09.06.2021 22:22
7728
УЕФА «Реал», «Барселона» ва «Ювентус»га нисбатан қўзғатилган ишни тўхтатди

Европа Суперлигаси лойиҳаси учун интизомий жазога тортилиши айтилган «Реал», «Барселона» ва «Ювентус»га нисбатан очилган иш УЕФА томонидан тўхтатиб қўйилди. 

«Суперлига дея ном олган лойиҳа учун «Барселона», «Ювентус» ва «Реал» клубларига нисбатан УЕФА қоидаларини бузганликда айбланиб, интизомий жазога тортиш учун очилган иш, УЕФА апелляцион органи томонидан ҳолат бўйича аниқлик киритилмагунга қадар тўхтатиб қўйилди», - дейилади УЕФА баёнотида.

Аввалроқ, Швейцария адлия вазирлиги УЕФА ва ФИФАга хат йўллаб, Суперлига иштирокчилари сафини тарк этишни истамаётган клубларга нисбатан ҳеч қандай чора кўришга ҳақли эмасликлари ҳақида расман огоҳлантирган эди.

Эслатиб ўтамиз, 19 апрель куни Европанинг 12та етакчи клуби Европа Суперлигаси таъсисчиси сифатида янги турнир яратилгани ҳақида эълон қилган, аммо ФИФА, УЕФА ва бир қатор сиёсатчилар, мухлисларнинг норозилик ҳамда босимларидан кейин 9та клуб турнирни тарк этиши ҳақида эълон қилган эди.

Шундан сўнг, 7 май куни УЕФА Суперлигани тарк этишини билдирган 9та клубга «енгил жазо» сифатида қитъа футболи ривожи учун 15 миллион евродан ажратишга қарор қилган ҳамда еврокубоклардаги даромадидан 5 фоизи қайтариб қолинишини маълум қилганди. 

Суперлигани тарк этишни истамаган «Реал», «Барселона» ва «Ювентус» клублари эса еврокубоклардан четлатиши мумкинлиги ҳақида УЕФА томонидан огоҳлантирилган эди. Суперлига президенти Флорентино Перес эса бу борада Спорт арбитраж судига (CAS) мурожаат қилишга тайёрлигини билдирганди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар