10.06.2021 13:38
4640
Евро-2020нинг асосий фаворити. Франция турнирга қай даража тайёр?

Амалдаги финалчилар мусобақага яна энг асосий фаворитлардан бири сифатида келмоқда. Бундан бошқача бўлиши мумкинми? Ахир, гап жаҳон чемпионлари ҳақида бормоқда!

Дидье Дешам жамоасида анъаналар ёшларнинг жўшқинлигига қоришиб кетган. Миллий жамоанинг собиқ футболчиси ҳисобланган мураббий узоқ йиллардан бери шу ерда фаолият олиб бормоқда ва бу каби мусобақаларнинг анчасини кўриб қўйди. 2012 йилда фаранглар миллий жамоасини Лоран Бландан қабул қилиб олган Дешам босқичма-босқич жамоани халқаро мусобақаларнинг энг кучли жамоасига айлантирди. Албатта, бу йўлда унга имкон бериб келган Франция футбол ассоциацияси раҳбариятини ҳам эътироф этиш зарур.

2018 йилда жамоа мундиаллардаги 2-ғалабасини тантана қилди. Бундан аввал, 1998 йилда айнан Дешам сардорлигидаги жамоа жаҳон чемпионига айланганди. У ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида мундиални ютган афсона.

Европа чемпионати ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ерда ҳам 2та титулни ўз ҳисобларига ёздириб қўйишга улгуришган. 2016 йилда ўз майдонларида бўлиб ўтган қитъа биринчилигининг аламли тарзда бой берилиши уларга қўшимча мотивация бериши шубҳасиз.

Хўш, жамоанинг чизиқлардаги етакчилари кимлар?

Дарвоза: Уго Льорис

Ареола ва Меньян буткул захира вариантлари. Европа чемпионати ва жаҳон чемпионатида ҳам катта эҳтимол билан Льорис жамоа дарвозасини қўриқлайди. Тасодифий жароҳатгина уни бу йўлда тўхтатиб қолиши мумкин.

Угонинг асосий таркибдаги ўрни кафолатлангани клубдаги кўрсаткичлари билангина ўлчанмайди. У бундан аввалги мусобақаларда ишончли посбон эканлигини кўрсатиб қўйди.

Ўтган галги Европа чемпионати финалида Эдер томонидан киритилган голда айбни 34 ёшли дарвозабонга юкловчилар кўпчиликни ташкил қилади. Ҳа, Льорис тўпни қайтариши мумкин эди. Аммо майдон марказида ҳужумчининг зарба беришига йўл қўйиб берган ҳимоячилар ҳам бу ерда хатога йўл қўйган эдилар. Бу гал финалчилар гуруҳ босқичидаёқ ўзаро ўйин ўтказадилар. Льорис энди португаллардан гол ўтказмасликка бор имкониятини ишга солган ҳолда ҳаракат қилиб кўради.

Ҳимоя чизиғи: Рафаэль Варан

«Реал» марказий ҳимоячиси жамоаси билан биргаликда мавсумни совринсиз якунлади. Суперкубокдаги ғалаба ўтган мавсумга алоқадор ҳисобланади. Франция миллий жамоаси билан эса Варан титул ютиши мумкин. Унинг Дешам қурган жамоадаги ўрни клубидагидан ҳам юқорироқ. Рафаэлнинг ўзи ҳам миллий жамоада бошқача кайфиятда ўйнашини яширмайди. Бу кўпчилик футболчилар билан юз берадиган ҳолат.

Амалдаги жаҳон чемпионлари мудофаасида, шунингдек, Клеман Лангле, Преснель Кимпембе ва Самуэль Умтити каби футболчилар мавжуд. Улар Варанга ёрдамчи сифатида катта фойда келтира олишлари мумкин. Павар ва Люка Эрнандес иштирокидаги қанот ҳимояси ҳам дунёдаги энг кучли жуфтликлардан бири ҳисобланади.

 

Яримҳимоя: Нголо Канте

«Олтин тўп»га асосий даъвогар бўлиб турган футболчи Франция таркибида экан, уларнинг нима сабабдан энг асосий фаворит сифатида турнирга ташриф буюраётганлари тушунарли.

«Челси» яримҳимоячиси мавсумнинг, айниқса, сўнгги қисмини феноменал ўтказди. Ҳам яримфинал ва финал ўйинининг энг яхшиси деб топилганидан ҳам унинг қанчалик фойдали ҳаракат қилаётгани маълум бўлади.

Мавсум давомида жами 59 маротаба рақиб хавфли ҳужумини қайтариб қолган Канте бирорта оқибати голга олиб борган хатога йўл қўймади. Кичик жуссасига қарамай, ўзи киришган яккакурашларнинг ярмидан кўпини ютиб чиқди.

Ҳа, етакчилик нуқтайи назаридан Погба ундан бироз устун бўлиши мумкин. Бироқ, ўйиндаги самарадорлик жиҳатидан бу мавсум Кантега тенг келадигани топилмайди.

 

Ҳужум: Килиан Мбаппе

Албатта, Франция ҳужумидаги энг катта хавф бу - Килиан Мбаппе. ЕЧЛ яримфиналидан чиқиб кетгунига қадар, у «Олтин тўп» учун асосий даъвогар сифатида қаралаётган эди. Бироқ, якунда Франция биринчи дивизионини ҳам бой бергани сабабли унинг имкониятлари бироз тушиб кетди. Қанчалик кучли бўлмасин, Мбаппе ҳали ёш ва жамоасининг барча чизиқдаги муаммоларини ёпиб кета олмайди.

Ушбу мавсум Мбаппе барча турнирларда 47та ўйинда майдонга тушиб, 42та гол киритишга муваффақ бўлди.

Гризманнда етакчилик хусусияти юқори ва уни ушбу позициянинг етакчиси сифатида кўрсатишимиз ҳам мумкин эди. Аммо Дешамнинг тактикасида Мбаппе каттароқ ўринга эга. Унинг иқтидори Франция мухлислари ишонаётган энг катта куч бўлиб турибди.

 

Мураббий ва унинг тактикаси

Дидье Дешам супер ўйинчиларга тўла Францияда амалга оширган энг катта иши юлдузларни қўл остида бирлаштиришни уддалади. Жамоанинг ички муҳитини биринчи ўринга қўйди. Карим Бензема билан боғлиқ ҳолат аслида нотўғри бўлса ҳам, фикримизга исбот бўла олади. Юлдузлар армиясини ўз жамоасига тўплаб олиш яхши. Лекин уларни оқилона ва қатъият билан бошқариш ҳаммага ҳам насиб этмайди. У жамоасида меҳнат қилишни, жамоа учун қайғуришни истамайдиганларни ҳам ушлаб турмайди. Жамоадаги энг ожиз нуқта ҳимоя ҳисобланади. Аммо бу яримҳимоя ва ҳужумга солиштирганда шундай, холос. Аслини олиб қарасак, фаранглар мудофааси ҳар қандай топ-жамоа ҳавас қилса арзийдиган ҳолатда.

4-3-1-2 Дешамнинг энг севимли тактикаси ҳисобланади. 1998 йилда сардор сифатида жамоасини жаҳон чемпионлигига етаклаб борганда ҳам, 2018 йилги мундиал финалида ҳам Франция шундай тактик схемада ўйнаган. Гризманндан ҳужумчилар ортида фойдаланган ҳолда, марказий форвардларни олдинга бошлаш унинг доимий одати. Қанотлардаги камчилик лотераль ҳимоячилар: Павар ва Эрнандес билан тўлдирилади. Улар ўз қанотлари бўйлаб эркин ҳаракат қилишлари мумкин бўлади. Марказда, асосан, рақиб ҳужумини тўхтатишга ихтисослашган футболчилардан фойдаланади. Уюшқоқлик билан ҳимояланиш ва ўта тезкор қарши ҳужум билан рақибларини доғда қолдиришга интилади.

Европа чемпионатида Дешам Мбаппе-Жиру тандемидан фойдаланадиган кўринади. Боиси, Бензема куни кеча Болгария билан ўртоқлик ўйинида жароҳат олиб, майдонни эрта тарк этди. Жиру Анридан сўнг, Франция миллий жамоасида энг кўп гол урган ҳужумчи ҳисобланади. Шунингдек, Дешам шахсан Оливьенинг ўйинларини ёқтиришини ҳам айтиб ўтган.

 

Рақамлар

Саралаш босқичида Франция биринчи ўринни олган бўлса-да, аслида, бу у қадар хурсанд бўладиган натижа бўлмади. Сабаби, улар иккала даврада ҳам Туркияни енга олмадилар. Гуруҳ босқичида улардан жиддий бошқа ҳеч бир рақиб йўқ эди. Исландия миллий жамоаси 4 йил аввалги қитъа биринчилигидаги каби кучли эмасди. Демакки, барча масала 90 дақиқа ичида ҳал бўладиган Европа чемпионатидек турнирда Франциянинг ҳам эрта муваффақиятсизликка учраши катта сенсация бўлмайди. Саралаш турнири якуний гуруҳ босқичи давомида французлар 25 маротаба гол киритиб, ўз дарвозаларидан 6та тўп олиб чиқишди.

Юқоридаги фикрларимизни ўтган йилнинг якунида Финландияга ўртоқлик учрашувида имкониятни бой берганлари ҳам исботлай олади.

Жаҳон чемпионати саралаши доирасида жорий йил Украина ҳам Дешам шогирдларидан очко олди. Қисқаси, Франция ютиб бўлмас жамоа эмас. Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар