11.06.2021 19:58
7019
Игорь Сергеевнинг трансфер баҳосидан арзонроқ жамоа. Яман – Ўзбекистон учрашуви превьюси

Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2022 ва Осиё кубоги-2023 қўшма саралаш босқичи доирасидаги 9-тур доирасида Яманга қарши саф тортади. Саудия Арабистонига қарши ҳал қилувчи тўқнашув олдидан унинг қўшниси саналмиш Яман миллий жамоасига қарши баҳс Вадим Абрамов жамоаси учун муҳим синовга айланиши мумкин. Бугунги ўйин превьюси билан таништирамиз.

Сўнгги 15 ўйинда 1 ғалабага эришган Яман. Ким қандай ҳолатда?

Ўзбекистон миллий жамоаси Саудия Арабистонда марказлашган ҳолда ташкил этилган саралаш босқичи баҳсларини Сингапур устидан қозонилган 5:0 ҳисобидаги йирик ғалаба билан давом эттирди. Бунгача 1-даврада Фаластин ва Саудия Арабистони билан баҳсларда мағлубиятга учраб, очко йўқотилгани сабабли «оқ бўрилар» ЖЧ-2022 ҳал қилувчи саралаш босқичига математикасиз йўл олиши учун фақат Яман эмас, Саудияни ҳам ўз майдонида мағлуб этиши шарт. Яман билан баҳсда Вадим Карленович дисквалификацияни ўтаётган Ойбек Бозоров ва жароҳат олиб ортга қайтган Ҳожимат Эркинов хизматидан фойдалана олмайди.

Яна бир жиҳат, Сингапурнинг Ўзбекистон билан ўйинда оддий вазиятларда ҳам жуда қўпол ўйин намойиш этгани ва қатор ўйинчиларимиз жароҳат олганини инобатга олсак, мураббийлар штаби Саудия билан муҳим баҳсдан олдин уларнинг қўшниси – Яманнинг ҳам бизга қарши тажовузкор ҳаракат қилишига тайёр бўлишлари шарт.

Яман миллий жамоаси ўтган турда Саудия Арабистонига йирик – 0:3 ҳисобида мағлуб бўлиб, гуруҳда яққол аутсайдерга айланди. Биринчи даврада Сами Ал Наш мураббийлиги остида, 2-даврада Аҳмад Али Қосим устозлигида тўп сураётган яманликлар ўтказган жами сўнгги 15 ўйинларида фақат бир жамоа – Фаластиндан устун кела олишган (1:0), холос.

Охирги 5 ўйинда эса Яман фақат ўртоқлик учрашувида Ироқ билан дуранг (0:0) ўйнади, қолган рақибларга (Сингапур 1:2, БАА 0:3, Қатар 0:6, Саудия 0:3), мағлубиятга учраган.

Игорь Сергеевнинг трансфер баҳосидан арзонроқ рақиб. Жамоаларнинг трансфер баҳосидаги фарқ

Transfermakrt портали Ўзбекистон ва Яман миллий жамоаларининг трансфер қийматини келтирган. Бу борада ҳам жамоалар ўртасидаги фарқ катта экани яққол кўринган.

Жумладан, Ўзбекистон миллий жамоаси таркибининг ҳозирги умумий қиймати 27,65 миллион еврога баҳоланган. Энг қимматбаҳо футболчиларимиз рўйхатини Элдор Шомуродов бошқармоқда. «Женоа» ҳужумчисининг трансфер баҳоси – 7 миллион еврони ташкил этади. 2-ўринда Отабек Шукуров – 3 миллион евро, 3-ўриндан эса Жалолиддин Машарипов – 2,8 миллион евро нарх билан жой олган.

Яман миллий жамоаси таркибининг умумий қиймати эса – 1,45 миллион еврони ташкил этади. Таққослаш учун, бу рақиб жамоанинг бутун таркиби умумий трансфер нархи миллий жамоамиз ҳужум чизиғидаги биргина Игорь Сергеевнинг трансфер баҳосидан (1,5 миллион евро) ҳам арзонроқ.

Ўзаро ўйинлар: Ўзбекистон – Яман – 5:0

Ўзбекистон миллий жамоаси ўз тарихида Яманга қарши ўзаро 5та ўйинда майдонга тушган. Бу борада ҳам мутлақ устунлик вакилларимизда – 5 ўйинда, 5 ғалаба.

ЖЧ-1998 саралаши. Сано

Яман – Ўзбекистон – 0:1

Гол: Нўъмон Ҳасанов, 30.

ЖЧ-1998 саралаши. Тошкент.

Ўзбекистон – Яман – 5:1

Голлар: Шквирин 5, 68, О.Шацких 61, 80, Равшан Бозоров 67.

ЖЧ-2018 саралаши. Тошкент

Ўзбекистон – Яман – 1:0

Гол: Александр Гейнрих, 50.

ЖЧ-2018 саралаши. Доҳа

Яман – Ўзбекистон - 1:3

Голлар: Азиз Ҳайдаров 7, Сервер Жепаров 31, Станислав Андреев 50.

ЖЧ-2022 саралаши. Тошкент.

Ўзбекистон – Яман – 5:0

Голлар: Санжар Қодирқулов 2, Элдор Шомуродов 33, Жамшид Искандеров 52, Ислом Тўхтахўжаев 72, Игорь Сергеев 90.

Ўзбекистон ва Яманнинг сўнгги ўйинлардаги натижалари

Жамоаларнинг сўнгги ўйинлари рўйхатига фақат ФИФА таснифидаги расмий ўйинлар киритилган. Норасмий ўртоқлик учрашувлари киритилмаган.

Ўзбекистон миллий жамоасининг сўнгги 6 ўйиндаги натижаси:

ЖЧ-2022 саралаши. 7 июнь, 2021. Ўзбекистон – Сингапур – 5:0.

Ўртоқлик ўйини. 29 март. Ўзбекистон – Ироқ – 0:1

Ўртоқлик ўйини. 15 февраль. Ўзбекистон – Иордания – 2:0

ЖЧ-2022 саралаши. 19 ноябрь, 2019. Ўзбекистон – Фаластин – 2:0

ЖЧ-2022 саралаши. 14 ноябрь, 2019. Ўзбекистон – Саудия Арабистони – 2:3

ЖЧ-2022 саралаши. 15 октябрь, 2019. Сингапур – Ўзбекистон – 1:3.

Яман миллий жамоасининг сўнгги 5 ўйиндаги натижаси:

ЖЧ-2022 саралаши. 7 июнь. Саудия Арабистони – Яман – 3:0

Кўрфаз кубоги-2019. 2 декабрь. Яман – Ироқ – 0:0

Кўрфаз кубоги-2019. 11 ноябрь. Яман – Қатар – 0:6

Кўрфаз кубоги-2019. 26 ноябрь. БАА – Яман – 3:0

ЖЧ-2022 саралаши. 19 ноябрь, 2019. Яман – Сингапур – 1:2.

Анонс.

ЖЧ-2022 саралаши. 11 июнь (жума)

ЯМАН – ЎЗБЕКИСТОН

Бош ҳакам: Муҳаммад Абдулла (БАА)

Учрашув бошланиши вақти: 23:00

ТВ-трансляция: FutbolTV / SportTV.

Саудия, Ар-Риёд. «Қирол Фаҳд» стадиони.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар