11 марта учрашган. Ушбу баҳсларда Ўзбекистон вакиллари 4 марта ғалаба қозонган бўлса, бир марта дуранг қайд этилган. 6 учрашувда эса саудияликларнинг қўли баланд келган.

Дастлабки ғалаба 1994 йилги Осиё ўйинлари доирасидаги 1-турда эришилган. Рустам Акромов ва Биродар Абдураимов мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий жамоаси Сергей Лебедев, Миржалол Қосимов ва Игорь Шквириннинг голлари эвазига саудларни 4:1 ҳисобида мағлуб этганди.

Саудия Арабистони устидан қозонилган сўнгги ғалабамиз эса Осиё Кубоги-2015да эришилган. Сардор Рашидовнинг бенефисига айланган учрашувда унинг дубли ва Воҳид Шодиевнинг голи якунда Ўзбекистон ғалабасини таъминлаганди.

Ўзбекистон – Саудия Арабистони ўртасидаги сўнгги ўйин ЖЧ-2022 саралаш босқичдаги энг аламли мағлубият сифатида ёдда қолганди. 2019 йилда Тошкентда ўтган баҳсда Абрамов шогирдлари Шомуродов ва Шукуровнинг голларидан кейин 2:1 ҳисобида олдинда борганига қарамай, сўнгги дақиқаларда рақиб ғалабани илиб кетган – 2:3.

Ар-Риёддаги ўйинда Абрамов шогирдлари реванш олиш билан бирга Саудияга қарши сафардаги ўйинларда кузатилаётган ғалабасиз серияга ҳам барҳам бериш имкониятига эга.

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги сўнгги 6 учрашув:

22.07.2007. Саудия Арабистони – Ўзбекистон – 2:1.

26.03.2008. Ўзбекистон – Саудия Арабистони – 3:0

22.06.2008. Саудия Арабистони – Ўзбекистон – 4:0

09.10.2010. Саудия Арабистони – Ўзбекистон – 4:0

18.01.2015. Ўзбекистон – Саудия Арабистони – 3:1

14.11.2019. Ўзбекистон – Саудия Арабистони – 2:3

Қандай натижалар кейинги босқич йўлланмасини беради?

Саудия Арабистони - Ўзбекистон ўйинидаги ғалаба миллий жамоамизга тўғридан тўғри йўлланма беради, дуранг вазиятни қийинлаштиради. Мағлубият эса аҳволни янада оғирлаштиради.

Ўзбекистон Саудия Арабистони билан дуранг қайд этган тақдирда, кейинги босқичга йўл олиши учун:

- 2-ўринлар орасидаги Иордания гуруҳдан чиқиб бўлган Австралияни мағлуб этмаслиги лозим. Акс ҳолда 11 очко билан Ўзбекистондан юқорида бўлади;

Ўзбекистон Саудия Арабистонига мағлуб бўлган тақдирда, кейинги босқичга йўл олиши учун:

- 2-ўринлар орасидаги Иордания гуруҳдан чиқиб бўлган Австралияга мағлуб бўлиши шарт;

- 2-ўринлар орасидаги БАА 1-ўриндаги Вьетнамга мағлуб бўлиши шарт;

- 2-ўринлар орасидаги Эрон гуруҳ пешқадами Ироққа мағлуб бўлиши шарт;

Яна бир жиҳат ушбу баҳслардаги тўплар нисбатига ҳам қарашга мажбур бўламиз. Шунда ҳам гуруҳимиздаги иккинчи ўйинда Яман Фаластинни мағлуб этмаслиги лозим. Акс ҳолда Сингапур сўнгги 5-ўринга тушиб қолиб, бу жамоа дарвозасига киритган Ямандан кўра битта ортиқ голимиз ҳам бекор бўлади. Яъни Ўзбекистон Сингапурни умумий 8:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Яманни икки ўйинда жами 6:0 ҳисобида таслим қилган.

Дарвоқе, Ар-Риёддаги ўйин бошланиши олдидан Эрон – Ироқ ва Австралия – Иордания ўртасидаги учрашувлар якунига етган бўлади. Эҳтимол, бу ўйинлардаги натижалар соат 23:00да бошланадиган ўйинни босимсиз бошлашга имкон яратар, яна ким билади дейсиз...

 ЖЧ-2022 саралаш босқич учрашуви.

«D» гуруҳи. 10-тур. 15 июнь (сешанба)

Саудия Арабистони – Ўзбекистон

Ар-Риёд, «King Saud University Stadium»

Бош ҳакам: Хюнг Жин Ко (Жанубий Корея)

Ўйин бошланиш вақти: 23:00.

ТВ-трансляция: FutbolTV/SportTV. 

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар