24.05.2021 21:35
5023
Рақамлар сўзлаганда: Суарес «Атлетико» учун Мессининг «Барса»га кераклигидан ҳам муҳимроқ

Луис Суарес – 2020/21 йилги мавсумнинг асосий қаҳрамонига айланди. Уругвайлик форвард «Атлетико»ни деярли бир ўзи ортидан эргаштира олди ва якунда чемпионлик сари етаклади. Топ-5 чемпионатлари орасида ҳеч бир футболчи ўз жамоаси ўйинига бундай даражада катта таъсир қила олгани йўқ. Исбот керакми? Марҳамат!

Ғалабали голлар

Суареснинг «Атлетико» чемпионлигига қўшган улушини намоён қиладиган энг катта кўрсаткич – ғалаба келтирувчи голлардир. Уругвайлик форвард 2020/2021 йилги мавсумда жуда кўп (21та) гол киритди деб бўлмайди, аммо голларнинг тенг ярми ғалаба келтирувчи зарбага айланган.

Ҳал қилувчи голлари сони бўйича Суарес Европанинг топ-5 чемпионат ҳужумчилари орасида 1-ўринни эгаллаган – 11та гол. Таққослаш учун, Левандовскида ғалаба келтирувчи голлар сони – 10та, Ан-Носирида 9, Бензема ва Роналдуда 8, Месси ва Мбаппеда 7тани ташкил этади.

Самарадорлик

Луис Ла Лига жорий мавсумида 104 марта рақиб дарвозаси томон зарба берган. Шундан 20 фоизи, яъни ўртача ҳар бешта зарбадан бири голга айланган. Мисол учун, Месси бу борада икки марта кўпроқ - 196 марта дарвоза томон зарба йўллаган. Тўғри, Лионель кўпроқ ҳам гол урган – 30та, аммо унда самарадорлик Луисники каби эмас – 15,3%. Суарес бу борада Ла Лигада энг яхши натижага эга.

Кучли бешлик чемпионатларида мавсум давомида дарвоза томон юздан ортиқ аниқ зарба йўллаган ҳужумчилар орасида фақатгина Килиан Мбаппе (25,7%) ва Роберт Левандовски (29,9%) Луисдан яхшироқ самарадорликка эга. Мисол учун, Роналдуда бу кўрсаткич бор йўғи 17,2% фоизни ташкил этади – унинг 168та зарбасидан фақатгина 29таси голга айланган.

Суареснинг жорий мавсумда ўзига хослигини тасдиқловчи яна бир қанча рақам ва фактлар:

- 34 ёшли уругвайлик форвард сўнгги уч йилда илк марта Ла Лигада 20тадан кўпроқ гол урди;

- «Атлетико» сафида Примерада сўнгги марта 20тадан кўпроқ гол киритган футболчи бу Антуан Гризманн эди – 2015/16 йилги мавсумда 22та голга муаллифлик қилган;

- Суарес «Атлетико» жами голларининг қарийб учдан бир қисми — 67тадан 21тасини (31,3%) ўз номига ёзиб қўйган. У фақатгина 2015/16 йилги мавсумда «Барса» сафида яхшироқ натижа қайд этган – жамоаси голларининг 35,7%га муаллифлик қилганди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар