24.05.2021 15:23
6219
А Серия якунлари: «Ювентус» ЕЧЛда қолди, «Милан»да кумуш, «Аталанта»да бронза, Жозе эса Конференциялар лигасида

«Милан» ЕЧЛга қайтади, «Наполи» эса аламли тарзда кучли тўртликни тарк этди ва бош мураббийни ишдан бўшатди.

Италия чемпионати. А Серия. 38-тур
«Болонья» — «Ювентус» — 1:4 (0:3)
Голлар: Кьеза, 6 (0:1), Мората, 29 (0:2), Рабьо, 45 (0:3), Мората, 47 ( 0:4), – Орсолини, 85 (1:4).
«Аталанта» — «Милан» — 0:2 (0:1)
Голлар: Кессиэ, 43 – пенальтидан (0:1), Кессиэ, 90 – пенальтидан (0:2).
«Наполи» — «Верона» — 1:1 (0:0)
Голлар: Рраҳмани, 60 (1:0) , Фараони, 69 (1:1).

1. Мавсум сўнггида ҳалокат ёқасига келиб қолган «Ювентус» барибир кучли тўртликка кириб, кейинги мавсумда ҳам Чемпионлар лигасида иштирок этадиган бўлди. Гарчи 35-турда «Милан»дан қабул қилинган мағлубият (0:3) «Кекса синьора» бу мавсумни жуда ёмон якунлаши ва жамоа бош мураббийи Андреа Пирло мавсум якунига етмасдан истеъфога чиқарилиши ҳақидаги гап-сўзларга сабаб бўлганди. Аммо шундан кейин туринликлар қаторасига уч ўйинда ғалаба қозониб, 10:4 кўринишидаги тўплар нисбатини қайд этишди, йўл-йўлакай финалда «Аталанта» мағлуб этилиб, Италия Кубогини қўлга киритишди.

Сўнгги тур олдидан барчаси «Ювентус»нинг ўзигагина боғлиқ эмасди. Жамоа ЕЧЛга йўлланма олиши учун ўзи ғалаба қозонишидан ташқари «Милан» ёки «Наполи» очко йўқотиши талаб этиларди, аммо якунда барчаси туринликлар учун омадли кечди.

«Болонья»ни туринликлар Криштиану Роналдусиз ҳам яксон этишди. Португалиялик футболчи ўйинни захира ўриндиғидан кузатди ва захирадан ҳам ўйинга қўшилмади, ҳолбуки ҳисоб 4:0 кўринишига етганидан кейин Пирло учинчи дарвозабон Карло Пинсольога ҳам ўйнашга имкон берди.

«Пирло ва Криштиану биргаликда шундай қарорга келишган. У ўзини яхши ҳис қилмоқда, аммо биз сўнгги 15 кунда 5 ўйин ўтказдик, чоршанба кунги Италия Кубоги финали эса жуда чарчоқли бўлди», — дея ўйиндан кейин DAZN нашрига интервью берди «Ювентус» бош директори Фабио Паратичи.

Аммо буни тўлақонли жавоб дейиш қийин. Айниқса ўтган ҳафтада Роналду Туриндаги автопаркини олиб кетаётгани ҳақида тарқалган хабарлардан кейин.

Лекин бошқа томондан, «Ювентус» португалияликсиз ҳам натижа кўрсатмоқда. «Аталанта»га қарши Италия Кубоги финалида у деярли сезилмаган, ўйинни 21 ёшли Деян Кулушевски ва 23 ёшли Федерико Кьезанинг голлари ҳал қилганди. Улар «Болонья»га қарши ўйинда ҳам ўзларини кўрсатишди: италиялик ҳисобни очди, швед эса голли пас берди. Чемпионлар лигасида «Порту»га қарши ўйинларда ҳам жамоани айнан Кьеза ўз ортидан эргаштирганди.

2. «Ювентус»га ЕЧЛ йўлланмасини «Наполи» ўз уйида ўртамиёна жамоа, сўнгги саккиз ўйинда бирорта ғалабага эриша олмаган «Верона»ни (=3-5) енга олмагани тақдим этди. Ҳолбуки неаполитанликлар бунгача ўртамиёна ва аутсайдерларни хотиржамлик билан мағлуб этиб келаётганди — сўнгги уч турда «Специя» устидан 4:1, «Удинезе» устидан 5:1, «Фиорентина» устидан 2:0 ҳисобидаги ғалабаларга эришилганди.

Аммо «Верона»га қарши Женнаро Гаттузо шогирдлари очиқчасига жуда ёмон ўйин кўрсатишди. «Наполи»нинг рақиб дарвозаси томон илк зарбаси иккинчи бўлим ўрталарида берилди — ва бу зарба ҳимоячи Амир Рраҳманининг голи бўлди. Аммо жамоа бу устунликни ҳам сақлаб қола олмади. Натижанинг аҳамияти йўқ бўлган меҳмонларнинг тўпурар ҳимоячиси Фараони 9 дақиқа ўтиб ҳисобни тенглаштирди ва дуранг натижа ўйин охирига қадар сақланиб қолди, бу эса ҳақиқий фиаско. Бу муваффақиятсизликдан кейин клуб президенти Аурелио де Лаурентис твиттердаги саҳифаси орқали Гаттузони ишдан бўшатди.

3. «Милан» эса вазифани ўзи уддалади, гарчи ўтган турда «Кальяри»га қарши ўйинда кераксиз дуранг (0:0) туфайли қизил-қоралар бу сафар ҳам ЕЧЛдан тушиб қолиши хавфи юзага келган бўлса-да, «Аталанта» миланликларга қарши ҳеч нарса қила олмади. Бергамоликлар ҳафта ўртасида Италия Кубоги финалида «Ювентус»га қарши мағлубиятли ўйиндан кейин ўзига кела олмагани маълум бўлиб қолди ва меҳмонлар бундан унумли фойдаланишди. Тео Эрнандес жарима майдонига ёриб кириши пенальти ишлаш учун етарли бўлди, нуқтага «Аталанта»нинг собиқ футболчиси Кессиэ яқинлашиб ҳисобни очди.

Танаффусдан кейин «Аталанта» ўзига келиб футбол ўйнай бошлади, «Милан» эса қаҳрамонларча ҳимояланди. Ўйин якуни эҳтиросларга бой бўлди. Мартен Де Рон Диогу Далотнинг юзига урди ва қизил карточка олди, Марио Манжукичга ҳам рақибга зарба бергани учун сариқ берилди.

Ўйин охирида мезбонлар дарвозасига яна пенальти қўйилди ва яна Кессиэ уни аниқ ижро этди. Ҳакам ҳуштаги янграганидан сўнг «Милан» футболчилари худди соврин ютган каби хурсандчилик қилишди. Жамоа 2012/13 йилги мавсумдан буён илк бор медалли бўлди - ўшанда учинчи ўрин эгалланганди (ундан олдинги мавсумда эса кумуш медаллар билан тақдирланганди). Миланликлар Европа Чемпионлар лигасига йўлланма олиш орқали дарвозабон Доннаруммани ҳам таркибда сақлаб қоладиган бўлишди.

«Аталанта» қаторасига иккинчи мавсумни учинчи ўринда якунламоқда - бергамоликларнинг ўйини ҳам, натижалари ҳам барқарорлашмоқда.

«Ювентус» эса сўнгги ўн йил ичида илк бор кучли учликдан ташқарида: шу билан бирга, ўн йил аввалги еттинчи ўрин ва бу сафарги тўртинчи ўрин орасида қаторасига тўққиз чемпионлик бор.

«Лацио» сўнгги турда ҳеч нарсани ҳал қилмади: «Сассуоло»га ютқазиб ҳам ўрнидан силжимади ва олтинчи ўрин билан Европа Лигасига йўл оладиган бўлди.

«Рома» Конференциялар лигаси йўлланмасидан маҳрум бўлишига бир бахя қолди: римликлар биринчи бўлимда «Специя»дан икки гол ўтказиб юборишди, 85-дақиқага қадар ҳисобда ортда боришди, ўйин якунига беш дақиқа қолгандагина Генрих Мхитарян ҳисобни тенглаштирди – ва бу 2:2 ҳисоби жамоани еттинчи ўринда олиб қолди, очколар сони «Сассуоло»ники билан тенг бўлса-да, тўплар нисбати яхшилиги эвазига йўлланма сақлаб қолинди. Жозе Моуриньо жамоаси Европа бўйлаб янгича саёҳатга чиқади.

«Сассуоло»га «Лацио» устидан ғалаба қўл келиши мумкин эди: А Серия стартидаги сенсация эвазига ҳам жамоа еврокубоклардан ўрин олишга ҳақли эди – аммо «Рома»нинг иккинчи голи туфайли саккизинчи ўринда қолди.

Якуний ҳолат:

«Интер», «Милан», «Аталанта» ва «Ювентус» Чемпионлар Лигасида Италия шарафини ҳимоя қилади;

«Наполи» ва «Лацио» Европа Лигасида иштирок этади;

«Рома» Конференциялар лигасини безайди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар