24.05.2021 22:56
23722
Аввал уч ойлик, кейин 9 ўйинлик «қуруқ» серия, баҳорда эса чинакам порлаш. Элдор Шомуродовнинг Италиядаги фаолияти қандай ривожланди?

Ўзбекистонлик Элдор Шомуродов Италия А Сериясидаги илк мавсумида ёрқин ўйин кўрсатди. Айниқса мавсум охирида ҳужумчи самарадорлик бўйича Роналду, Лукаку ва Иммобиле каби топларни ҳам ортда қолдирди. Россиянинг етакчи спорт нашри  Sports.ru сайти ижодкори Александр Бастригин Шомуродовнинг Италиядаги фаолияти ва уни келажакда нима кутаётгани ҳақида мулоҳазаларини билдирди.

А Серия охирги турида Шомуродов «Кальяри» дарвозабони билан яккама-якка чиқиб, техникасидан фойдаланган ҳолда гол урди. Бу гол ўйинда ягона бўлди ва «Женоа»га ғалаба келтирди. Тўғри, бу ғалаба жамоанинг умумий натижаларига таъсир қилмади ва «Женоа» 42 очко билан 11-ўринда қолди. Элдор охирги 6 та ўйинда 5 та гол урди. Бутун мавсумда эса у 8 та гол уришни эплади.

Шомуродов жамоасининг мавсумдаги учинчи тўпурарига айланди: Скамакка 12 та, Дестро 11 та гол урди. Гол+пас бўйича ҳам учинчи бўлди. Унинг ҳисобида 8 та гол + 2 та ассист бор. Дестрода 11+1, Скамаккада эса 12+2.

Элдор 2020 йил 1 октябрда «Ростов»дан «Женоа»га ўтиб, А Серияда майдонга тушган иккинчи ўзбекистонликка айланди. Унгача Илёс Зейтуллаев «Режина» сафида икки марта А Серия учрашувида майдонга тушган.

Шомуродовнинг Италиядаги фаолияти омадсиз бошланди десак, хато бўлмайди. Бошланишига уч ой гол урмади. Тўғрироғи, учта ўйинда гол ура олмади, кейин яна учта ўйинни жароҳат сабаб ўтказиб юборди. Италиялик агент Марко Трабукки футболчининг Италиядаги фаолияти мантиқан тугаганини айтиб, шундай деганди:

«Шомуродовни яхши нарсалар кутмоқда деб айта олмайман. У 90 дақиқа давомида ошиб борса, уч марта яхши тўп узатишини қабул қилиши мумкин, кўп эмас. Бу эса у учун етарли бўлмайд. Бу «Женоа» учун катта хато ва «Ростов» учун зўр трансфер бўлди. Шомуродовга ўзининг заргарона узатмага эга Роман Ерёменкоси бор ҳумумкор жамоа керак. Ҳужумчининг «Ростов»даги охирги мавсуми омадсиз кечди. Шомуродовга ҳурматимни сақлаган ҳолда бу омадсиз трансфер бўлганини айтишим мумкин. Уни яқинда ярим нархига Россияга сотиб юборишса керак», деганди агент.

Шомурдов Италияда яхши бошлай олмаганда, «Ростов» мухлислари ҳам турли фан каналларда Шомуродов яхши вақтда сотилганини айтишганди. Бироқ воқеалар ривожи бу мухлисларни ҳам, юқоридаги агентни ҳам уялтириб қўйди. Шомуродов 30 ноябрдаги «Парма»га қарши ўйинда танқидларга жавоб беришни бошлади. У жуда қийин вазиятда туришига қарамай, яқин бурчакни аниқ нишонга олди. Бироқ бу гол жамоасига фойда келтирмади ва «Женоа» енгилди – 1:2.

Шундан кейин яна бир муддат гол урмаган ҳужумчи январда «Сассуоло» дарвозасига бош билан гол урди. Бироқ бу ўйинда ҳам генуяликлар ғалаба қозона олишмади. 20 февралда Шомуродов А Сериядаги учинчи голини «Верона» дарвозасига урди. У майдонга тушганидан 3 дақиқа ўтиб, пастки бурчакни аниқ нишонга олди ва ҳисобни тенглаштирди. Бу ўйинда Баделнинг 90+4-дақиқага уган голи «Женоа»ни мағлубиятдан қутқариб қолди. Яъни, Элдорнинг голи илк марта жамоасига очко келтирди.

Шундан кейин Элдор 9 та ўйинда гол урмади. 24 апрелга келиб у ўзининг узоқ вақт чўзилган жимлигини тўхтатиб, кетма-кет голлар уришни бошлаб юборди. Ўша куни «Специя» дарвозасига гол урди ва жамоаси 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Яъни, ўзбекистонлик ҳужумчи илк марта жамоаси ғалаба қозонган баҳсда гол урди. Кўп ўтмай «Лацио»га қарши ўйинни асосий таркибда бошлаган Элдор ишончни оқлаб, 81-дақиқада гол урди. Ўша баҳсда генуяликлар камбэк қилишига сал қолди – 3:4.

Шомуродов мавсумдаги энг ёрқин ўйинини «Аталанта»га қарши ўйинда ўтказди. У иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушиб, дубл қайд этди. Бу вақтда «Женоа» 0:3 ҳисобида имкониятни бой бераётганди. Бироқ яна камбэк амалга ошмади ва «Женоа» 3:4 ҳисобида енгилди. Мавсумнинг охирги ўйинида эса Элдор жамоасига ғалаба келтирган ягона голни «Кальяри» дарвозасига яна чап қанотдан очилиб урди. Кўриб турганингиздек Шомуродов баҳорда очилди ва энг яхши формасига чиқиб олди.

Прессингдаги Шомуродов

Ўзбекистонлик ҳужумчи нафақат ҳужумларда қатнашиб, голлар урмоқда, балки жамоавий прессингда ҳам фаол қатнашяпти. У А Сериянинг ҳар бир ўйинида ўртача 21 та прессингли ҳаракатни амалга оширган. Бу лигадаги 94 фоиз ҳужумчилардан яхшироқ натижа. Тўпни олиб қўйишда эса Элдор А Сериянинг 96 фоиз ҳужумчисидан яхшироқ ҳаракат қилмоқда (ҳар ўйинда 1,56 та уриниш).

«Женоа» спорт директори Франческо Марокку ўзбекистонлик ҳужумчининг ўйинидан мамнун эканини айтди: «Биз келажаги бор кучли ва ёш футболчини олиш орқали зўр трансферни амалга оширдик. Унинг иқлимга ва жамоага мослашишидан кўнглим тўлди. Элдор ҳали тўлиқ имкониятини кўрсатгани йўқ. Умид қиламан, кейинги мавсумда у чинакамига порлайди», дейди Марокку.

Футболчининг ўзи ҳам «Женоа»даги фаолиятидан мамнун: «Италия чемпионати кутганимдан ҳам қийинроқ бўлиб чиқди, лекин тўғри танлов қилганимни сезяпман. Фақат топ чемпионатларда ўйнабгина ўсиш мумкин. Генуяда ўзимни яхши ҳис қиляпман. Баллардини («Женоа» мураббийи) менга кўп нарсани ўргатди, ақниқса тактика борасида. Бундан ташқари РПЛда узоқ вақт ўйнаган Кришито («Женоа» сардори Доменико Кришито, у узоқ вақт «Зенит»да ўйнаган) билан ҳам кўп гаплашаман. Бу ерга мослашишда Даниэль Думбравану (ёшлар жамоасидаги молдовалик футболчи) энг кўп ёрдам берди. Бошида у менга кўп ерларда таржимонлик қилиб турди», дейди Шомуродов.

Кейинги мавсум Элдор Шомуродов учун Европадаги фаолиятида ҳал қилувчиси бўлади.

  •  
Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар