11.06.2021 11:54
6033
Евро-2020 олдидан: Португалия чемпионликни ҳимоя қила оладими?

Амалдаги Европа чемпионларини унутишимиз мумкинми? Бу гал Португалия ҳақида фикр юритамиз. Чемпион бўлиш қийин, уни ҳимоя қилиш эса янада мушкул. Сабаби, ҳар бир жамоа ўзига қарши амалдаги чемпион ўйнаётганини ҳис қилган ҳолда, бор кучини ишга солади ва максимал эҳтиёткор ўйин намойиш этади.

Европа чемпионатидаги фантастик ғалабадан сўнг, Роналду етакчилигидаги жамоа Миллатлар лигасининг тарихий биринчи мавсумини ҳам ютишга эришди. Бунда бир қатор грандларнинг янги турнирга катта эътибор қаратмагани асосий сабаб дейиш мумкин. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам, «Селесао» мусобақани соф меҳнати эвазига ютди. Бу ғалабанинг аҳамияти Евро-2016даги ғалабани тасодиф дегувчиларга жавоб ўрнида ҳам баланд. Аслида, уларга 2004 йилда Греция ҳам Роналдуни «қон йиғлатиб» сенсацион тарзда чемпион бўлганини эслатиш ҳам етарли бўлади. Қизиқ жиҳат: Криштиану ўзи қатнашган иккита Европа чемпионати финалини ҳам кўзида ёш билан тарк этган…

1996 йилда турнир янгиланган форматга ўтганидан буён, португаллар чоракфиналларнинг мунтазам иштирокчиси бўлиб келишмоқда. Бу давр мобайнида 3та яримфинал ва 2та финал ҳам уларнинг ҳисобида бор. Бу галги Миллатлар лигаси гуруҳ босқичида уларга Франция рақиблик қилди. Евро-2020даги бўлғуси рақиблари билан бир ўйинда дуранг қайд этган бўлсалар, иккинчисида минимал ҳисобда мағлубиятга учрашди. Бу қитъа биринчилиги олдидан футболчиларнинг кайфиятига қай даражада таъсир кўрсатар экан? Тез орада билиб оламиз.

Аввалги мақолаларимизда бўлгани каби, чизиқлардаги етакчиларга эътиборингизни қаратамиз.

Дарвоза: Руи Патрисиу

Португалиялик дарвозабон ўз позициясида дунёдаги энг сифатли футболчилардан бири ҳисобланади. Аммо уни топ-клублар сафида кўрмай келмоқдамиз. «Вулверҳэмптон»га ҳурматни сақлаган ҳолда айтишимиз мумкинки, Руи ўйини орқали бундан ҳам кучлироқ жамоаларда ўйнай олишини исботлаб бўлган. Фернанду Сантуш бекордан бекорга уни кўп йиллардан буён миллий жамоанинг асосий кипери сифатида йиғинларга жалб этмаяпти.

5 йил аввалги мусобақада 7та ўйинда дарвозани қўриқлаган посбон 4та «қуруқ ўйин» ва 21та сейвни ўз ҳисобига ёздириб қўйганди. Ҳар бир ўйинда ўртача 3та яққол голни олиб чиққан кипер кучсиз бўлиши мумкин эмас.

33 ёшли дарвозабоннинг бўшашишга ҳақи йўқ. Унинг ортида «Лион» асосий кипери Антони Лопеш бор. Жамоаси билан ЕЧЛ яримфиналига борганидан сўнг ҳам, Патрисиудан асосий таркибни тортиб ола билмади. Сантушнинг бу борада режалари борлиги аниқ.

Ҳимоя чизиғи: Рубен Диаш

Португалия ҳимояси Карвальо ва Пепе давридан сўнг, яна бир ишончли лидер билан бойимоқда. Англия Премьер-лигасида мавсумнинг энг яхши футболчиси деб топилиш учун ҳимоячи ростдан ҳам феноменал ўйин кўрсатган бўлиши керак. Мавсум аввалида Англияга кўчиб ўтган Диашнинг бу қадар омадли харидга айланишини Гвардиоланинг ўзи ҳам кутмаган бўлса керак.

Албатта, клубдаги фаолиятида эришган ютуқларининг инерцияси Европа чемпионатида миллий жамоага ҳам қўл келади. Рубеннинг энг устун жиҳатларидан бири у марказдаги ишончли ўйинидан ташқари, кези келганда қанотдаги ҳужумларни ҳам тўхтатишда кўмаклашади. Венсан Компани услубида рақиб яриммайдонига тўп билан кириб бориш хусусиятлари ҳам мавжуд. Керакли пайтда Гвардиола ундан ўз «Пике»сини ясаб олади. Боиси, Диаш марказий ҳужумчи позициясигача чиқиб борган пайтларни мавсум давомида жуда кўп кўрдик. Португалияда бунга эҳтиёж йўқ - страйкерлар ўз ишини ажойиб тарзда бажаради. Мураббий Рубендан бошқача тактик ишланмаларни бажаришини кутади.

Яримҳимоя: Бруну Фернандеш

Биргина трансфер ҳам клуб, ҳам футболчининг ўйинини шу қадар ўзгартириб юбориши мумкинлигини Фернандеш мисолида кўрдик. Бу орқали яримҳимоячи миллий жамоада ҳам ўз чизиғи етакчилигини қўлга олди. Бруну миллий жамоа сафида жами 27та ўйин ўтказиб, 2та гол ва 4тагина ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйган, холос. Аммо олдиндаги қитъа биринчилигида мутахассислар ундан кўпроғини кутишмоқда. Сабаби, жорий мавсумда у клуби сафида жами 58та учрашувда майдонга тушиб, 28та гол ва 17та ассист амалга оширишга муваффақ бўлди.

Бироқ, Сантуш қўл остида у клубдагидан бошқачароқ вазифаларни бажаради. Бу Фернандешнинг ҳужумларни якунлашда доимий иштирок этишига халал бериши мумкин. Бироқ, голсиз ўйинлар уни хавотирга солмайди, назаримизда. Асосий таркибдаги ўрни кафолатланса бўлгани.

Ҳужум: Криштиану Роналду

Бошқача бўлиши мумкин эмас! Криштиану ўзининг энг сўнгги турнирларидан бирида майдонга тушмоқда. «Селесао» билан Европа чемпионига айланган оқшомда Роналду ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида майдонда тер тўкди. Жамоага майдон ташқарисида ҳам таъсир кўрсата оладиган юлдуз бу гал жароҳатларсиз турнирни якунлашини хоҳлаган бўлардик.

Португалия турнир фаворити эканлигининг бош сабаби бу - Роналду. Бошқа ҳамма жиҳатларни четга суриб қўйганимизда ҳам, Криштиану борлигининг ўзи португаллардан ҳайиқишга сабаб бўлади.

Роналду айни пайтда миллий жамоа учун 105та гол уришга муваффақ бўлди. Бу борада жаҳон рекордчиси Али Дайининг натижасигача 4тагина гол қолди. «Криш» рекордни мана шу турнирнинг ўзида ҳам янгилаб қўйиши мумкин.

Мураббий ва унинг тактикаси

Грециядаги муваффақиятли фаолиятидан сўнг, ўз ватани миллий жамоасига бош мураббий этиб тайниланган Сантуш тез орада жуда муҳим титулларга жамоасини етаклаб бора олди. Табиатан жуда сокин ва хотиржам мураббий медиаоламда у қадар фаол бўлмагани сабабли топ-мураббийлар билан бир қаторда кўрилмайди. Аслида, унинг маҳорати ва иш тажрибасини барча эътироф этади, натижалар ҳам бунга исбот бўлиб турибди.

Терма жамоалардаги умумий ўйинлари сони 150тага етди. Таъкидлаш жоизки, унинг клублар миқёсидаги фаолияти у қадар омадли чиқмагани учун ушбу давр кўп ҳам ёдга олинмайди. 22 йил мобайнида Португалия ва Греция клубларида бир нечта титул ютишга эришган, холос. «Порту» билан Португалия чемпионлигини қўлга киритгани у учун энг ёрқин ғалаба сифатида тарихга кирган. Аммо ўшанда Сантуш Португалияни Европа чемпионлиги томон бошлаб борувчи афсонавий мураббийга айланишини билмаган бўлса керак.

Саралаш цикли давомида Сантуш 4-3-3 ва 4-4-2 тактикаларидан фойдаланди. Миллатлар лигаси доирасидаги сўнгги ўйинларда жамоани, асосан, 4-3-3 схемасида кўрдик. Жота ва Фелишнинг қанотларни алмашиб ҳаракат қилиши ва марказдаги «Эйр Роналду» хизмати!

Аммо Европа чемпионатида Сантуш 4-4-2 тактикасидан фойдаланса керак. «Айнтрахт»да супер мавсум ўтказган Андре Силва асосий таркибга лойиқ ҳаракатларни амалга оширмоқда. Роналдусиз ўйнаб бўлмайди. Боз устига, «ўлим гуруҳи»дан ўрин олган «Селесао» учун 4-3-3 бироз таваккал тактика бўлиши мумкин. Данилу Перейра ва Уильям Карвалью билан марказни мустаҳкамлаш орқалигина рақибларнинг тезкор ҳужумларидан ҳимояланиш мумкин бўлади.

Жоау Канселу ва Рафаэль Геррейрунинг қанот ҳимоясидаги тандеми ҳужум ва ҳимояда бирдек яхши эффект бериши мумкин. Канселунинг қойилмақом зарба бериш маҳорати ва Геррейрудаги ассистни кўра билиш қобилияти Португалия ҳужумларининг ранг-баранг бўлишига хизмат қилади.

Рақамлар

Сўнгги статистикалар Португалиянинг яхши савияда эканлигини кўрсатмаяпти. Юқорида айтиб ўтганимиздек, жамоа Миллатлар лигаси гуруҳ босқичидан чиқа олмади. Францияга имконият бой берилди. Бу ҳолатни тўғри тушуниш мумкин. Сабаби, улар Хорватияни бутунлай енгиб, Францияга сўнгги беллашувдагина имкониятни бой беришди. Аммо Евро-2020 саралашида барчаси улар кутгандек бўлмади. Гуруҳда Украина биринчи ўринни эгаллади. Португалиянинг «ўлим гуруҳи»га тушиб қолишига айни шу омил сабаб бўлди. Квалификацияда жамоа 22та гол урди. Бошқа грандларга солиштирганда, бу жуда кам.

Гуруҳ босқичидаги рақиблар ростдан ҳам жиддий. Уч гранддан бири мусобақани гуруҳ босқичида якунлаши ҳам, барчаси плей-оффга чиқиши ҳам мумкин. Иккинчи вариант ҳақиқатга яқинроқ. Сабаби, учинчи ўринни оладиган жамоа ҳам қайсидир ўйинда ўзидан олдинда гуруҳни якунловчи жамоадан очко олиб қўйиш эҳтимоли мавжуд.

Лекин Португалия, Франция ва Германия каби жамоаларнинг ҳеч бири гуруҳни энг яхши учинчи ўринлардан бири сифатида якунлашни истамаслиги аниқ.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар