11.06.2021 16:08
4111
«Шунақа бир ўйин»...

(Мен кўрган Европа чемпионатларига бағишланади)

Кечагидек эсимда…

Европа чемпиони бўлган Португалия бутун турнир давомида фақат бир марта асосий вақтда кимнидир ютди. Ярим финалда Уэльсни. Криштиану ва Бэйл қарама-қаршилиги кўпчиликда қизиқиш уйғотганди. Аммо ўша ўйинни кўра олмаганман, афсуски.

Йўқ, афсуски эмас, ўша куни кичик қизим туғилган. Рамазоннинг охирги куни эди, туғруқхона ҳовлисида «оғзимни очиб», ярим тунгача кутиб ўтирганман. Португалларнинг финалга чиққанини эртасига эшитгандим.

… Мен ёшлигимдан бери мухлислик қиладиган италияликлар Нидерландияга йирик ҳисобда мағлубиятга учраганини оғир қабул қилдим. Нега, деган савол миямда чархпалакдек айланаверарди. Ўтириб ёздим, саволларга жавоб қидириб кўрдим. Аслида нима учун ёзганимни, буни кимдир ўқиши мумкинми ёки йўқми билмасдим ҳам. Ниҳоят керакли сайтни топиб, мақоламни мухлисларга ҳавола қилдим. Шу шу чемпионатнинг ҳар бир ўйинини назардан қочирмасдан, фикрларимни қоралаб боришга ҳаракат қилдим. Ўшанда uff.uz сайтида изоҳлар ёзиларди, муаллифлар ёзган мақолалари ҳақида мухлисларнинг фикрларини ўқишлари янгилик ва жуда қизиқ эди. Ўша Италия ҳақидаги илк мақолам эълон қилинган куни, мен ҳам интизорлик билан илк изоҳни кутганман. «Ит ҳам, бит ҳам мақола ёзадиган бўлиб кетди...». Мана шу изоҳни.

Шунингдек, Бобур Акмалов, Олимхўжа Бўронов, Хайрулла Ҳамидовларнинг шу турнир ҳақидаги ёзганларини ўқиб борардим. Хуллас маълум йўналишда ўзига хос пойдевор ҳосил бўлди. Билмадим, ҳаракатлар бўлганмиди ёки айнан Европа чемпионати сабабми, янги футбол газетасини ташкил қилиш ғояси пайдо бўлганди. Бунга эришилди ҳам...

Кечагидек эсимда... Менимча, ўша биринчи ўйиндан кейин бўлса керак, бирга ишлайдиган бир ҳамкасбим грекларга юқори баҳо берди. Рости, менга ўша натижа тасодиф туюлганди, у Греция ҳатто финалгача бориши мумкинлигини тахмин қилганида роса кулгандим. Ўзи Чемпионлар Лигасидаги «Порту»нинг ғалабаси ўша мавсум учун етарли эди. Биз бир неча футболга қизиқадиган ҳамкасблар Европа чемпионатини алоҳида қизиқиш билан кўрдик. Биргаликда қайсидир нашрнинг махсус сонини сотиб олдик. Кунига иккита ўйин бўларди. Ҳар куни ишимиз бир кун олдинги ўйинларнинг муҳокамаси билан бошланиб, уйга кетаётганда бўлажак ўйинга ўз башоратларимизни берардик…

…Курсдошларим билан Ўзбекистон кубоги финалини кўришга «Пахтакор» стадионига бордик. «Самарқанд» ва «Дўстлик» ўйнаган. Ўйин жуда қизиқ кечган, ҳимояда бехато ҳаракат қилган «Дўстлик» 4:1 ҳисобида енгганди. Талабалар ётоқхонасида турардик. Ўша куни кечқурун Италия ва Нидерландия ўртасидаги ярим финални кўрдик. Катта залда кичкина телевизор. Ҳамма қизиқиб кўрадиган «Даллас» бир ойга яқин давр мобайнида унутилганди. Ўйинмисан ўйин бўлган, ўзиям. Мендан ташқари яна икки бола Италияга мухлислик қилди. Қолганлар Нидерландияга. Кубок финалига мен билан бирга борган самарқандлик кўрсдошим эса, Клювертнинг фанати эди. Босвельт пенальтини ура олмаганда, шартта туриб, телевизорни ўчириб қўйганди бечора. Атрофдагиларнинг кайфияти менга ҳам таъсир қилган, тузукроқ байрам қила олмагандим ўшанда. Бояги икки бола билан ҳам таниш эмасдим, ҳеч қачон гаплашмагандим. Шу баҳона танишиб олмаган бўлсак-да, кейинги икки йил давомида рўпара келиб қолганда, бош ирғаб сўрашиб қўярдик. Шунчаки...       

…«Шу сизларга зарилми?» дерди баъзи синфдошларим кечки футболни қаерда кўриш ҳақида режалар ёки хавотирларни юзимиздаги аксини кўриб. Лицейимиз ҳафтада беш куни ётиб ўқишга мўлжалланган. Тартиб қаттиқ, телевизор ҳам кунига бир соатга қўйилади. Умумий хонада. Кечқурун тарбиячилар хонани қулфлаб, телевизор антеннасини олиб кириб кетишади. Аксига олиб, уларнинг ичида футболга қизиқадигани йўқ. Табиийки, ўйинларнинг муҳимлигини тушунтира олмайсиз. Ҳар куни қайси ўйин бўлишини ёддан билардик, аммо ўйинни кўриш насиб қиладими ёки йўқми, билмасдик. Тақвим чиққандаёқ, қайси ўйинлар шанба-якшанба кунларига тўғри келишини белгилаб ҳам чиққандим. Ҳамма ухлагач, бояги телевизор бор хонага билдирмай кириб олардик. Битта деразанинг ойнаси чиқариб қўйилганди, кетаётиб, ойнани жойига енгилгина суяб қўярдик. Бу тўсиқлардан ўтгач, қўлга киритадиган мукофотимиз ҳам катта эмасди. Кимдир уйидан яшириб олиб келган «домашний» антеннани улаймиз, тасвир жуда хира, овозни ҳам баландлатиб бўлмайди, уйғониб қолишлари мумкин. Шунақа. Лекин хаёлимизга бу бизга зарилми, деган фикр ҳеч келмаган экан ўшанда…

…Битта қалин дафтар тутгандим. Аслида маълумотлар ҳозиргидек эмас. «Советский спорт», «Футбол Хоккей» каби газеталарнинг архиви кўп эди уйда. Ўша нашрлардан Швецияга келган саккиз жамоа ҳақида батафсил маълумот йиғишга ҳаракат қилдим. Чемпионат бошлангандан кейин ҳам ёзиб бордим. Футболчилар ҳақида ҳам ўзимча «мақолалар» ёзар, атрофини турли газеталардан қирқилган расмлар билан безаганман кейин. Қизиғи, баъзи ўйинларда жамоалар таркиби ҳақидаги маълумотлар чиқмай қоларди. Ўзимча, тахминан таркибларни тўлдириб юбораверардим. Барибир ҳеч ким ўқимайди-ку, ким билиб ўтирибди, дердим ўзимга ўзим. Ростдан ҳам, дафтарни ҳеч кимга ҳатто дадамга ҳам кўрсатмаганман. Бир куни «Ишдаги ишқ» фильми берилаётганди. Қаҳрамон аёл Людмила Прокофьевнанинг «Статистикада тахминлар бўлмайди» деган гапини эшитиб қолдим. Бу гап шунчалик таъсир қилдики, худди «Абдуллажон» фильми қаҳрамони уч сумликларни қозонда ёққандек, тўқима таркибларни ўчириб чиққандим. Ҳаммасини….        

Кечагидек эсимда...

«Рекорд 345» деган телевизоримиз бўларди. Ўшани ҳовлига олиб чиқишди. Бундай тайёргарликлар ҳар доим ҳам бўлавермасди. Қандайдир съезд бўлса ёки «1 май» парадидан репортаж берилаётганда мана шунақа байрамона тус бўларди. Нимадир бор. Футбол қачон, неча дақиқа қолди, деган гап-сўзларни эшитавергач, шу футболни албатта кўраман, деб кўнглимга тугиб қўйдим. Бизникилар финалда ўйнашаётган экан. Лекин болалик, бироз кўриб зерикдим. Кўчада ўйнаётган ўртоқларимга қизиқиб, ташқарига чиқиб кетдим. Қайтиб келганимда ҳеч кимнинг кайфияти жойида эмасди. Оддийгина ўйин экран ортидан миллионларни хафа қилиши ёки бахт улашиши мумкинлигини ўша вақтларда тушунмасдим…

…Бирдан уйғониб кетдим. Қачон ухлаганим, нега ўз жойимда бўлиб қолганим эсимда йўқ. Ахир мен бугун сўрида ётмоқчи эдим-ку? Кимдир кўтариб, олиб келибди. Дадам бўлса керак. Аста туриб, ёруғлик келаётган хонага чиқдим. Қоронғи тунда, укамнинг уйғониб кетишидан қўрқиб телевизорнинг овозини фақат ўзи эшитадиган даражада пастлаб олган дадамни кўрдим. Нимадир бўляпти. Ям-яшил майдон. Паҳмоқ жингалак сочли, кўк футболка кийиб олган йигитни шериклари олқишламоқдалар. Нима бу?

- Нима кўряпсиз, дада? – деб сўрайман уйқусираб

-Футбол,ўғлим.

- Нима у?

- Ўйин. Шунақа бир ўйин.

Кечагидек эсимда...

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар