02.06.2021 14:36
11760
Анчелотти «Реал»га қайтмоқда. Мадридда ундан икки рекордни янгилашни кутишади

61 ёшли италиялик иккинчи бор Мадридда ишлайди.

«Реал» учун Фергюсон бўлолмаган
Зинедин Зиданга ўринбосар қидириш кутилмаган натижа билан якунланди. Массимилиано Аллегри таклиф беришда ҳаяллаган «Реал» раҳбарларини кутиб ўтирмай, «Ювентус» билан келишувга эришгач, кўпчилик қаймоқранглилар жамоаси босслари клуб афсонаси— Раулга юзланишини кутишганди. Яқин ўтмишда жамоанинг асосий форварди бўлган собиқ футболчи мадридликларнинг икки жамоаси бошқарувида ўзини кўрсатди ва жамоа билан УЕФА Ёшлар лигасида ғолиб чиқди. Аммо бирдан Раулнинг фамилияси ахборот майдонидан йўқолиб қолди ва якунланган мавсумда «Лилль» сенсацион равишда Франция чемпионлигига олиб келган Кристоф Галтье номзоди ҳақида гапира бошлашди.

Якунда «Реал» президенти Флорентино Перес тажриба қилиб ўтирмасликка қарор қилди ва «Сантьяго Бернабеу»га йиллар синовидан ўтган Карло Анчелоттини қайтарди. «Қироллик клуби»га узоқ кутилган десимани — Чемпионлар лигасидаги ўнинчи ғолибликни тақдим этган инсон. Турнир тарихидаги энг совриндор жамоа бўлган «Реал» бунгача ўн икки йил мобайнида бу совринни қўлга кирита олмаётганди. Лиссабондаги ўша финал Серхио Рамоснинг қўшимча дақиқалардаги қутқарувчи голи ва овертаймда «Атлетико» нокаутга учратилиши (4:1) билан ёдда қолганди.

Анчелотти барчага бирдек ёқиб қолганди — футболчилар, мухлислар, матбуот. Перес эса кийим алмаштириш хонасида бундай фантастик муҳитни аввал ҳеч қачон кўрмаганини айтиб, италиялик бу мутахассис «Реал» учун ўз Алекс Фергюсони бўлишини орзу қилишини айтади. Аммо шотландияликка муваффақиятсизликлар вақтида имкон беришган, Перес эса кечирмайди. Анчелотти 2014/15 йилги мавсумда совринсиз қолганида, унга шартномасини охирига етказиб қўйишига имкон бермасдан, эшикни кўрсатиб қўйишади.

Бу Переснинг президентлиги даврида ишдан бўшатилган ўнинчи мураббий эди. Италиялик мураббийнинг истеъфосидан кейин мадридликлар раҳбари оҳангни ўзгартиради ва юқори марралар олиш ва ривожланиш учун янги импульс ҳақида гапира бошлайди. Перес мураббийга жароҳатлар эпидемияси халал бергани ҳақида ўйлаб ўтирмайди, якунланган мавсумда Зидан ҳам шу каби муаммолар билан тўқнашганди. Президент ўшанда футболчиларнинг, ижтимоий тармоқдаги саҳифасига Анчелотти билан қучоқлашиб тушган расмини қўйиб, яна қачондир бирга ишлашдан умид қилишини билдирган Криштиану Роналдунинг реакциясини ҳам эътиборсиз қолдиради.

Айнан ўшанда Переснинг қароридан ғазабланган португалиялик «Реал»дан кетиш ҳақида илк бор ўйлай бошлаганди. Вақти келиб бу барибир содир бўлганида — Зидан билан бирга кечган уч фантастик мавсумдан кейин, — Роналду Анчелотти билан маслаҳатлашиб «Ювентус»га йўл олади.

Рецепт ҳамиша ҳам иш бермайди
«У ноёб инсон. Унинг профессионал сифатлари ҳақида ортиқча гапиришга ҳожат йўқ. Карло — юқори даражадаги мутахассис. Бир томондан, у жамоа учун авторитет, бошқа томондан — у ўз камтарлиги билан ўзига жалб қилади», — бу Роналдунинг Анчелотти муваффиқияти сири ҳақидаги фикрларидан иқтибос.

У ҳамиша жамоадаги вазиятни нозик ҳис қилади ва футболчиларни ўзига яқинлаштиради. У яхши ишлаб турган механизмни бузмасликни афзал кўради ва футболчиларнинг кучли томонларидан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қилади. Фақат «Бавария»да истисно ҳолат рўй берган, бу ерда айрим фахрий футболчилар мураббийга очиқчасига исён кўтаришган. Айниқса Франк Рибери ва Арьен Роббен фаол бўлган, аммо уларни фақат Юпп Ҳайнкес тия олиши мумкин эди.

«Наполи»да ҳам ҳаммаси у ўйлаганидек кечмади, аммо Анчелотти Везувий этагидагиларни ўзи тинчлантира олади. Мураббийнинг севимли 4-4-2 схемасидан норози бўлган етакчиларни у тинчлантиради, ОАВда унинг асосий душмани сифатида талқин этилган Лоренцо Инсинье эса голни нишонлаш учун мураббийнинг олдига югуриб келиб, уни қучоқлайди. Кейин форвард матбуотга берган интервьюсида мураббийга комплиментлар қилиб, ҳеч кимга ўхшамайдиган алоҳида инсонни учратганини айтади.

Аммо Анчелотти зиддиятлар билан яшайдиган жамоа учун, айниқса можаро излаб юрадиган президент Аурелио Де Лаурентис учун анча юмшоқлик қилди. Мураббий клуб раҳбариятининг Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида «Зальцбург»дан учралган мағлубиятдан кейин жамоа футболчиларини базага юбориш тўғрисидаги қарорига қарши чиқади. Де Лаурентисанинг ёмон натижалар учун маошларни қисқартириш тўғрисидаги таҳдидларидан безор бўлган футболчилар ҳам бу талабни бажаришмайди ва уйларига кетиб қолишади. 

Ла лига ва Чемпионлар лигаси рекордлари учун қайтиш
«Наполи» ўшанда «Генк»ни йирик ҳисобда мағлуб этиб, барибир Чемпионлар лигаси плей-офф босқичига чиқади, аммо Анчелотти матбуот анжумани вақтида ишлашда давом этишини айтишидан икки соат вақт ўтиб клуб унинг истеъфоси ҳақида эълон қилади. Ўшанда айримлар у энди кучли мураббий эмаслиги ва унинг фаолияти якунига етиб қолгани ҳақида айтишганди. Аммо у атиги 11 кун ишсиз ўтирди. Аввалги жамоаларига қараганда камтарроқ бўлса-да, «Эвертон» унга АПЛда ишлаш бўйича таклиф берди.

Ҳозирча унинг тарихи яхши кетмоқда, аммо Анчелоттини Мадридда нима кутаётганини тасаввур қилиш қийин. У 2024 йилгача амал қиладиган шартномасининг охиригача ишлай оладими? Ўз вақтида Анчелотти штабида унга ёрдам берган Зидандан янгиланишга муҳтож жамоани қабул қилиб олмоқда. Энди жамоада Серхио Рамос, Рафаэл Варан ва Марсело бўлмайди. Перес ҳали таркибга Давид Алабадан бошқа футболчи олмади, бу трансферга эса Анчелоттининг алоқаси йўқ, Анчелотти ортидан «Эвертон»га кетган Хамес Родригесни қайтариш мумкин. Мадридда Зидан даврида умуман иш бермаган 4-4-2 схемасининг тақдири қандай кечишини тасаввур қилиш қийин.

Икки нарса ҳақида ишонч билан гапириш мумкин. Биринчидан, кийим алмаштириш хонасидаги муҳит сокин бўлади, жамоа бир оила бўлиб яшайди. Иккинчидан, Анчелоттида бажарилмаган бир вазифа қолган. У А серияда, АПЛда, Бундеслигада ва Лига 1да чемпион бўлган, футболдаги «Катта шлем»ни ютиш учун унда ҳали забт этилмаган ла лига қолган. Мадриддагилар ундан Чемпионлар лигасида ҳам ғолиб бўлишни кутишади, бу «қулоқли кубок»ни ушбу итальян уч марта кўтарган — Зидан ва Боб Пейсли билан бир хил натижа. Дунё рекордини ўрнатиш учун унга яна бир соврин керак, аммо бунга эришиш 2014 йилдагидан анча қийинроқ, «Реал» ўша вақтдаги каби юлдузли таркибга эга эмас.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар