11.06.2021 15:54
6523
Теглар
Евро-2020 олдидан: АПЛ тарихидаги энг омадсиз мураббий бошқараётган Нидерландия турнирга қай даража тайёр?

Нидерландияга навбат етиб келди. Ғолиблик учун асосий фаворитлар қаторида тилга олинмаётган жамоадан нималар кутиш мумкин?

Европа чемпионати бир йилга қолдирилгач, Нидерландия бундан хурсанд эди. Чунки турнир ўз вақтида ўтказилганда, тиззасидан жароҳат олган Мемфис Депайнинг иштироки сўроқ остида қоларди. Аммо қувонч узоққа чўзилмади. Янги мавсум бошида сардор Виржил ван Дейк Мерсисайд дербисида хочсимон пайларидан жиддий жароҳат олди ва ҳимоячи мавсум сўнгигача сафдан чиқиб, якунда миллий жамоа қайдномасига киритилмади.

Яна бир ҳимоячи Дэйли Блинд эса тўпиғидан олган жароҳати билан турнирга келди. Бундан ташқари, нидерландияликларни 2014 йилги мундиалдан сўнг илк бор йирик турнирга олиб чиққан бош мураббий Рональд Куман лавозимини тарк этиб, «Барселона»га йўл олди.

Куманнинг ўрнини эгаллаган Франк де Бур миллий жамоа бош мураббийлигига муносиблигини исботлаш учун жуда кўп иш қилиши керак. Куман «апелсинранглилар»ни тарк этиш арафасида Нидерландия Евро-2020 фаворитлари қаторига кирмаслигини айтганди. Де Бур ҳам унинг фикрига қўшилиб: «Биз тўртинчи ва саккизинчи ўринлар орасидамиз, аммо яримфиналга чиқишга қодирмиз. Ва албатта турнирда ғолиб чиқишни хоҳлаймиз», деди.

Нидерландия миллий жамоасининг чизиқлардаги етакчиларига эътибор қаратамиз.

Дарвоза: Тим Крул

«Норвич» дарвозабони миллий жамоа сафида йирик мусобақага илк бор асосий дарвозабон сифатида келмоқда. Крул клуби билан АПЛга қайтди. У ўтган мавсумда Чемпионшипда 36та ўйинда майдонга тушиб, «кичик АПЛ»даги ғолибликка катта ҳисса қўшди.

Айни вақтда Крулга миллий жамоада рақобатчи йўқ. «Қария» Мартен Стекеленбург билан АЗ посбони Марко Бизот асосий таркибга мос эмас. Тим билан рақобат қилиши керак бўлган Яспер Силлессен турнир арафасида коронавирусга чалинди ва қайдномадан тушиб қолди.

Крулнинг устун жиҳатлари – бўйдорлиги ва пенальтилар сериясидаги топқирлиги. Унинг 2014 йилги жаҳон чемпионати чоракфиналида Коста-Рика билан ўйинда 120-дақиқада захирадан тушиб, пенальтилар сериясида жамоасига ғалаба келтирганини яхши эслайсиз. Шунингдек, у 2019/20 йилги мавсумда «МЮ» билан баҳсда икки бор 11 метрлик жарима зарбасини қайтариб, Премьер-лига тарихидан ўрин олганди.  

Ҳимоя: Стефан де Врей

«Интер» А Серияда «Ювентус»нинг 9 йиллик гегемонлигига барҳам беришида де Врейнинг ўрни катта. Ҳимоячи 32та баҳсда майдонга тушиб, 1та гол урди. «Нерадзурри» ҳимояси 38та баҳсда 35та гол ўтказиб юборди. Бу – чемпионатдаги энг яхши натижа.

 

Де Врей ван Дейксиз қолган Нидерландияга тажрибаси билан асқатиши, шубҳасиз. Стефан ЖЧ-2014да қатнашиб, турнир кашфиётларидан бирига айланганди. У мундиалдан сўнг А Серияга йўл олди. Дастлаб «Лацио»да етакчилардан бирига айланди, кейинчалик «Интер»га ўтиб янада ўсишга эришди. 29 ёшли футболчи «Ювентус» ҳимоячиси де Лигт билан ҳимояни «бетонлаштириб» ташлаши, шунингдек, заифроқ қанот ҳимоячиларининг хатоларини тўғрилаши керак бўлади.

Яримҳимоя: Френки де Йонг

Яримҳимояда жамоа сардори Жоржиньо Вейналдум ҳам ҳаракат қилса-да, майдонда катта ҳажмдаги ишни Френки де Йонг бажаради. «Барселона» яримҳимоячиси о`тган мавсумда янада о`сишга муваффақ бо`лди. У Куман қўл остида «занжирлар»дан халос бўлди ва турли позицияларда, жумладан, ҳимояда ҳам ўйнай олишини кўрсатди. Таққослаш учун, де Йонг якунланган мавсумда каталонияликлар сафида Мессидан кўпроқ ўйин ўтказди, сариқ карточкалар сони туфайли фақат бир баҳсда майдонга тушмади.

Де Йонгни Нидерландияда яхши кўришади ва бунинг бир қанча сабаблари бор: унинг фамилияси, табассуми ва энг муҳими – ўйини. Шарҳловчилар бошқа ўйинчиларни фамилияси билан чақиришса, уни шунчаки Френки деб аташади. У қайсидир маънода афсонавий Йохан Кройфга ўхшайди – дирблинги бор, ностандарт қарорлар қабул қилади, ишониб бўлмайдиган ишларни бажаради.

Френки ҳам ҳужумлар ташкил этишда, ҳам рақиб ҳужумларини бузишда бирдек фаол ҳаракат қилади. Унинг ўйини қовушса, Нидерландия хавфли рақибга айланади. У рақибнинг камида икки ўйинчисини чалғитиб, Депай ва Вейналдумни бўш ҳудудларга чиқариб, жамоага ижобий натижаларни келтириши мумкин.

Ҳужум: Мемфис Депай

Нидерландия 3-5-2 ёки 4-2-3-1 схемаларининг қай бирида ўйнашидан қатъи назар Депай асосий таркибдан ўрин олади ва деярли ҳар бир баҳсда майдонни голсиз тарк этмайди. Нидерландиянинг ҳужумдаги самарадорлиги «Барселона» ва «Ювентус»дан бирини танлашга иккиланиб турган футболчига боғлиқ.

«Лион» аъзоси ўтган мавсумда Франция чемпионатида 37та ўйинда майдонга тушиб, 20та тўп киритди ва 12та голга ассистентлик қилди. Бу – унинг фаолиятидаги энг яхши мавсуми.

Сўнгги йилларда Депайнинг позицияси ўзгарди. У энди аввалгидек фақат вингер эмас – клубда ҳам, миллий жамоа сафида ҳам марказий ҳужумга яқин ҳаракат қилмоқда.

Мураббий ва унинг тактикаси

Франк де Бурга ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида Нидерландиядаги Европа чемпионатида қатнашиш насиб қилмоқда. У Нидерландия мезбонлигидаги Евро-2000да мамлакат тарихидаги энг кучли жамоалардан бирининг сардори бўлган ва гуруҳда Франция дарвозасига жаримадан супергол урган, аммо яримфиналда Италияга қарши ўйинда 2 марта пенальтидан фойдалана олмаганди. Энди де Бур мураббий сифатида Евро-2020да гуруҳ ўйинларини уйда – Амстердамда ўтказади.

Де Бур мураббийлик фаолиятида фақат «Аякс» билан муваффақиятларга эришди. Топ-5 лигаларда «Интер» ва «Кристал Пэлас»да ишлаб, қониқарсиз натижалар туфайли тезда истеъфога чиқарилди. У Лондон клуби билан 3 йиллик шартнома тузиб, атиги 77 кун ишлади. Ҳатто Жозе Моуриньо уни «Премьер-лига тарихидаги энг ёмон мураббий» деб атади. Де Бур эса шундай жавоб берди: «Жозе шундай дейишга ҳақли, чунки бу ҳақиқатан жуда ёмон эди. Аммо қачондир ушбу омадсизлик эвазига совринлар қўлга киритишимга ишонаман».

Кейинчалик мураббий АҚШда ҳам муваффақиятсизликка учради. У ерда маҳаллий мухлисларни ҳақоратлаб, сўнг улардан кечирим сўради. Евро-2020 – де Бур учун фаолиятини ўзгартириш ва қандай мураббийлигини исботлаш учун имконият.

Жамоа 4-2-3-1 схемасида ўйнаб келаётганди, аммо сўнгги ўртоқлик баҳсларида де Бур 3-5-2дан фойдаланди. Бу схема Нидерландия учун бегона эмас. Жамоа 2014 йилги мундиалда шу тактикани қўллаб, якунда 3-ўринни қўлга киритганди. Шунингдек, таркибдаги де Врей, де Лигт, де Йонг, Депай, де Рон каби етакчилар ўз клубларида шу схемада ўйнашади.

Рақамлар

Нидерландия саралаш босқичида Германия билан бир гуруҳдан ўрин олди ва 6 ғалаба, 1 дуранг ва 1 мағлубият қайд этиб, 2-ўрин билан Евронинг финал босқичига йўл олди. Ягона мағлубият Германиядан қабул қилиб олинган. Жамоа 24та гол уриб, ўз дарвозасидан 7та тўп олиб чиққан.

Нидерландия расмий мусобақалардаги сўнгги 10 ўйинда турли натижалар қайд этди: 6 ғалаба, 2 дуранг, 2 мағлубият. Италия ва Туркиядан учралган мағлубиятлар жамоага бўлган ишончни пасайтиради.

Нидерландия Еврода C гуруҳида Украина, Австрия ва Шимолий Македония билан бир гуруҳдан ўрин олган. Де Бур шогирдларига гуруҳ босқичидаги барча баҳсларни Амстердамда ўтказишлари устунлик беради, аммо плей-оффда топ жамоаларга қарши тўқнашувларда имкониятлар камаяди. Нидерландия ХХI асрда Евроларда эмас, жаҳон чемпионатларида яхши қатнашмоқда. Кўрамиз, балки, бу гал анъана бузилар.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар