29.05.2021 09:22
4073
Темур Кападзе – Лобановский халқаро хотира турниридаги ғолиблик, ўйинлар таҳлили, жамоанинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида 

Ўзбекистон олимпия жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе Валерий Лобановский халқаро хотира турниридаги ғалабадан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Аввало, турнирда қатнашишимизга ёрдам берган МОҚ ва ЎФАга раҳмат. Лобановский хотира турнири ҳар доим юқори даражада ўтади. Мусобақада дастлаб 4 жамоа қатнашиши керак эди, лекин Тунис ёшлар жамоаси пандемия туфайли кела олмади. Бизни яхши кутиб олишди. Учала жамоа ҳам «Президент» меҳмонхонасига жойлаштирилди. Жамоалар бир хил шароитда эди. 

Жамоамиз анчадан бери йиғилмаётганди. Ўтган йили кўплаб халқаро ўйинларимиз бекор қилинди. Бундай турнирлар тажриба беради. Мураббий сифатида Украина (2:0) ва Озарбойжонга (1:0) қарши ўйинларда ютуқ ва камчиликларимиз, даражамиз ҳақида билиб олдим. 

Зич тақвимда ўйнадик. Кетма-кет икки кун ўйин ўтказдик. Шуни билган ҳолда, икки таркиб билан келгандик. Футболчиларим яхши ҳаракат қилишди. Ҳисоблар йирик кўриниш олиши ҳам мумкин эди, кўп вазиятларда аниқлик етишмади. Рақибларга тактик ва жисмоний тарафдан, хавфли вазиятлар яратиш борасида деярли имконият бермадик. Гол ўтказмаганимиз хурсанд қилади. Демак, тўғри ҳимояланяпмиз. 

Асосийси, футболчиларни текшириб олдик. Катта тажриба орттирдик. Украина ва озарбойжонлик ёшлардан кам эмаслигимиз хурсанд қилди. Кичик турнирда бўлса ҳам, бу – илк ғалабамиз. Ғалаба йигитларга ишонч беради. Бу – бошланиши. Катта турнирлар, ўйинлар олдинда. Устувор вазифамиз – Олимпиадага чиқиш. Худо хоҳласа, мухлисларни хурсанд қилишда давом этамиз. 

Бу – мураббий сифатида илк совриним. Лобановский каби дунё футболига катта ҳисса қўшган шахснинг хотира турнирида ғолиб бўлганимиздан мамнунман.

Ҳеч кимдан кам жойимиз йўқ. Йигитларга доим тарихда дунёни титратган шахсларимиз бўлганлиги ҳақида айтиб келаман. Ҳеч бир жамоадан қўрқиш керак эмаслигини,  Ўзбекистон шаъни учун ҳар бир ўйинда юракдан ҳаракат қилиш кераклигини тушунтираман. Ишлашда давом этамиз. Насиб қилса, мухлислар юзини ерга қаратмаймиз», – дейди Кападзе Tribuna.uz мухбирига.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар