13.06.2021 15:43
40637
Тўрт жамоа кейинги босқичда, Ўзбекистон қийин вазиятда. Сўнгги тур олдидан кимда қандай имконият?

11 июнь куни ЖЧ-2022 ва Осиё кубоги-2023 қўшма саралаш босқичи гуруҳ ўйинлари доирасидан ўрин олган 9-тур баҳслари ўтказилганди, 13 июнь куни «H» гуруҳидаги Жанубий Корея – Ливан ўйини билан 10-тур баҳсларига старт берилди.

Якуний тур олдидан бир қатор миллий жамоалар кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритишга улгурган бўлса, аксарият гуруҳларда барча масала сўнгги турда ҳал бўлади. Шу жумладан, Ўзбекистон миллий жамоасининг кейинги тақдири ҳам. Хуллас, сўнгги тур олдидан яна математикмиз.

«А» гуруҳи: Сурия Хитойни ҳам кейинги босқичга олиб чиқадими?

Дастлабки гуруҳда Сурия миллий жамоаси максимал очко йиғган – 7 ўйинда 100 фоизлик натижа – 21 очко жамғариб, муддатдан аввал гуруҳ ғолиби сифатида ҳал қилувчи 3-босқичга йўлланма олди.

Ҳали мағлубият тугул, дуранг ҳам қайд этмаган Набил Маалул шогирдлари Бирлашган Араб Амирликларида ўтаётган марказлашган гуруҳ ўйинларининг сўнгги турида Хитойга қарши расмиятчилик учун майдонга тушиб, чинларни ҳам кейинги босқичга олиб чиқиши мумкин. Бунинг учун гуруҳдаги ғалабали серияни бузишларига тўғри келади. Дуранг натижа ҳам Ли Те қўл остидаги Хитойни қолган баҳслар натижасидан қатъи назар 2-ўрин билан плей-оффга олиб чиқади.

«А» гуруҳи. 9-тур. 11 июнь (жума)

Филиппин – Гуам – 3:0

Хитой – Мальдив ороллари – 5:0

10-тур. 15 июнь (сешанба)

Мальдив ороллари – Филиппин

Хитой – Сурия

«B» гуруҳи: Австралия кейинги босқичда, Иорданияни ғалаба қутқариши мумкин

Австралия миллий жамоаси ҳам Сурия ва Япония каби 2-саралаш босқичида ҳали очко йўқотгани йўқ. «Кенгурулар» сўнгги уч ўйинда Кувайт, Хитой Тайпейи ва Непални мағлуб этиб, 3-босқич масаласини ҳал этишди. Непал устидан ғалаба эса йўлланмани нақд қилди.

Иордания миллий жамоаси Кувайт билан баҳсда мезбонларни мағлуб эта олмагач, аҳволини янада оғирлаштирди. Боркелманс шогирдлари 14 очко билан гуруҳда 2-ўринни эгаллаб турган бўлса-да, энг яхши натижага эга 2-ўринлар қаторида 8 очко билан бешликдан ташқарида турибди. Иордания сўнгги ҳал қилувчи ўйинида Австралияни мағлуб этса, кейинги босқичга чиқа олиши мумкин – ўшанда ҳам ўзидан юқорида бўлган 4 жамоадан камида 2таси очко йўқотиши лозим. Дуранг қайд этган тақдирда эса Ўзбекистон, БАА ва Эроннинг сўнгги турда мағлуб бўлишини кутишига тўғри келади. Аммо Австралиянинг саралаш босқичида ҳали мағлубият тугул, дуранг ҳам қайд этмаганини инобатга олсак, Иорданиянинг «миссия»си бажариб бўлмасдек кўринмоқда.

«В» гуруҳи. 9-тур. 11 июнь (жума)

Непал – Австралия– 0:3

Кувайт – Иордания – 0:0

10-тур. 15 июнь (сешанба)

Иордания – Австралия

Хитой Тайпейи – Кувайт

«С» гуруҳи: Эрон – Ироқ «жанги» пешқадамни аниқлайди

Баҳрайнда ўтаётган «С» гуруҳида ҳам вазият чигал. Пешқадам Ироқ ҳам, Эрон ҳам гуруҳда қолиб кетиши мумкин. Сўнгги турда ироқликлар Ҳонгконгни мағлуб этган, Эрон эса аутсайдер Камбожа дарвозасига 10та гол киритган бўлса-да, гуруҳда деярли ҳеч нарса ўзгармади. Сўнгги турдаги Эрон – Ироқ ўйини вазиятга ойдинлик киритади. Бу икки қўшни мамлакатнинг бош жамоалари ўртасидаги қарама-қаршилик тарихидан келиб чиқсак, 10-турнинг энг марказий баҳси шубҳасиз айнан ушбу жамоалар ўртасида кечишини тахмин қилиш мумкин.

Ҳозирги ҳолатда ироқликларга ҳам, эронликларга ҳам 2-ўрин билан гуруҳдан чиқа олмаслик хавфи сақланиб турибди. Ғалаба икки жамоага ҳам йўлланмани тақдим этади, дуранг эса Ироқ фойдасига, форсларнинг зарарига ишлаши мумкин. Мағлубият Эронни гуруҳда қолиб кетишига сабаб бўлиши аниқ, Ироқ ютқазган тақдирда эса 2-ўриндаги жамоалар орасида 11 очко билан бешликдан жой олиши мумкин – шунда ҳам Хитой, Ўзбекистон ва БАА жамоаларидан иккитасининг очко йўқотишини кутади.

«С» гуруҳи. 9-тур. 11 июнь (жума)

Ҳонгконг – Ироқ – 0:1

Голлар: Хи Хванг 11, автогол.

Камбожа – Эрон – 0:10

Голлар: Алиризо Жаҳонбахш 16, Шожа Халилзода 22, Меҳди Тореми 27, Ротана 32, Милод Муҳаммади 58, Муртазо 63, Карим Ансарифард 77, Ризои 80, Меҳди Ғоеди 84, Ризои 86.

10-тур. 15 июнь (сешанба)

Эрон – Ироқ 

Баҳрайн – Ҳонгконг

«D» гуруҳи: Яна математикмиз...

Саудия Арабистони - Ўзбекистон ўйинида ғалаба миллий жамоамизга тўғридан тўғри йўлланма беради, дуранг одатдагидек бизни яна математикка айлантириб қўяди. Мағлубият эса аҳволимизни янада қийинлаштиради. Шундай экан, дуранг ва мағлуб бўлган тақдирдаги имкониятимизни таҳлил қилсак.

Ўзбекистон Саудия Арабистони билан дуранг қайд этган тақдирда, кейинги босқичга йўл олиши учун:

- 2-ўринлар орасидаги Иордания гуруҳдан чиқиб бўлган Австралияни мағлуб этмаслиги лозим. Акс ҳолда 11 очко билан биздан юқорида бўлади;

Иордания Австралияни мағлуб этган тақдирда эса:

- 1-ўриндаги Ироқ Эронга мағлуб бўлмаслиги керак. Акс ҳолда 11 очко билан Ироқ 2-ўринлар орасида биздан юқорида бўлади;

- 1-ўриндаги Вьетнам БААга мағлуб бўлмаслиги лозим. Акс ҳолда Вьетнам 11 очко билан 2-ўринлар орасида биздан юқорида бўлади;

Ўзбекистон Саудия Арабистонига мағлуб бўлган тақдирда, кейинги босқичга йўл олиши учун:

- 2-ўринлар орасидаги Иордания гуруҳдан чиқиб бўлган Австралияга мағлуб бўлиши шарт;

- 2-ўринлар орасидаги БАА 1-ўриндаги Вьетнамга мағлуб бўлиши шарт;

- 2-ўриндаги Эрон гуруҳ пешқадами Ироққа мағлуб бўлиши шарт;

Яна бир жиҳат ушбу баҳслардаги тўплар нисбатига ҳам қарашга мажбур бўламиз. Шунда ҳам гуруҳимиздаги иккинчи ўйинда Яман Фаластинни мағлуб этмаслиги лозим. Акс ҳолда Сингапур сўнгги 5-ўринга тушиб қолиб, бу жамоа дарвозасига киритган Ямандан кўра битта ортиқ голимиз ҳам бекор бўлади. Яъни Ўзбекистон Сингапурни умумий 8:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Яманни икки ўйинда жами 6:0 ҳисобида таслим қилган.

«D» гуруҳи. 9-тур. 11 июнь (жума)

Яман – Ўзбекистон – 0:1

Голлар: Жалолиддин Машарипов, 19 пенальтидан.

Сингапур – Саудия Арабистони – 0:3

Голлар: Салим Ад-Довсари 84, Фаҳад Ал-Муваллад 87, Солиҳ Аш-Шаҳри 90+6.

10-тур. 15 июнь (сешанба)

Саудия Арабистони – Ўзбекистон. 23:00    

Фаластин – Яман. 23:00.

«E» гуруҳи: Қатар Осиё кубоги-2023да, Уммон деярли кейинги босқичда

Осиёнинг амалдаги чемпиони Қатар миллий жамоаси гуруҳда ўтказган 8 ўйиндан 7тасини ғалаба билан якунлаб, гуруҳдан чиқиш масаласини ўтган турдаёқ ҳал этганди. Бу мамлакат ЖЧ-2022 мезбони экани боис, 2-саралаш босқичида Осиё кубоги-2023 йўлланмасини қўлга киритиш учун иштирок этди, ҳал қилувчи 3-саралаш босқичда эса қатарликларни кўрмаймиз. 

Қатар КОНКАКАФ Олтин кубогида иштирок этиши боис, гуруҳ ўйинларини эртароқ ҳам якунлади. Иккинчи ўрин эгаси ҳам маълум – Уммон. Ушбу жамоа энг яхши натижага эга 2-ўриндаги жамоалар орасида 12 очко билан йўлланмани деярли нақд қилган. Бранко Иванкович шогирдлари сўнгги турда аутсайдер Бангладешга йирик ҳисобда мағлубиятга учрамаса, 3-саралаш босқичига йўлланма олади.

«Е» гуруҳи. 9-тур. 11 июнь (жума)

Афғонистон – Уммон – 1:2

10-тур. 15 июнь (сешанба)

Ҳиндистон – Афғонистон 

Бангладеш – Уммон.

«F» гуруҳи: Япония 3-босқичда, Қирғизистон Тожикистонга имконият яратди

Икки қўшнимиз жой олган «F» гуруҳи марказлашган ҳолда Японияда давом эттирилмоқда. Кутилганидек, ушбу квартетда Япония миллий жамоаси муддатидан аввал биринчи бўлиб ҳал қилувчи 3-саралаш босқичига йўлланма олган.

Сўнгги турда Қирғизистон Мьянма устидан 8:1 ҳисобида ғолиб бўлиб, 2-ўринга чиқиб олиш билан бирга Мьянмани сўнгги ўринга равона қилди. Бу эса ҳозирча 3-ўринга тушган Тожикистон фойдасига ишлаши мумкин. Усмон Тошев мураббийлигидаги жамоа сўнгги турда Мьянмани мағлуб этса ва Қирғизистон Японияни мағлуб эта олмаса, 2-ўринга кўтарилади. 5-ўриндаги Мьянма билан ўйинлардаги бир мағлубият ва бир ғалабаси бекор қилинса-да, 10 очко билан 3-саралаш босқичига йўлланма олиши имкониятига эга бўлади. Ўзбекистон, БАА, Эрон миллий жамоаларидан иккитаси мағлубиятга учраса ва Иордания Австралияни мағлуб эта олмаса, Тожикистон ҳал қилувчи босқичга чиқиш имкониятига эга бўлиши мумкин. Усмон Тошев Тожикистон миллий жамоасидаги фаолиятини ғалаба билан якунлашга интилиши аниқ.

«F» гуруҳи. 9-тур. 11 июнь (жума)

Мяньма – Қирғизистон – 1:8

Голлар: Бо Бо Хлаинг 69 – Турсунали Рустамов 22, Гулжигит Алиқулов 29, Фарҳод Мусабеков 34, Алимардон Шукуров 45, Мирлан Мурзаев 45+1, 61, 78, Абай Боколаев 63.

10-тур. 15 июнь (сешанба)

Тожикистон – Мьянма

Япония – Қирғизистон.

«G» гуруҳи: Вьетнам бир оёғи билан кейинги босқичда, БАА қийин вазиятда

Ушбу гуруҳда ҳам сўнгги турдаги Вьетнам ва БАА ўртасидаги учрашув гуруҳ ғолибини аниқлаб беради. Вьетнамликларга дуранг ҳам кифоя, БАА эса вазиятни оғирлаштирмаслик учун фақат ғалаба қозониши керак. Дуранг қайд этилган тақдирда ҳозирда энг яхши натижага эга 2-ўриндаги жамоалар орасида 5-ўринда бўлган амирликлар учун Эрон Ироқни мағлуб этмаслиги, Иордания эса Австралияни юта олмаслиги лозим.

«G» гуруҳи. 9-тур. 11 июнь (жума)

Малайзия – Вьетнам – 1:2

Индонезия – БАА – 0:5

10-тур. 15 июнь (сешанба)

БАА – Вьетнам

Таиланд – Малайзия.

«H» гуруҳи: Жанубий Корея 3-босқичда, Ливан кутишга мажбур

Сўнгги гуруҳ бўлмиш «H» гуруҳида Шимолий Корея миллий жамоасининг турнирдаги иштирокини тўхтатиши қолган барча гуруҳлардаги вазиятга таъсир этди. Айнан КХДР саралаш босқичини тарк этгач, ФИФА барча гуруҳлардаги сўнгги 5-ўринни эгаллаган жамоалар билан натижалар бекор қилиниши ҳақида қарор қилганди.

Ушбу гуруҳда ҳам КХДР билан ўйин натижалари бекор қилингач, кутилмаган пешқадам бўлиб турган Туркманистон 3-ўринга пастлади. Жанубий Корея гуруҳ ғолиби сифатида 3-саралаш босқичи ва Осиё кубоги-2023га йўлланма олди. Ливан эса Туркманистон ва Жанубий Кореядан мағлуб бўлгани туфайли, йўлланма тақдирини сўнгги тургача кутишга мажбур. Ливанликлар энг яхши натижага эга 2-ўриндагилар орасида 10 очко ва +3 тўплар нисбати билан 9 очкога эга 4-ўриндаги Ўзбекистондан бир поғона юқорида турибди. Сўнгги турда ливанликлар Ўзбекистон, БАА, Эроннинг мағлубиятини кутишади. Дуранг ҳам бу жамоани қутқара олмайди. Шунингдек, Иордания ҳам Австралияни мағлуб этмаслиги лозим. Акс ҳолда Ливан 3-саралаш босқич йўлланмасидан қуруқ қолади.

«H» гуруҳи. 9-тур. 9 июнь (чоршанба)

Шри-Ланка – Жанубий Корея – 0:5

Ливан – Туркманистон – 2:3

Голлар: Зафар Бобожонов 59, Гуйчмурод Аннагулиев 85, Алтимурод Аннадурдиев 90 – Рабиҳ Атая 73, Саад 75.

10-тур. 13 июнь (якшанба)

Жанубий Корея – Ливан – 2:1

Голлар: Мин Гю Сонг 61, Сон Ҳён Мин 66 пен., - Ҳасан Ал Саад 12.

Энг яхши натижага эга бўлиб турган 2-ўриндаги жамоалар рейтинги:

Усмон Ибодов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар