12.06.2021 17:56
8171
Ўз уйингда ўзга мезбон: Бельгия - Россия баҳси превьюси

Европа чемпионатини ҳам бошлаб олдик. Энди бир ой мобайнида бизни мана шундай қизиқарли ўйинлар кутиб турибди. Ҳар бир беллашув ўзига хос жозибали футболни тақдим этишидан умидвормиз. Қитъа миқёсидаги энг муҳим мусобақага миллий жамоалар ўзгача тайёргарлик билан келганлар. 10та давлатнинг 11та стадиони мезбонлик қилаётган тарихий Европа биринчилиги давомида футбол ихлосмандларини зериктириб қўймасликка ҳаракат қиламиз. Бугунги ўйинлар анонси баробарида куннинг марказий беллашуви учун ҳам превьюни эътиборингизга ҳавола этамиз. 

Анонс

Бугунги кун дастуридан 3та учрашув ўрин олган. УЕФА мухлисларнинг барча ўйинларни ўтказиб юбормасдан томоша қилиш истакларини тушунган ҳолда ҳар 3 соатда ўйинларни ўтказмоқда.

Дастлаб, 18:00да Озарбойжон пойтахти Бокудаги «Олимпия» стадионида Уэльс ва Швейцария турнирдаги илк учрашувларида ўзаро тўқнаш келадилар. «А» гуруҳининг иккинчи ўйини иштирокчилари ўзаро ўйин орқали гуруҳда ким Италияга рақобатчи эканлигини аниқлаб олишади. Мутахассисларнинг аксарияти швейцарларнинг ушбу учрашувда фаворит эканлигини таъкидламоқда. Уэльснинг сўнгги ўйинлардаги беқарор футболи ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин.

Иккинчи беллашув Скандинавия дербиси мақомида ўтади. Копенгагендаги «Паркен» стадионида Дания - Финландия қарама-қаршилигига гувоҳ бўламиз. «Б» гуруҳидан плей-оффга йўлланма олиш учун даъвогарлардан бири ҳисобланган Дания илк турда нисбатан осон рақиб билан ўйнайди. Бельгия ва Россияга қарши муҳим учрашувлар олдидан данияликлар қандай ҳолатда эканлигини бугунги ўйин кўрсатиб беради. Баҳс Тошкент вақти билан 21:00да старт олади.

Бельгия - Россия баҳси превьюси 

Нима, қаерда, қачон?

Куннинг марказий беллашуви Бельгия ва Россия жамоалари ўртасида кечади. «Б» гуруҳининг икки фаворити илк турдаёқ ўзаро масалаларга ойдинлик киритиб оладилар. Учрашув Санкт-Петербургдаги «Газпром арена»да бўлиб ўтади. 2017 йилда қуриб, фойдаланишга топширилган стадион ўзида сўнгги жаҳон чемпионати ўйинларини қабул қилган. Унда «Зенит» клуби уй учрашувларини ўтказади. Ушбу майдонда Европа чемпионатининг жами 7та беллашуви ўтказилади.

Номинал мезбон сифатида Бельгия қайд этилган. Стадионга 50 фоизгача мухлислар киритилишига рухсат берилади. Табиийки, уларнинг аксарияти Россия миллий жамоасини қўллаб-қувватловчи маҳаллий мухлислар бўлади.

Санкт-Петербургда ҳаво ҳарорати ўйин бошланиш вақтида 20 градус илиқ бўлиши кутилмоқда ва баҳс у қадар кучли бўлмаган ёмғир остида ўтиши мумкин. Умуман олиб қараганда, футбол учрашуви ўтказиш учун идеал об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.

Беллашувни бошқариб бориш испаниялик ҳакам Антонио Матеу-Лаосга ишониб топширилган. Унга қанотларда Пау Себриан Девис ва Роберто дель Паломар ёрдам беради. VAR ҳаками ҳам испаниялик Алехандро Эрнандес. Тўртинчи ҳакам ролида Аргентинадан ташриф буюрган Фернандо Андрес Рапаллини ишлайди.

Бельгия

Энг яхши натижа: Финалчи (1980)

Европа чемпионатларидаги иштироклари сони: 5та

Энг йирик ғалаба: Бельгия - Венгрия 4:0 (2016 йил, чоракфинал)

Энг йирик мағлубият: Бельгия - Франция 0:5 (1984 йил, гуруҳ босқичи)

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи(лар): Ян Кулеманс, Жан-Мари Пфафф, Рене Вандерейккен - 7тадан

Энг кўп гол урган футболчи(лар): Ян Кулеманс, Ромелу Лукаку, Ража Наинголан - 2тадан

«Қизил иблислар» Европа чемпионати квалификациясида «I» гуруҳидан ўрин олди. Ушбу гуруҳда уларга Россия, Шотландия, Кипр, Қозоғистон ва Сан-Марино рақиблик қилди. 10 учрашувнинг барчасида ғалаба қозонган Роберто Мартинес шогирдлари Европа чемпионатига энг катта фаворитларнинг бири сифатида келмоқдалар.

Руслар билан саралашда ўтказилган 2та ўйинда жаҳон чемпионати бронза медали соҳиблари 3:1 ва 4:1 ҳисобларида зафар қучишди. Демак, улар бугунги рақибларини яхши билишади ва барчаси рисолдагидек кечган тақдирда, керакли 3 очкони олишади.

«Бизни 11 кун ичида 3та муҳим ўйин кутмоқда. Шундай экан, фақат эртанги учрашув ҳақида ўйлай олмаслигим аниқ. Ҳимояни қандай ташкил қилиш бўйича бош қотирмоқдаман. Биз ҳар учала ўйинга кучни тўғри тақсимлай билишимиз лозим. Таркиб бўйича сўнгги қарорни бугунги машғулотлардан кейин қабул қиламан.

Катта мусобақаларда биринчи ўйин оғир келишини жуда яхши тушунаман. Сиз турнирга руҳан ва жисмонантўлиқ тайёрланишингиз зарур. Бу ҳақиқий имтиҳон бўлади. Қаршимизда қандай жамоа турганини биламиз ва улар ҳам биз ҳақимизда тўлиқ маълумотга эга. Шунингдек, россияликларда мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши ҳам бўлади», - деди Роберто Мартинес ўйиндан олдинги матбуот анжуманида.

Бельгияликлар ҳимоячиси Ян Вертонген ҳам матбуот анжуманида иштирок этди.

«Мен Бельгияни мусобақанинг асосий фаворити, деб ўйламайман. Франция ва Англияда бу борада имконият яхшироқ. Ўз навбатида, уларни енга олишимизга ҳам ишонаман. Биз Англияни сўнгги йиллар мобайнида бир неча маротаба ютдик. Франция билан ҳам шундай ҳолат. Ҳеч бир жамоа учун бизга қарши ўйнаш осон бўлмайди. Буни ишонч билан айта оламан. Европа чемпионатидаги ҳар қандай жамоани енга олишимизни биламан.  

Мусобақага осон тайёргарлик кўрдик, деб айта олмайман. Кўпчилик футболчилар жароҳатлари билан курашмоқда. Де Брюйнедаги каби жароҳат жорий мавсум менда ҳам бўлганди. Бу жароҳатнинг битиши кўпроқ вақт олади. Бахтимизга, бизда иқтидорларга тўла кучли таркиб бор», - деди ҳимоячи.

Тахминий таркиб: Куртуа, Вертонген, Денайер, Алдервейрелд, Торган Азар, Кастань, Тилеманс, Дендонкер, Карраско, Мертенс, Лукаку.

Россия  

Энг яхши натижа: Чемпион (1960, СССР)

Европа чемпионатларидаги иштироклари сони: 11та

Энг йирик ғалаба: Россия - Чехия 4:1 (2012 йил, гуруҳ босқичи)

Энг йирик мағлубият: Испания - Россия 4:1 (2008 йил, гуруҳ босқичи)

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи(лар): Сергей Игнашевич - 10та

Энг кўп гол урган футболчи(лар): Роман Павлюченко - 4та

Бугунги рақиблари билан бир гуруҳда, бир хил жамоаларга қарши ўйнаган Россия фақат белгияликларга мағлуб бўлди. 10та ўйинда 24 очко билан 2-ўринни олган руслар аслида саралаш босқичини у қадар ёмон ўтказишмади. Бельгия гуруҳнинггина эмас, бутун бошли чемпионатнинг фаворити. Уларга иккита учрашувда имкониятнинг бой берилиши ўзига хос дарс вазифасини ҳам ўташи мумкин.

Станислав Черчесов шогирдларида энг камида йирик ҳисобда мағлубиятга учрамаслик вазифаси туради. Энг яхши учинчи ўринлар ҳам плей-оффда ўйнайди. Демакки, русларнинг ушбу ўйиндан умидлари катта. Дарвоқе, бугун уларда халқ байрами - «Россия куни» нишонланмоқда. Ушбу шодиёнага миллий жамоа чиройли натижа билан ҳисса қўша олармикан?

«Бельгияда жаҳон чемпионати бронза медалларини ютган 18 нафар футболчи бор. Улар шубҳасиз жуда кучли жамоа. Сўнгги 3 йил мобайнида ушбу рақиб билан 3та ўйинда майдонга тушдик (2та мағлубият, битта дуранг). Барча ўйинлар жуда қизиқарли ва томошабоп ўтганди. Натижага эришиш учун энг яхши формамизда бўлишга мажбурмиз.

Самошников жароҳат олгани сабабли, Евгеневни таркибга жалб этганмиз. Бизда вариантлар етарли», - деб айтиб ўтди Россия миллий жамоаси бош мураббийи.

Черчесов билан матбуот анжуманида миллий жамоа етакчи ҳужумчиси Артём Дзюба ҳам қатнашди.

«Асабийлик ҳолатлари бўлиши мумкин, аммо ҳеч қандай босимни ҳис қилаётганим йўқ. Барча ўйинларни кўриб, таҳлил қилиб чиқдик. Нима қилишимиз лозимлигини биламиз. Мен Россия миллий жамоаси тактик жиҳатдан мослашувчан эканлигини ёқтираман. Демакки, ўйин давомида турли услубларда рақибга қаршилик кўрсата оламиз.

Мен Бельгия билан жанг қиламиз, деб ўйламайман. Мен шунчаки уларга қарши ўйнамоқчиман. Футбол - умуман бошқача спорт», - деди «Зенит» клуби форварди.

Тахминий таркиб: Шунин, Семёнов, Жикия, Баринов, Караваев, Фернандес, Оздоев, Зобнин, Кузяев, Головин, Дзюба.

Хулоса ўрнида

Россияда байрамона кайфият: бир тарафда умумхалқ байрами нишонланмоқда, бошқа тарафда футбол бўйича миллий жамоа Европа чемпионатидаги илк ўйинини Санкт-Петергурбда ўтказмоқда. Бу каби яхши кайфият жамоага ҳам яхши таъсир кўрсатиши табиий. Ўз навбатида, Бельгия ҳам мезбонларнинг байрамига шерик бўлиш учун Россияга бормаяпти. Уларнинг амбициялари анча юқори.

Шундай экан, бугунги учрашувда голларга бой қарама-қаршиликни кутишга мутлақо ҳақлимиз. Лекин Черчесовнинг тактик жиҳатдан кучли жамоаси имкон қадар узоқни ўйлаган ҳолда, эҳтиёткор футболни биринчи ўринга қўйса керак. Яъни, Бельгия гол уриб қўйган тақдирда ҳам, руслар бутунлай ҳужумга ўтиб кетишмайди. Аксинча, қарши ҳужумлардан бирида Россия рақибни ушлаб қолгудек бўлса, ўйин янада прагматик ҳолатда давом этиши мумкин. Соат 23:59да старт олувчи баҳсни ўтказиб юбормаслигингиз керак!

Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар