09.06.2021 21:18
7517
Теглар
Евро-2020, C гуруҳи: ўйинлар тақвими, фактлар ва таркиблар

Европа чемпионати бошланиши арафасида. Навбатда C гуруҳи таништируви.

НИДЕРЛАНДИЯ

ФИФА рейтингидаги ўрни – 16
Евро-2020га йўл – 6 ғалаба, 1 дуранг, 1 мағлубият, тўплар нисбати – 24:7
Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар – Жоржиньо Вейналдум (8 гол)
Евро тарихидаги энг яхши натижаси – чемпион (1988), 3-ўрин (1976, 1992, 2000, 2004)

Нидерландия бош мураббийи

Франк де Бур – футболчи сифатида ёрқин шахс, аммо мураббийлик борасида бундай дея олмаймиз. Франк мураббий сифатида фақат «Аякс» билан эришган мамлакат чемпионликлари билан мақтана олади. У «кучли бешлик»да «Интер» ва «Кристал Пелас»да ишлаб, муваффақиятсизликка учради. Евро-2020 51 ёшли мутахассиснинг мураббийлик даражасини кўрсатиб беради. Шу билан бирга, де Бур қўл остида Нидерландия тарихидаги энг заиф таркиблардан бири йиғилган, дейиш мумкин. Жароҳатланиб ўйнай олмаётган ван Дейк ва ван де Бек, коронавирусга чалинган Силлессенсиз таркиб янада кучсизланди. Ижобий жиҳат – жамоа гуруҳдаги ўйинларни ўз майдонида ўтказади.

Де Бур сўнгги ўртоқлик ўйинларида ўзининг 4-3-3 схемасидан воз кечиб, 3-5-2дан фойдаланди. Демак, катта эҳтимол билан саралаш баҳсларидаги услубни кўрмаймиз.       

Асосий юлдузлар
Нидерландияда натижа асосан исми «Де» билан бошланувчи юлдузларга ва жамоа сардори Вейналдумга боғлиқ. Контенинг чемпион «Интер»ида муҳим механизмлардан бирига айланган де Врей, «Юве»да Кьеллини ва Бонуччини захирага ўтқазиб қўйган де Лигт жароҳат туфайли турнирни ўтказиб юбораётган ван Дейкнинг ўрнини билдирмасликка ҳаракат қилишади. Икки футболчи ҳам яхши формада. 

Куман қўл остида янада ўсишга эришган ва майдоннинг исталган қисмида фаоллик кўрсатадиган де Йонг рақиб ҳужумларини бузиш билан бирга «дирижёрлик»ни ҳам бажара олади. Френки – жамоа мияси. У жамоа учун Вейналдум ва вингер Депайдан ҳам муҳимроқ. Ёш футболчининг ўйини қовушса, Нидерландия исталган рақибдан кучли бўла олади.

Евро-2020 – сардор Вейналдум учун «Ливерпуль»даги муваффақиятсиз мавсумни унутиш учун имконият. «ПСЖ» билан шартнома имзолашга яқин турган яримҳимоячи майдондаги мураббийга айлана олиши керак. Нидерландияда бирданига «олтин авлод» чиқиб қолишини кўрганмиз. Миллий жамоадаги ўрин кафолатланманган. Шу сабабли 30 ёшли Жоржиньо ҳозирги мавқейидан ва йирик турнирдан унумли фойдаланиши, миллий жамоа тарихида ўз номини қолдиришга уриниши керак.

 «Барселона» ва «Ювентус» эътиборида турган Мемфис Депай ажойиб дриблинглари, чиройли голлари орқали чемпионатни безаши кутилмоқда. Унинг кайфияти жамоа ўйинини белгилаб беради.

Таркиб
Нидерландия таркибини бир текис деб бўлмайди. Ҳимоя ва яримҳимоя қанотларида таниш номлар кам.

Силлессен Еврони ўтказиб юбориши маълум бўлгач, Крул асосий дарвозабонга айланди. Бўйдор посбон мавсум якунларига кўра «Норвич» билан АПЛга қайтди. Унинг пенальтилар қайтаришдаги маҳоратини ЖЧ-2014 ва Премер-лигадаги ўйинлар орқали яхши биласиз. Ҳимояда де Врей ва де Лигт мустаҳкам қўрғон ташкил этишади, аммо қанот ҳимоячиларини у қадар ишончли деб бўлмайди. Таянч яримҳимоясида ўтган мавсумни ажойиб ўтказган Френки де Йонг ва де Рон ўрин олади. Вейналдум эса «Ливерпуль»дагидан фарқли ўлароқ миллий жамоада ҳужум ортида ҳаракат қилади. Гоҳ қанотда, гоҳ марказий ҳужумда пайдо бўладиган Депай «Барса»га ўтишини тезлаштириш учун Еврони «портлатиши» керак. Шунингдек, ҳужумда бош билан яхши ўйнай оладиган Люк де Йонг бор.

Тахминий бошланғич таркиб: Крул – де Лигт, Дюмфрис, де Врей, Вейндал – Френки де Йонг, Вейналдум – Депай, Классен, Бергҳайс – Люк де Йонг.

Нидерландия: Евро-2020 учун прогноз

Нидерландия турнир ғолиблигига даъвогарлар қаторида эмас. Мураббий ва таркиб топ даражада эмас. Қизил лолалар юрти жамоаси гуруҳдан пешқадам бўлиб чиқишса, чоракфиналгача боришлари мумкин. 2-ўрин билан нимчоракфиналга йўл олиш жамоага 1/8 финалдаёқ гранд рақиб рўбару бўлади. Ҳозирги Нидерландия учун чорак ёки яримфинал ҳам яхши натижа сифатида қабул қилинади. Ундан ортиғига эришиш учун эса бир бош баланд сакраш керак. 

УКРАИНА

ФИФА рейтингидаги ўрни – 24
Евро-2020га йўл – 6 ғалаба, 2 дуранг, тўплар нисбати – 17:4
Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар – Роман Яремчук (4)
Евро тарихидаги энг яхши натижаси – гуруҳ босқичи (2012, 2016)

Украина бош мураббийи

Андрей Шевченко – потенциали юқори баҳоланаётган мураббийлардан бири. Бу турнир афсонавий футболчининг мураббийлик фаолиятида бурилиш ясаши мумкин. «Шева» тартибли футболни маъқул кўради ва рақибга қараб керакли тактика қўллай олади. Буни у Испания, Франция каби топ жамоаларга баҳсда кўрсатди. Энг муҳими, футболчилар мураббийга ишонишади. Мусобақа Андрейга топ-5 лигадаги клубларга йўл очиши мумкин. Унга футболчилик фаолиятидаги юлдузли онларини ўтказган «Милан»дан чорловлар бўлаётгани кўп бор айтилди.

Шевченко даврида Украинанинг натижалари анча барқарорлашди. Жамоа саралашда Португалияни ортда қолдирган ҳолда гуруҳда 1-ўринни эгаллади ва бирор ўйинда мағлубиятга учрамади.  

Асосий юлдузлар
Украинанинг ютуқлари сири – жамоавий ўйинда. Шунга қарамай, таркибда Зинченко, Малиновский, Ярмоленко каби жаҳон футболида ўз ўрнига эга бўлган футболчилар бор. Эътиборлиси, уларда бир ўхшашлик бор – барчаси чапақай.

Зинченко «Манчестер Сити»да мавсумнинг иккинчи қисмини юқори даражада ўтказди. Мавсум якунидаги муҳим ўйинларда Канселу ва Мендини захирага ўтқазиб қўйди. Саша Украинанинг бошқа ўйинчиларидан фарқли тарзда миллий жамоага аламзада бўлиб келди. У ЕЧЛ финалида «Челси»дан (0:1) учралган мағлубиятдан сўнг энг кўп йиғлаган футболчилардан бири бўлди. Универсал футболчи Еврода спортчиларга хос ғазабни кўрсатса, ажабмас.

«Аталанта»да сўнгги уч ойнинг энг яхши футболчиси деб топилган Малиновский кучли зарбалари билан Украинага муҳим очколарни келтириши кутилмоқда. Руслан ҳозир ўзининг «пик» формасида. Ҳатто унга «Интер» ва «Милан» каби грандлар қизиқмоқда. Еврода уни кузатувчи клублар етарли.

«Вест Ҳэм» яхши мавсум ўтказган бўлса-да, Ярмоленко борасида бу фикрни айтиб бўлмайди. Истеъдодли футболчи АПЛда асосан захирадан майдонга тушди. Унинг Лондон клубидаги келажаги сўроқ остида. Техникаси юқори яримҳимоячи «Вест Ҳэм»га керак эканлигини исботлашга уриниб кўради. 

Украинанинг асосий юлдузлари қаторида ҳужум чизиғидаги Яремчукни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. 25 ёшли форвард Украинанинг саралашдаги энг яхши тўпурари бўлишдан ташқари, ўтган мавсумда «Гент» сафида 34та баҳсда 20та гол урди.  

Таркиб
Украина таркибида Соболни инобатга олмаганда, дарвоза ва ҳимоя чизиғини миллий чемпионат вакиллари ташкил этишади. Дарвозада тажрибали Пятовдан ташқари, Бушань ва Трубин бор. Ҳимояда одатда «Динамо» К ва «Шахтёр»нинг икки нафардан футболчисига ишонч билдирилади. Таянч яримҳимоясида Макаренко ёки Шапаренко майдонга тушса, Зинченко ва Малиновский ҳужум ортида ўйнаб, жамоа голларига ассистентлик қилишади. Қанотларда Ярмоленко, Марлос ва Зубковни кўриш мумкин. Марказий ҳужумни Яремчук ўзиники қилиб олган.

Тахминий бошланғич таркиб: Бушань – Караваев, Кривцов, Матвиенко, Миколенко – Макаренко, Зинченко, Малиновский – Зубков, Ярмоленко, Яремчук.

Украина: Евро-2020 учун прогноз

Украина Европа чемпионатида гуруҳдан чиқа олмаган. Бу гал эса афсонавий футболчиси билан натижасини яхшилашга яқин. Бунга жамоанинг салоҳияти етарли. Украина дастлабки ўйинда Амстердамда мезбон Нидерландияга қарши тўқнаш келади. Жамоа бу баҳсда дурангга эришса, ҳатто гуруҳ ғолиблигига ҳам даъвогарлик қила олади.    

АВСТРИЯ

ФИФА рейтингидаги ўрни – 23
Евро-2020га йўл – 6 ғалаба, 1 дуранг, 3 мағлубият, тўплар нисбати – 19:9
Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар – Марко Арнаутович (6 гол)
Евро тарихидаги энг яхши натижаси – гуруҳ босқичи (2008, 2016)

Австрия бош мураббийи

Футболчилик даврида, 1990-йилларда Германия терма жамоасида икки ўйин ўтказган Франко Фоданинг мураббийлик фаолияти муваффақиятлироқ чиқди. У узоқ вақт давомида «Штурм» клубини бошқарган ва бу клуб билан Австрия чемпиони, Австрия Кубоги соҳиби бўлган. 2018 йил бошидан бери Австрияни бошқармоқда. Қитъа чемпионатига йўлланма германиялик мутахассис учун мураббийлик фаолиятидаги энг яхши натижадир. Фода рақибга қараб тактика танлайди, замонавий немис футболида қўлланаётган услублардан фойдаланади. У Австрияни «бошқотирма» жамоага айлантирган. Мураббий таркибдаги футболчиларнинг универсаллигидан фойдаланиб, баҳс давомида ҳам тактик ўзгартишларни амалга оширади, бу эса рақибларга мураккабликни келтириб чиқаради. 

Австриянинг катта турнирларда мақтанадиган натижаси йўқ – Европа чемпионатларида гуруҳ босқичидан нарига ўта олмаган. Фодадан жамоага ғолиблик характерини сингдириш талаб этилади.

Асосий юлдузлар
Жамоанинг асосий юлдузлари сифатида «Лейпциг» сардори Марсель Забитцер, «Бавария»да 10 йил ўйнаб, яқинда «Реал»га кўчиб ўтган универсал футболчи Давид Алаба, «Ҳоффенҳайм» яримҳимоячиси Баумгартнер ва Чин юртида ўйнаётган тажрибали Марко Арнаутовични айтиш мумкин. Айниқса, жамоа ўйини қанот ҳимоячиси, марказий ҳимоячи, таянч яримҳимоячиси ва қанот ҳужумчиси позицияларида ўйнай оладиган Алабага кўп даражада боғлиқ. Таркибда Алаба бор бўлган ва таркибда Алаба йўқ бўлган Австрия икки хил жамоадир. Забитцер ҳам рақибга қараб турли позицияларда ўйнаб, жамоага фойда келтира олади.

Таркиб
Қайдномадан ўрин олган 26 футболчининг 22 нафари Бундеслигада ҳаракат қилади. Ҳимояга Ҳинтереггер, Драгович, Лайнер каби тажрибали футболчилар жавоб беришади. Яримҳимоя марказида Гриллич, Ильзанкер, Баумгартлингер, Шлагер каби тенг кучли футболчилар жамланган, шу сабаб Фода бу чизиқда тез-тез ўзгаришлар қилиб туради. Қанотлардан Лаймер, Лазаро ва Баумгартнер ҳужумлар уюштиришади. Алаба ҳимоя ва яримҳимояда, Забитцер эса яримҳимоя ва ҳужумда ўйнай олади. Марказий форвард позициясидаги «Златаннамо» Арнаутович кучли зарбалари билан рақиб посбонларини безовта қилади.   

Тахминий бошланғич таркиб: Баҳманн – Лайнер, Ҳинтереггер, Драгович, Ульмер – Шлагер, Гриллич – Баумгартнер, Забицер, Алаба – Арнаутович.  

Австрия: Евро-2020 учун прогноз
Европа чемпионатида икки бор қатнашган Австрия ҳозиргача гуруҳдан чиқа олмаган. Аммо бу сафар жуда яхши имконият мавжуд. Фода жамоаси учун сўнгги турдаги Шевченко шогирдларига қарши баҳс ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади, чунки айнан Украина Австриянинг 2-ўрин учун курашдаги асосий рақобатчисидир. Австрия Нидерландия ва Украинага ютқазган тақдирда ҳам, Шимолий Македонияни йирик ҳисобда мағлубият учратиб, энг яхши 3-ўрин эгалари қаторида нимчорак финалга йўл олиши мумкин.

ШИМОЛИЙ МАКЕДОНИЯ

ФИФА рейтингидаги ўрни – 62
Евро-2020га йўл – 4 ғалаба, 2 дуранг, 4 мағлубият, тўплар нисбати – 12:13. Плей-оффда Косово (2:1) ва Грузия (1:0) мағлуб этилган.
Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар – Элиф Элмас (4 гол)
Евро тарихидаги энг яхши натижаси – дебют

Шимолий Македония бош мураббийи

Игор Ангеловски ҳатто Македония миқёсида ҳам кўзга кўринарли футболчи бўлмага. Футболчилик фаолиятини якунлагач «Работнички»да спорт директори сифатида иш бошлаган, кейинроқ клуб бош мураббийи бўлиб, илк мавсумидаёқ жамоа билан чемпионат ғолиби ва кубок соҳибига айланган. 2015 йили Любинко Друловичдан бош мураббийликни қабул қилиб олган Игор Ангеловский Македонияни тарихда илк бор Европа чемпионатининг финал босқичига олиб чиқди. Жамоа саралашда 3-ўринни қўлга киритиб, плей-офф орқали Еврога йўл олди. Эртак эртакдек бўлди – плей-оффда ғалаба тўпини миллий жамоа сафида ҳам катта мусобақада ўйнашга муносиб «қария» Пандев киритди.

Ангеловски замонавий футболда натижа келтираётган схемани – 3-5-2да (ёки 5-3-2) афзал кўради. Жамоа шу тактика билан ЖЧ-2022 саралаши доирасида сафарда Германияни мағлуб этди ва яхшигина шовқин кўтаришга эришди. Евро-2020да Македониянинг йўқотадиган нарсаси йўқ. Жамоа асосий қаҳрамонликни кўрсатиб бўлди. Буёғи иштаҳага боғлиқ. 

Асосий юлдузлар

Таркибга назар ташлаганда, 4 футболчи эътиборни тортади: 2010 йилда «Интер» билан ЕЧЛда ғолиб бўлган, ҳозирда «Женоа»да фаолият юритаётган Горан Пандев (у 2013 йилда термадаги фаолиятини якунлаганди, аммо уч йил ўтиб Ангеловски уни қайтишга кўндиради), Македония келажаги деб айтилаётган «Наполи» ҳавбеки Элмас, «Лидс»да Марсело Бьелса қўл остида танилган чап қанот ҳимоячиси Алиоски ва «Леванте» яримҳимоячиси Барди.  

Мусобақа, айниқса, 1 ойдан кейин 38 ёшга тўладиган Пандев учун муҳим. Чунки Горан фаолиятидаги сўнгги энг йирик турнирини ўтказади.

Таркиб
Таркиб футболчиларнинг умумий нархи жиҳатидан 24 жамоа орасида 23-ўринда туради. Топ-5 лигада тўп тепадиган ўйинчилар сони эса атиги 5 нафар.

Дарвозани Сегунда вакили «Райо Вальекано» посбони Димитриевски қўриқлайди. Ҳимояда Ристовски ва Алиоски, яримҳимояда Адеми, Барди жамоанинг асосий футболчиларидандир. Элмас плеймейкер вазифасини бажариб, ҳужумчиларни бирга-бир вазиятларга чиқаради ва имкон бўлиши билан узоқдан ҳам зарбалар йўллай олади. Қанотлардан уюштириладиган ҳужумларда Барди муҳим рол ўйнайди. Якун эса Пандев ва Трайковскига боғлиқ.

Тахминий бошланғич таркиб: Димитриевски – Ристовски, Велкоски, Муслиу – Алиоски, Адеми, Барди, Николов, С.Ристовски – Элмас, Пандев.

Шимолий Македония: Евро-2020 учун прогноз
Шимолий Македония – нафақат гуруҳнинг, балки турнирнинг яққол аутсайдери. Жамоа учун гуруҳда қолиб кетиш фожиа эмас. Болқонликлар дебютда тарихий голни уришга, илк очкосини олишга уриниб кўради. Жамоа Германияни мағлубиятга учрата олгани ва ҳимоявий тактикада ўйнашини ҳисобга олсак, қайсидир баҳсда сенсация қайд этиши ҳам мумкин.

Евро-2020: C гуруҳи тақвими

13 июнь
21:00. Австрия – Шимолий Македония (Бухарест)
00:00. Нидерландия – Украина (Амстердам)

17 июнь
18:00. Украина – Шимолий Македония (Бухарест)
00:00. Нидерландия – Австрия (Амстердам)

21 июнь
21:00. Шимолий Македония – Нидерландия (Амстердам)
21:00. Украина – Австрия (Бухарест)

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар