14.06.2021 08:06
3415
Александр Поветкин фаолиятини якунлади

Россиялик таниқли боксчи Александр Поветкин спорт фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Шу билан бирга, 41 ёшли спортчи истак ва яхши таклиф бўлса, яна рингга қайтиши мумкинлигини истисно қилмади.

«Йиллар ўз таъсирини кўрсатади. Фаолиятимни якунлашга қарор қилдим. Коронавирусга чалинганимдан кейин яхшилаб соғайиб олиш керак, бунинг учун вақт зарур ва мен 20 ёшли йигитча эмасман. Коронавирусдан кейин спарринг ва машғулотларда ўзимни гўёки мастдек ҳис қилмоқдаман, жуда толиқмоқдаман», деб тан олган Поветкин журналистларга.

У барчага миннатдорчилик билдириб, фаолиятини якунлаш ҳақидаги қарорни қабул қилиш осон бўлмаганини қўшимча қилган.

Боксчи профессионал спортга яна қайтиши мумкинлигини истисно қилмаган. «Қайтмасликка онт ичмайман. Агар истак ва яхши таклиф бўлса, нимага йўқ экан», деб таъкидлаб ўтган спортчи.

Поветкин профессионал рингдаги фаолияти давомида 36та ғалабага эришган ва 3 марта мағлубиятга учраган. У 2004 йилги Олимпиада чемпиони ҳисобланади.

25 март куни Поветкин фаолиятидаги охирги жангда британиялик Диллиан Уайтга мағлуб бўлиб, WBC’нинг вақтинчалик чемпиони унвонидан маҳрум бўлганди. Ўшанда 4-раундда россиялик боксчига техник нокаут ёзилганди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар